Кечаги даврга назар

Аслида вилоятда тиббий хизмат ташкилланганига юз йилдан зиёдроқ вақт бўлди. 1914 йилда Наманганда илк шифохона очилган. Уни уезд госпитали деб аташган. Номидан ҳам аёнки, муассаса деярли ҳарбий хизматчилар, давлат ишларини олиб борадиган тор доирадаги табақага хизмат кўрсатган, холос. Албатта, кейинроқ 20-йилларнинг охирларидан бошлаб, 30-йиллар давомида вилоят маркази ва туманларда ҳам кичик-кичик тиббиёт шахобчалари очилган. Уларда асосан рус мутахассислари фаолият юритишганди.

Ҳозирги марказ ўрнидаги муассаса вилоят аҳолиси учун энг ишончли, энг нуфузли даволаш маскани ҳисобланган.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин олий маълумотли врачлар аста-секин кўпая борди. Григорий Саркисович Гри­гор­янц биринчи жарроҳ сифатида беморларнинг чинакам нажоткорига айланди. У Наманган тиббиётида жарроҳлик соҳаси ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Ҳатто Вен­грядан лойиҳа келтиртириб, 1962 йилда бўлим учун алоҳида бино қурилишининг ташаббускори ва ташкилотчисига айланди. Кейинроқ ўғли Рубен ҳам отаси ёнига қўшилди. Наманганда Гри­гор­янцнинг ўзига хос жарроҳлик мактаби яратилди. М.Алиев, Ҳ. Қориев, Ю. Усмонов, А. Алиназаров, М. Аҳадов, В. Пак, З. Қўчқоров, С. Содиқов, Т. Абдукаримов каби моҳир хирург­лар шу мактабда маҳорат сабоғини олишган. Болалар жарроҳлиги бўйича А. Алиназаров, Р. Ғофуров, уролог Л. Жўрабоевлар айниқса фаол иш олиб бордилар. Болалар урологияси ривожи учун астойдил жон куйдирган Ҳасанбой Жумабоев вилоятда биринчи бўлиб пластик операцияларни, мураккаб амалиётларни муваффақиятли бажариб, ҳамкасбларини ҳайратга солганида 80-йиллар эди.

Вилоят шифохонасининг урология бўлимида Т. Саидов, М. Ҳожиев, Е, Панова, А. Мамаджонов, лор бўлимида А. Криенко, онкология соҳасида Е Симонова, травматология соҳасида М. Акрамов, терапия соҳасида А. Зокиров, К. Мирсаидов, анестезиология-реанимация соҳасида Э. Маҳкамовлар таниқли мутахассисларга айланишди. Уларнинг ҳар бирлари ҳақида кўп ва хўб ёзиш мумкин.

Маълумки, жамоадаги ҳар қандай муваффақият раҳбарнинг билим савиясию, ташкилотчилик ва бошқарув бобидаги маҳоратига бевосита боғлиқ. Бугун биз вилоят шифохонасини истиқлол йилларигача бошқарган бош врачларидан Абдусалом Мўминов (1966-1970), Қаюмжон Умрзоқов (1971-1985) номларини алоҳида тилга оламиз. Сабаби уларнинг раҳнамолигида бир талай эзгу ишлар амалга оширилди. 1979 йили вилоят шифохонаси "Гўзал" массивига кўчирилди. У ерда қарийб йигирма йил иш олиб борилди.

Мустабид тузумнинг инқирози тиббий хизматнинг ҳаёт талабларидан тобора орқада қолаётганида, юқумли касалликлар олдини олишнинг сустлигида, оналар ва болалар ўлимининг даражаси юқорилигида яққол кўзга ташланарди. Мослашган, яроқсиз бинолардан воз кечилмаётгани, тиббий аппаратларнинг янгиланмаётганлиги, даволашда илғор усуллар дадил қўлланилмаётгани бунинг беинкор сабаблари эди десак хато эмас.

Халқимиз ҳаётида беқиёс ўзгаришларни бошлаган истиқлол ислоҳотлари тиббиётни ҳам қамраб олди. Инсон саломатлигини сақлаш энг долзарб, энг муҳим, энг аҳамиятли вазифа сифатида янги давлатимизнинг яқин ва узоқ йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурларидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябр­даги "Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида"ги ПФ-2107 сонли Фармонига асосан вилоят кўп тармоқли шифохонаси ташкилланди ва у яна ўзининг аввалги ўрнига қайтарилди. Ўша пайт­дан муассаса янада ривожланиш имкониятларига эга бўлди. Чунки, кейинроқ номига муносиб равишда тармоқлари кўпайтирилди. Ҳатто 2008 йилдан мустақил шифохоналар унинг ихтиёрига ўтказилиб, бўлим сифатида янги биноларга кўчириб келинди. Яхшиси, уларга алоҳида-алоҳида тўхталайлик.

 

Травматология

янги марказнинг тармоғи ҳисобланади. У ҳам 2008 йил августида теппа-тенг иш бошлаган. Бунгача алоҳида шифохона эди. "Жароҳат оқибатларидан сўнгги ортопедия, артерология" бўлими дея номланади. Кичик жамоага ёш ва изланувчан мутахассис Ёсинхон Фахриддинов етакчи. У бу ерга келгунича ҳам ўн икки йиллик тажрибага эга эди. Устозлари, тиббиёт фанлари номзоди Неъматулла Турғунов, Муҳаммаджон Акбаров ва Султонмаҳмуд Ҳамидовларнинг раҳнамолигида шикастланганларни даволашнинг нозик ҳамда муракккаб жиҳатларигача пухта ўзлаштириб олгани эндиликда ўзига жуда қўл келмоқда.

Олий тоифали травматолог Ёсинхоннинг яхши хислати тинмай-ўқиб ўрганади, билганларини амалиётда далил қўллашга астойдил интилади. Кўзланган натижаларига эришиш билан беморлар жонига оро киритади. Кичик кесма билан катта ишларни бажаришга моҳир. Чунончи, БИОС усулининг жорий этиши унинг ҳамкасблари билан биргаликда ташлаётган навбатдаги дадил қадамларидир. Буни таравматологлар блокловчи интрамедуляр остеосинтез дейишади.

- Сон, болдир ва елка суяклар синганида илгарилари штифтлар ёрдамида остиосинтезлаб, гипс­ланарди, холос. - Янги усулни бизга изоҳлади бўлим ординатори Абдуваҳоб Худойбердиев.-Беморлар тўла соғайгунча ойлаб ётишига тўғри келарди. Ҳозир эса юқори ва пастидан шуруплаб қўйяпмиз. Самараси қувончли. Бемор бир ҳафтада уйига кузатиляпти, 15-20 кундан сўнг ҳаракатланишига рухсат беряпмиз. Мақсадимиз шикастланганларга меҳнат лаёқатини тезроқ тиклашига имкон яратишдир.

- Баландликдан йиқилиб, сон суягим синганди,-дейди янгиқўрғонлик Акмалжон Мирзараҳматов,- янги усулда даволашгани учун кўндаланг ва ёпиқ синган суягимнинг битиши жадаллашди, оғриқ камайиб, деярли йўқолди, бемалол ҳаракатланяпман. Минг раҳмат, бўлим шифокорларига.

Бундай олқишлар врач Абдураҳим Йўлдошев, боғловчи фельдшер Акбарали Мамадалиев, бош ҳамшира Нилуфар Каримова ва операцияларда ҳамиша қўмакдош бўлувчи Ҳилола Қаюмжоноваларга ҳам бевосита тааллуқлидир. Беморга нажот бағишлаш билан улар миннатдорчилигига сазоворликнинг масъулияти ғоят юксак, албатта. Тинмай янгиликларни ўрганиш, пойтахтда амалга оширилаётган жарроҳлик амалиётларини шу ернинг ўзида уддалаб, шифоталабларнинг узоғини яқин қилиш аҳил жамоа учун ғоят муҳим.

- Қабул қилинган дастур бўйича бўлимимизга яқин орада Артроскоп берилади, - дейди мамнуният билан Ёсинхон Фахриддинов. - Бу аппарат ёрдамида кичик кесма билан катта амалиётлар амалга оширилади. Наинки суяк-бўғимларни, ҳатто юмшоқ тўқималаргача кўрсатади. Ўзгаришларни, патологияни аниқлаш учун имкониятлар кенгаяди. Яна суякларнинг минерал зичлигини аниқлаш учун "Денстомер" олиш ҳаракатидамиз. Келгусида эндопротезлаш амалиётларини уддалашни ниятлаб турибмиз. Яъни сунъий бўғимлар қўймоқчимиз. Бунга эришолсак, эҳтиёжмандлар ҳозиргидек пойтахт Тошкентга бориб юришмайди.

Кўринадики, истиқлол йиллари вилоят травматологияси учун чинакамига ривожланиш даврига айланаётир. Алоҳида шифохона марказнинг бир бўлими бўлгани билан унинг фаолияти торайгани йўқ, аксинча кенгайяпти. Илгарилари шикастланганлар шифохонага ётқизилганда турли мутахассислар кўриги ва маслаҳатига зарурат туғилганда, уларни бошқа жойдан чақириш ва кутишга тўғри келарди. Ҳозир эса номига муносиб кўп тармоқли марказда барча ихтисосликларни эгаллаган билим даражаси ҳам, малакаси ҳам юқори врачлар жамулжамдир. Бемор маҳтал қилинмайди, муолажа кечиктирилмайди, даволовчи врачлар ҳамиша улар атрофида ҳозиру нозир бўлишади.

 

Офтальмология

бўлими кўз касалликлари шифохонаси ўрнида қайта ташкилланди. Бунгача кўп йиллар Муҳиддин Оғалиқов раҳбарлигида вилоят аҳолисига хизмат кўрсатиб келаётган эди. Янги тизимнинг эскисидан афзаллигини ўтган давр ичидаги юксалишлар яққол тасдиқлайди.

Бўлимни биринчи тоифали офтальмолог Абдурашид Сулаймонов бошқаради. Унинг жамоасидаги врачлардан тортиб, ҳамшираларгача ўз ишининг усталаридир, десак муболаға эмас. Бўлим мудирининг ўзи республикага таниқли олим-шифокор Ҳабибулла Абдухолиқов билан моҳир офтальмолог Зокиржон Абдураимовлар таълимини олган, улар билан ёнма-ён фаолият юритиб, малака-маҳоратини керагича мукаммаллаштирган. Бу эса беморларини муттасил муваффақиятли даволашида яққол кўриняпти.

Мустақиллик шарофати билан кўз касалликларини оғриқсиз ва сифатли даволаш, мураккаб операцияларгача бажариш борасида яратилган имкониятлардан бўлимда фаол ва самарали фойдаланилмоқда. Энг замонавий аппаратлар шифокорларнинг мушкулини осон, беморларнинг дардини енгил қилаётгани тўрт йўналишда намоён. Аввало, катарактага чалинганларга сунъий гавҳар қўйилмоқда. Кўзларининг ички босими ҳаддан ошиб, глаукома ҳолатига етганларни янгича усулда операция қилиш ўзлаштирилди. Дакриоцистит, яъни ёш йўлларининг яллиғланиши илгарилари кесиб, тикиб даволанган бўлса, айни дамда чоксиз битишига эришиляпти.

Птеригиум-кўзни парда босиши, эт олиши юз берганида ҳам ипсиз операция қўлланиляпти. Чунки, врачлар офтальмология учун ишлаб чиқарилган энг нозик ҳолатларгача энг сезгирлик билан кўрсата оладиган, мураккаб ўлчовларни уддалайдиган аппаратларга эгадирлар. Авторефрак-томерда ёруғлик синдирувчанлигини аниқлашади. АҒВ сканерда кўзнинг ичида ёт жисмлар борлигини кўришади. Яқин вақт ичида факоэмульсификаторда кўз гавҳарини тозалашади, эндолазерда кўз томирларига ишлов беришади.

- Бўлимимиздаги Адолат Қодирова, Одилжон Акбаров, Нажмиддин Ёқуббоев, Фурқатжон Раҳматов сингари врачлар, Гулнора Набиева, Назокат Саримсоқова, Турсуной Умарова каби ҳамшираларнинг хизматидан беморлар ҳамиша хурсанддирлар,- таъкидлайди мудир Абдурашид Сулаймонов.- Сабаби, улар ўз вазифаларига ҳамиша виждонан ёндошишади.

 

Урология

мактабига Наманганда Маҳмуджон Ҳожиев асос солган. У узоқ йиллар вилоят шифохонасида ишлади, соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош урологи вазифасини ҳам ўтади. Соҳа ривожига Л. Жўрабоев, Т. Юсупов, Н. Қодиров, У. Парпиев, Я. Фахриддинов, Р. Мавлонов, Ҳ. Жумабоев, П. Набижоновлар катта ҳисса қўшишди. 2000 йилда вилоятда алоҳида урология маркази ташкилланди ва А. Мамажонов раҳбарлигида иш олиб борилди. Бу ерда С. Абдуллаев, К Туроббоев, А. Муҳиддинов, Ё. Нурматов, А. Комилов, Н. Ботиров, М. Обидов, Б. Мажиҳанов, Ж. Усмонова, Д. Умарова каби урологларнинг янги авлоди меҳнат қилди.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази очилгач, урология маркази унинг таркибида бўлим сифатида фаолиятини давом эттирди. 2008 йилларда Ю. Дўсанов, айни маҳалда С. Мамадалиев бошчилигидаги врачу ҳамширалар урологик хасталикларга чалинганларни дардлардан фориғ этишмоқда.

Янги даврнинг янгича талаблари туфайли эндоурология бўлимининг моддий-техника базаси тобора бойитиляпти. Натижада замонавий кам инвазив амалиётлар-перкутан нефростомия, перкутан цистостомия, кичик жароҳат орқали буйрак ва қовуқдаги тошларни олиш йўлга қўйилди. Беморларнинг қисқа фурсатда соғайиши таъминланмоқда.

 

Нефрология ва гемодиализ

соҳаси хизмати туфайли сурункали буйрак етишмовчилиги борларнинг умрлари узайтирилмоқда. Бўлимни олий тоифали врач Олимжон Камолов бошқаряпти. Дори-дармон қабул қилиш, режали гемодиализ сеанслари олиш ва қариндошлардан соғлом буйракни кўчириб ўтказиш бундайлар учун уч хил чора ҳисобланади. Кейинги иккиси анча муаммоли. Лекин мамлакатимизда инсон саломатлигига бўлган юксак ғамхўрлик оғир беморларнинг ҳам ҳаётга умидларини сўндирмаслик имконини туғдирмоқда.

- Вилоятимизда сурункали буйрак етишмовчилиги билан юздан зиёд бемор режали гемодиализ сеанслар воситасида яшашяпти,-дейди бўлим бошлиғи. Шулардан 24 нафари бизларнинг мижозимиздир. Ҳар бирлари ҳафтасига 2-3 бор келиб, 4 соатдан сунъий буйрак воситасида қонларини токсинлардан тозалатиб кетишяпти. Илгарилари бу ҳақда хаёл қилиш ҳам мумкин эмасди. Ким эдигу ким бўлдик. Ҳаммаси ҳурриятга эришганимиздан, инсонпарвар жамиятга аъзо эканимиздандир.

Дархақиқат, шу йилнинг бошида марказга 110 минг АҚШ доллари турадиган 3 та сунъий буйрак аппарати ҳамда сув тозалаш иншооти ўрнатилди. Германияда тайёрланган бу ноёб қурилма кеча-кундуз беморларга "ҳаёт бағишлаяпти". Яъни қони тозаланиб, ранги-рўйи ўз аслига қайтиб, ҳаётга муҳаббати тикланаётганлар, шундай шароитлар муҳайё қилинган ватан фарзандилигига шукроналар айтишмоқда.

Ҳозирда юқоридагидек яна 3 та қурилма монтаж қилишга тайёр. Режали сеанс олувчилар ортиқча навбат кутишларига келгусида хожат қолдирилмайди.

Истиқлолли юрт-истиқболли юрт. Унинг фуқаролари соғлигини кафолатловчи турли тиббий хизматлар мужассамланган мазкур марказда чиндан ҳам энг замонавий, энг мукаммал, энг самарали даволаш усуллари амалда.

-Марказимиз 12 та стационар, 8 та ёрдамчи бўлимлардан ташкил топган- дейди бош врач Юнусхон Абдупаттоев.- Улар Ғовсиддин Мамадалиев, Комилжон Ёқубжонов, Гулнора Қирғизбоева, Насимжон Бобоев, Соҳибжон Ғофуров, Воҳиджон Қамбаров, Зокиржон Арслонов, Абобакр Мамадалиев, Абдужалил Нурматов, Юсуфжон Раззоқов, Нурилло Ботировлар мудирлигида фаолият олиб боряпти. Марказимиз жами 366 ўринли, 101 нафар врач, 261 нафар ўрта тиббиёт ходимига эгамиз. Бутун эътиборни тиббий хизматни янги сифат ва жаҳон андозалари даражасига кўтаришга қаратяпмиз. Кейинги 2-3 йилда зарур тиббий аппаратлар тўплами бир неча бор олингани туфайли, мутахассисларимиз иши анча енгиллашди, самарадорлиги ҳам кескин ортди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш-диагностика стандартларини тўлиқ бажаришга, беморларга зудлик билан аниқ ташхис қўйиб, юқори малакали муолажалар ўтказишга муяссар бўлинмоқда.

Дарҳақиқат, тиббиётда техника тараққиёти бир омил бўлса, кадрларнинг билим ва малака салоҳияти иккинчи муҳим омилдир. Соҳалар бўйича сайёр ўқув циклларини уюштириш, врачлар конференцияларини ташкиллаш, уларни республика ва хатто Халқаро илмий анжуманлар иштирокчисига айлантириш, регионализация ва "Маҳорат мактаблари" бўйича ўтказиб борилаётган турли тадбирларнинг барчаси ягона эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг амалдаги кўринишидир.

- Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг фахрийси сифатида шуни алоҳида таъкидлашим жоизки, йигирма беш йил ичидаги ўзгаришларнинг асло қиёсига сўз тополмайман, - дейди юзларида табассум билан гастроэнтеролог врач Абдуллажон Мамажонов, - тиббиётчилар сафида кимлар ишлаб кетмади-ю, кимлар ишламоқда. Музаффар Акбаров, Аҳмаджон Сайдалиев, Ҳусанхон Мўминов, Қутбиддин Шерматов, Акбарали Ҳамдамов, Бусия Гиндес, Руфия Зиёвиддинова, Усмонхон Валиев, Маликжон Қориев, Ҳошимжон Алиханов, Носиржон Зокиров, Маҳмуджон Аҳадов, Зайниддин Зиёвиддинов, Маматхон Бекхўжаев, Ҳамидулла Ҳабибуллаев, Шерхон Болтабоев, Мухторжон Акбаров, Собир Пўлатов, Жамол Жалолов, Мая Комиссарова, Ғавсиддин Мамадалиев, Суҳроб Шокиров ва Барчиной Исматуллаеваларнинг қай бирларини тилга олмайлик, фақат ва фақат ажойиб хислатлари билан элга манзурлик мақомига эришган ва эришаётганликлари ҳамиша фахр уйғотади.

Шу фахр ҳеч қачон ниҳоя топмасин!. Марказ вилоятдаги дардмандларнинг энг нуфузли, энг ишонч­ли нажотгоҳи бўлиб қолаверсин!

Содиқ САЙҲУН.