Биргина туманимиз мисолида ҳам бу тадбир боис аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражаси ортганлигини яққол кўриш мумкин. Жумладан, март ойидаги илк босқичда 225 нафар врач ва 660 нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари патронаж ишларига сафарбар этилди. Улар ой давомида 38 мингдан зиёд хонадонларга боришиб, туғиш ёшидаги аёллар, ҳомиладорлар, болаларни тиббий кўрикдан ўтказдилар, кекса ёшдаги кишилар, ўзгалар парваришига муҳтож фуқаролар ва ногиронларга тиббий-санитария ва реаблитация тадбирларини амалга оширдилар.

11 июлдан 11 августга қадар давом этадиган иккинчи бос­қич тадбирларини ҳам пухта тараддуд билан бошлаганмиз. Барча шифокору ҳамшираларимизга "Патронаж ойлиги"нинг мақсад ва вазифаларини тўлақонли тушунтирдик. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига бириктирилган аҳолини патронаж билан тўла қамраб олиш мақсадида тор соҳа мутахассислари ва уларнинг ҳамширалари ҳам тиббий тадбирга жалб этилган. Бу ўринда вилоят даволаш-профилактика муассасалари вакиллари ҳам яқиндан ёрдам беришмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, тиббий тадбир самарадорлигини оширишда вилоят наркология диспансеридан Внера Нуриддинова, вилоят ОИТСга қарши кураш марказидан Зоҳиджон Қозоқов, вилоят асаб-руҳий касалликлари шифохонасидан Дилором Исомиддинова каби мутахассислар, туман тиббиёт бирлашмаси ташкилий -услубий бўлими мудири Раънохон Мирзаева ҳамда Аҳмаджон Дадабоев, Замира Муҳиддинова, Одина Тожибоевалар раҳбарлигидаги туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси, Машад ва Гулистон қишлоқ врачлик пунктларининг шифокору ўрта тиббиёт ходимлари фаоллик кўрсатишмоқда.

Аҳоли ўртасида мазкур ойликнинг моҳияти тарғиботига алоҳида этибор қаратиляпти. Маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида турли юқумли касалликлар, айникса геморрагик иситма, куйдирги касалликларининг олдини олиш, репродуктив саломатлик, соғлом турмуш тарзи асослари юзасидан суҳбатлар ташкил этилмоқда. Хонадонларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш баробарида эса касалликларнинг юзага келтириши мумкин бўлган омиллар, мавжуд муаммолар аниқланмоқда.

"Патронаж ойлиги" жараёнига кенг жамоатчилик вакиллари ҳам сафарбар этилган. Маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари, халқ таълими, туман ички ишлар бўлими ва бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари бизга яқиндан ёрдам беришмоқда. Ҳамкорликдаги тадбирларимизга иложи борича кўпроқ аҳолини қамраб олишга ҳаракат қиляпмиз.

Манзура АЗИЗОВА,

Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи.