- Райҳона Фазлиевна! Сиз тўғрингиздаги маълумотларга кўз югуртириб билдимки, мустақиллик билан теппа-тенг хизмат фаолиятингизни бошлаган экансиз. Бу эндигина тиббиёт билим юртини тамомлаган, имтиёзли дипломни қўлга олиб, эгнига оқ халат кийиб, беморлар муолажасига киришаётган ёш мутахассис учун қўшалоқ қувончу, омад бўлган бўлса керак.

- Албатта, 1991 йили вилоят кўп тармоқли шифохонасининг жарроҳлик бўлимига ишга қабул қилишган. Тиббиётимизнинг буюк алломаси Абу Али ибн Синонинг "Беморга малҳамдек ҳаёт бағишла, чорасиз қолганда нажот бағишла" деган пандномаси ўшандан буён кундалик ҳаётим шиорига айланиб қолди. Устозлар баридан маҳкам тутдим, ўқиганларимни амалиётда қўллаш кўникмасини ўзлаштиришдан, ёшлик қизиқишим кучлилигиданми ёки касбимни қаттиқ севганимданми, билганларимдан ва ўрганганларимдан асло қониқмасдим. Яна ва яна интилаверардим. Кейинроқ Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали мақомини олган муассасада фаолиятимни давом эттирар эканман, муваффақиятим ортида юзлаб-минглаб беморлар саломатлиги мустаҳкамланиши, умрига умр қўшилишини тағин ҳам чуқурроқ англаб етдим. Мустақиллик даврида ким ҳалол ва фаол хизмат қилса, у албатта ўз сийловини топади. Жумладан, менинг озми-кўпми меҳнатларим қадр­ланди.

- Кейин дунёнинг кунчиқар мамлакати Японияга бордингиз...

- Худди шундай. 2003 йил 14 январда Тошкентдан ҳавога кўтарилган самолётимиз ўша куни кеч соат 18 ларда Токионинг "Нарита" аэропортига қўнди. Бизга - Ўзбекистондан борган етти нафар ҳамкасбларга "Ҳамширалик ишида бошқарувчилик" мавзуидаги махсус ўқув курсида икки ой, яъни роса 60 кун таълим беришди. Бошқаришнинг асосий қоидаларини пухта ўзлаштирдик. Японияда шифохоналарни кўздан кечириб, мустақиллик туфайли республикамиз ва вилоятимиздаги тиббий ислоҳотлар самарасидан, яъни муассасаларимизнинг энг замонавий тиббий аппаратуралар, компьютерлар билан жиҳозланганлигидан беҳад қувондик. Негаки, ўзбек шифокорлари, ҳамширалари бугун япониялик ҳамкасблари билан бир хил тиббий техникалардан фойдалана бошлаган эканмиз-да.

- Ҳозирги кун ҳамшираси зиммасига қандай вазифалар қўйилган, амалда уни изчил адо этиш имкониятлари етарлими?

- Йилдан-йилга талаблар кучайтирилмоқда. Касбимизнинг ўта нозик ва ўта масъ­улиятлилигини тўлароқ тушуниб етяпмиз. Биз фақат врач буюрган муолажаларни уддалаб, ундан нарига ўтмасак, изланмасак, бир умр бажарувчигина бўлиб қоларканмиз, холос. Энди эса бу яроқсиз усулга айланди. Даврнинг юксак талабларидан келиб чиқиб, фаолиятимиз серқирралигини, серзаҳматлигини ҳамиша чуқур идрок этишимиз шарт. Ҳозирги кун ҳамшираси зиммасига мустақил равишда касаллик белгиларига асосан ҳамширалик ташхисини қўйиш, бемор билан қизғин мулоқотга киришиб муаммоларни англаб, тўғри тиббий ёрдам ва парвариш режасини белгилай олиш лаёқатига эга бўлиш вазифалари юклатилган. Бунга эришиш осон эмас. Фақат ўқиш, изланиш ва энг муҳими изчил амалиёт кўникмасини тўлақонли ўзлаштириш зарур.

- Демак, энди коллежларда олинган билимлар билан қониқиш асло мумкин эмас. Айтиш жоиз бўлса, врачлар ёрдамчиси, дастёри бўлишнинг ўзи ярамайди. Улар билан теппа-тенг ҳаракат қилиш талаби қўйилмоқда. Бунга ҳеч ким ҳеч вақт чуқур билиму, мукаммал малакасиз эришолмайди. Вилоятимизда ҳамширалар ўқуви қандай ташкилланмоқда?

- Айни пайтда вилоятимизда 24 минг нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари бўлиб, уларнинг 22 минг 415 нафари хотин-қизлардир. Биз ҳамкасбларимизни ўз билим ва малакаларини мукаммаллаштириш устида тинмай ишлашга ўргатяпмиз. Натижада тоифалари йилдан-йилга юқорилаётганлар сафи муттасил кенгаяётир. Ҳозирда 6 минг 46 нафар олий, 1 минг 136 нафар биринчи, 1 минг 133 нафар иккинчи тоифали ўрта тиббиёт ходимларига эгамиз. Малака ошириш курс­ларига режали равишда ҳамшираларни изчил жалб этаётганимиз яхши самара бермоқда. Бошқача айтганда, ҳамширалар малакасини ошириш соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг устувор йўналиши бўлиб қолди. Ривожланган мамлакатлар тиббиётчилари қаторида бизда ҳам малака оширишнинг Модул тизими ўқув-амалиётга киритилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан "Саломатлик-2, 3" лойиҳалари доирасида ўрта тиббиёт ходимларига шу соҳада узлуксиз тадбирлар ташкил этилаётгани ҳам катта ижобий аҳамиятга эга бўлмоқда. Чунончи, малакали ҳамширалардан маҳаллий тренерлар тайёрланиб, улар бирламчи бўғинларда бемор болаларни парваришлаш ва оналарга маслаҳат бериш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, репродуктив саломатлик ва бехатар оналик каби мавзуларда ўқув- семинарлари уюштириб туришибди.

- Истиқлол шарофати билан 1999 йилдан мамлакатимизда олий маълумотли ҳамширалар тайёрлашнинг йўлга қўйилиши соҳада кескин ўзгаришлар ясалишини бошлаб берди, десак ҳеч муболаға эмас. Олий ўқув юртлари қошидаги Олий маълумотли ҳамширалар факультетларида тайёрланган мутахассислар йил сайин кўпайишмоқда. Ҳозир вилоятимизда олий маълумотли ҳамширалар 164 нафарга етди. Буларга эса талаб катта. Сабаби, ҳамширанинг бемор билан ўзаро мулоқоти, руҳий ҳолатини тушуниши ва шунга мувофиқ парваришни ташкиллаши, бемор қабул қилаётган дори-дармонларнинг ижобий натижасига катта таъсир кўрсатади. Бу эса ўз навбатида замон талабига тўла жавоб берадиган олий маълумотли ҳамшираларга эҳтиёж ортиши табиийлигидан далолат эмасми?

- Бугунги кунда олий маълумотли ҳамширалар тиббиёт коллежларида ҳамширалик иши бўйича таълим бериб келишмоқда. Бу айни муддаодир. Чунки бўлажак ҳамширага шу касб бўйича олий маълумотли ҳамшира мутахассислигини эгаллаганлар сабоқ берсагина кутилган самарага эришиш мумкин. Шунингдек, даволаш-профилактика муассасаларида олий маълумотли ҳамширалар бош ҳамшира, катта ҳамшира, доя, анестезист ва реанимация бўлими ҳамширалари вазифаларида ҳам фаолият юритиб келишмоқда.

- Маълумки, 2014 йилнинг апрель ойидан республикамизда қишлоқ врачлик пунктларининг патронаж ҳамширалари иши самарадорлигини рейтинг тизимида баҳолаш йўлга қўйилди. Вилоятимизда ушбу янгилик қаерда ва қандай жорий қилинмоқда?

- Аслида бу билан ҳамшираларда билим ва маҳоратларини муттасил оширишга астойдил интилишга иштиёқ уйғотиш, ишда энг яхши натижаларга эришганларни муносиб рағбатлантириш мақсади кўзда тутилган. Жумладан, бизнинг вилоятимизда 2015 йилдан Уйчи туманидаги 19 та қишлоқ врачлик пунктларида мазкур лойиҳа доирасида иш олиб борилди. 2016 йилдан эса барча қиш­лоқ врачлик пунктлари патронаж ҳамширалари фаолиятига тадбиқ этилди. Янгича тизимнинг афзаллиги аниқ: ҳар бир ҳамшира юқори рейтинг­га эришиш учун доимий изланади. Бу тиббий хизматнинг самарадорлиги ва сифатини ўз-ўзидан кўтаради. Оналар ва болалар ўлимининг олди олинади, турли касалликларнинг ёйилишига чек қўйилади.

- Патронаж, яъни оила ҳамширалиги бирламчи тизим - ҚВП-ОПларда биринчи ва ҳал қилувчи бўғин мутахассиси экан, ҳаётнинг ўзи уларнинг эл саломатлигини сақлашдаги масъулияти нечоғлик юқори эканини тақазо этаверади. Шу боис, жорий йилнинг мартида "Патронаж ойлиги" ўтказилганди. Июлда ҳам тиббий-оммавий тадбирнинг яна такроран ташкилланиши ҳамширалар фаоллигига мунтазамлилик бағишласа ажабмас...

- "Патронаж" - французча "Қарамоғимга оламан" деган маънони ифодалайди. Атамага муносиблик мақомига эришиш ҳамкасбларимиз учун ҳам фахр, ҳам масъулиятга айланиб қолади, десам янглишмайман. Ойлик эса тадбир иштирокчилари сафини кенгайтиради. Вилоят мутахассисларигача туман ва қишлоқларга бориб, фаол кўмакдошликка яраймиз. Оддий ҳолларда ҳамширалар врачларга ёрдамчи бўлиб ишлашаётган бўлса, патронаж ойлигида умумий амалиёт врачларимиздан тортиб, тор доирадаги мутахассисларгача оилаларга кириб, ҳамшираларга ҳамкор бўлишади. Тадбирдан уйда ўтирган кишилар ва ётиб қолган беморлар айниқса катта наф қўришмоқда. Шу билан бирга аҳолининг патронаж ҳамшираларга нисбатан ишончлари ортиб бормоқда.

-Чорак аср ичида Юртбошимизнинг, давлатимизнинг эътирофига сазовор бўлган, элнинг юксак ҳурматини қозонган, кўрик-танловларнинг совриндорларига айланган фидойи, устоз ва ишчан ёш ҳамширалар сифатида кимларнинг номларини тилга олсак арзийди?

- Ҳамшираларимиз сафида бундайлар жуда кўп. Истиқлол даврида 18 нафар ҳамшира орден ва медаллар, кўкрак нишонлари билан тақдирланишган. Ҳабиба Исроилова, Мукаррамхон Қаюмова, Зулфия Мадраҳимова, Соҳиба Каримова, Эльмира Валиева, Ҳукуматхон Боймирзаева, Насиба Султонова, Мўътабар Абдурасулова, Луиза Темирова, Нилуфар Жамолиддинова, Ульяна Насрединова, Нигора Латифбоева, Шоира Камолова, Нодира Шералиева, Саида Ҳудойназарова, Умида Обидова, Дилнавоз Умарчаева, Муаззам Йўлдошевалар йилма-йил касбдошлари фахрига айланишганини унутиб бўладими. Биз ҳамшираларга бу қадар кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор учун Юртбошимиз ва ҳукуматимиздан беҳад миннатдормиз.

- Эзгулик йўлида кечаю-кундуз тиним билмай беморлар дардига малҳам қўяётган, кўнглига умид ва қувонч уйғотаётган, атрофидагиларга ҳурмат-эътиборини аввало ўзининг таш­қи кўриниши ва муомала маданияти билан қозонаётган оқ халатли нажот фаришталарининг ўзларига ҳам ҳамиша соғу-саломатлик тилаймиз.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.