Тиббий-ижтимоий тадбир олдидан Наманган шаҳридаги 8-оила поликлиникасида ва Норин тумани тиббиёт бирлашмасида анжуманлар ташкил этилиб, "Патронаж ойлиги"ни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан тегишли тавсиялар берилди, тўпланган тажрибалар ўртоқлашилди.
- Юртимизда "Патронаж ойлиги"ни ўтказишдан кўзланган мақсад аҳоли саломатлигини муҳофазалашга йўналтирилган эзгу ишлар кўламини кенгайтириш, тиббий-профилактика тадбирларини янада такомиллаштириш, фертиль ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар, болалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали касаллиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган беморлар ҳолидан хабар олиш ва тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни янги босқичга кўтаришдан иборатдир,-деди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов анжуманни очар экан.
- Шу ўринда айтиш керакки, мустақиллик йилларида тиббиёт тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида аҳолини тиббий патронаж ёрдами билан қамраб олиш бўйича замонавий тизим яратилди. Биргина вилоятимизда 217 та қишлоқ врачлик пункти, 13 та оилавий ва 12 та шаҳар ҳамда туман кўп тармоқли марказий поликлиникалари ташкил этилиб, уларнинг моддий - техника базаси замонавийлаштирилди. Ушбу бирламчи тиббий-санитария бўғинида тиббий кўрикларни ташкил этишда жаҳон тиббиётининг энг сўнгги технологияларини жорий этиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётир.
Тиббий патронаж ёрдамини амалга оширишда малакали врачларнинг ўрни беқиёс. Бу борадаги ишларни ташкил этишда жаҳоннинг тараққий этган мамлакатларидаги илғор тажрибалар чуқур ўрганилди ҳамда миллий менталитетимиздан келиб чиқиб мутахассислар тайёрлашнинг ва қайта тайёрлашнинг замонавий тизими шакллантирилди.
Аҳолини патронаж ёрдами билан қамраб олишда патронаж ҳамшира фаолияти муҳим ўрин тутади. Ҳозирги кунда бирламчи тиббий-профилактика муассасаларимизда 1441 минг нафардан зиёд ана шундай ўрта бўғин тиббиёт мутахассислари эл хизматида. "Патронаж ойлиги " боис улар сафи янада кенгайди.
Наманган шаҳридаги 5-оила поликлиникасида ҳам ушбу тадбир уюшқоқлик билан бошланди. Саломатлик посбонлари эрталабданоқ белгиланган тегаралар сари йўл олишди.
- Патронаж ҳашираларнинг фаолиятини ривожлантириш, уларнинг билим ва тажрибасини ошириш, илғор тажрибаларни улар ўртасида кенг оммалаштириш доимий эътиборда, - дейди Наманган шаҳридаги 5-оила поликлиникаси бош шифокори Абдумутал Акбалаев. - Ҳудудимизда 35 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Ойлик давомида ҳар бир хонадон аъзоси саломатлиги текширувдан ўтказилади. 22 нафар врач , 45 нафар ўрта тиббиёт ходими бу вазифани амалга оширади.
Патронаж ҳамшира шундай мутахассиски, у нафақат ўзига бириктирилган хонадон аъзоларининг тиббий саломатлиги билан боғлиқ аҳвол, балки, оиланинг руҳий, ижтимоий ҳолатидан ҳам хабардор бўлиши керак. Негаки, инсон саломатлигини фақатгина тиббий ёрдам билан асрашнинг ўзи етарли эмас. Саломатлик кўпдан кўп омилларга боғлиқ бўлиб, бу жараёнда оилада тиббий маданият даражаси, турмуш тарзи, оиладаги психологик, ижтимоий, иқтисодий муҳит, тозалик, ҳудуддаги экологик муҳит, айниқса, аҳолининг турмуш тарзи ва бошқа шунга ўхшаш кўплаб масалалар инсоннинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
- Қайси замонда шифокорлар уйма-уй юриб, беморлар ҳолидан хабарлишган? Мустақиллик шарофати билан ана шундай имконият яратилди, - дейди меҳнат фахрийси Раънохон Ботирова. - Бугун хонадонимизга 5-оила поликлиникаси шифокори Гулбаҳор Абдуллаева, патронаж ҳамшираси Феруза Абдураҳмоновалар келиб, тиббий хизмат кўрсатишди. Тегишли тавсиялар беришди. Эъзозу эътибордан ғоят мамнунмиз.
Мазкур тадбир барча бирламчи тиббий- санитария ёрдами муассасаларида ўтказилмоқда. Хизмат кўламини кенгайтириш ҳамда самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят, туман, шаҳар стационар муассасаларининг ходимлари ҳамда соматик касалликлар бўйича марказ, диспансер ва шифохоналарининг тиббий ходимлари ҳам ўз йўналишлари бўйича диспансер назоратида турган беморларнинг уйларида фаол патронажни амалга ошириш учун жалб қилинди.
Патронаж даврида хонадонларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш, аҳоли саломатлигида ҳамда касалликни юзага келтириш мумкин бўлган омиллар, мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни ечимини топиш ва бартараф қилиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинларига ахборот киритиш ва тегишли чораларни белгилаш вазифалари ҳам амалга оширилади.
Шунингдек, кенг омма, маҳаллаларда, ўқув муассасалари ва корхоналарда маҳалла фуқаролик йиғинлари фаоллари, хотин-қизлар қўмитаси, "Нуроний" жамғармаси, "Камолот" ЁИҲ, ички ишлар бўлимлари ходимлари, таълим тизими ва бошқа нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирокида касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи асослари юзасидан тадбирлар ташкиллаштирилади.
Умид қиламизки, мазкур акция боис эл саломатлигини янада мустаҳкамлашга эришилади. Ойлик тафсилотилари билан газетамизнинг навбатдаги сонларида батафсил таништирамиз.
Абдулла ҒОЗИЕВ.