Тўрақўрғонга ташриф буюрган меҳмонларнинг кўпи дарров Ахсикентни сўроқлашади. Вайрона шаҳар ўрнидаги тупроқтепани кезиб, қазув-қидирувда очилган тарих юзи - қолдиқ топилмаларни қизиқиб томоша қилгилари келади-да.
Кечагидек ёдимда. 2001 йилнинг июнидаги илмий-амалий семинар Наманганда, хусусан, Ахсикент ёдгорлигида ташкиллангани шундан. Ахсикентдаги қазувларни, топилмаларни кўриш учун келган меҳмонлар сафида япониялик археолог, тарихчи профессор Като Кюздо ҳам бор эди. У Япониядаги Сока университети халқаро Буюк ипак йўли академиясининг президенти ҳисобланади. 1960 йиллардан буён ўзбек халқи қадимги тарихи, маданияти ва санъатини дунё миқёсида ўрганмоқда ва тарғиб қилмоқда.
- Мустақиллик йилларида сизларда ҳам ўз тарихингизни ўрганишга қизиқишнинг кучайгани, авлодларга муҳим ва ноёб маълумотлар топиш йўлидаги изланишларингиздаги катта самаралар ғоят қувончлидир, - деган эди олим биз билан суҳбатда. - Ўзбек халқи буюк тарихга эга. Бундан ҳар қанча фархлансангиз арзийди. Ахсикентни ўзида қанча-қанча қимматли манбалар яшириниб ётган экан. Эндиликда жаҳонга кўз-кўз қилишга арзигулик натижаларга эришилибди. Изланишдан тўхтамаганлар, ҳали қанчадан-қанча мўъжизалар тупроқ остида ётибди. Фақат изланиш, тинимсиз ҳаракат билангина уларни таниш ва ўрганиш мумкин. Ўйлаймизки, бугунги анжуман сизларни янада янги мақсадлар сари руҳлантиради.
Яна бир меҳмон - 1991 йилдан Ўзбекистон - Франция халқаро экспедицияси аъзоси, француз археологи, тарихчиси, фан доктори Лионет Бертиль Ахсикент билан ғоят қизиқиб танишди. Гоҳ топилмаларни кўздан кечирарди, гоҳ чуқур хаёлга ботарди бу олима. Билганларини бойитаётгани унинг юзидаги мамнуниятлик жилвасидан сезилиб турарди. Чунки олима аёл Шарқ халқлари, жумладан, Ўзбекистоннинг қадим ўтмиши, ҳунармандчилик тарихи мавзусидаги қатор китобларнинг муаллифи-да.
- Сизлар улуғ аждодларнинг ворисисизлар, - деганди у алоҳида таъкидлаб. - Одамларингизнинг очиқ кўнгиллилиги, меҳмонновозлиги ота-боболарингиздан мерос бўлса ажаб эмас. Юртингиздаги ўн йиллик ўзгаришлар асрларга татигулик эканини нафақат сизлар, балки бизлар ҳам кўриб-билиб хурсанд бўляпмиз. Дўстлик ва ҳамкорлигимиз, илмий изланишларимиз бундан ҳам самарали бўлишига шак-шубҳа йўқ. Зеро, ахсикентликлар қадимдан жаҳон мамлакатлари ва халқлари билан дўстона алоқалар ўрнатган, савдо-сотиқ, илм-фаннинг ривожига улкан ҳисса қўшган эканлар булар сизларнинг аждодларингиз эди. Бугунги авлод эса уларнинг энг яхши анъаналарини давом эттирувчи ворислар эканликларини ҳамиша ёдда сақлашларини истардик.
Ахсикент сиру-синоати билан барчани ўзига тортди. Буни меҳмонлар шарҳловчининг ўраб олишиб, усти-устига саволларга тутишларидан яққол пайқадик. Қуёш забтига олиб, тушлик бўлаётганига қарамай, ҳеч ким Ахсикентни тарк этгиси келмасди. Ёш олим Фарҳод Мақсудов бу ердаги қазув ва топилмаларни таништирди. Археологик қазишмаларда очилган шаҳар қолдиқлари, ўша давр водопровод қувурлари, темир эритиш корхонаси, кўплаб ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташриф буюрганларни чуқур ҳаяжонга солди. Фахр-ғурур туйғуларини кўнгилларда жўш урдирди.
Халқаро миқёсдаги катта кўргазмали илмий анжуман аҳли қатор таклифлар билдирди. Шу асосида Ахсикентни нафақат ўрганиш, айни маҳалда тарғиботи билан ҳам жиддий шуғулланиш долзарб вазифа сифатида кун тартибига қўйилди.
Юз йилдан ортиқроқ вақт давомидаги археологик қизишларда фақат саккиз фоизгина очилган бу кўҳна шаҳар харобалари ўз бағрига ҳали номаълум бўлган кўплаб сирларни яширгани аниқ. Уларни очмоқ, ўрганмоқ бундан буён ҳам замондош олимларимиз олдида турган кечиктириб бўлмас вазифа сифатида қиммати ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмаслиги муқаррар.
Истиқлолли юрт-истиқболли юрт. Истиқлолли эл- чин иқболли эл. Ўзбекистонимизнинг кўҳна тарихидан дарак берувчи Ахсикент ҳали ажаб эмаски, очиқ музейга айлантириб юборилса. Жаҳон сайёҳларини яна ўзига чорлаб, туристик манзилгоҳ сифатидаям қизиқишларини кучайтирса. Ўтмишда бетимсол гўзаллиги-ю, куч-қудрати ҳайратлантирган бўлса, бугун унинг қадимийлиги-ю, улуғворлиги ҳайрат уйғотишга қодир. Бизларнинг эса қўҳна зиёратгоҳимизга эҳтиромимиз бетугал.
Ўша нажуманда Ахсикентнинг ёши 2500 йиллиги эълон қилинганига ҳам роппа-роса 15 йил бўлди. Ҳозирда юртимизнинг бу кўҳна ўлик шаҳрига бўлган қизиқиш янада кучайган. Дилда эзгу ниятлар бисёр. Президентимиз Ислом Каримов 2015 йил 26 ноябрь куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқларида алоҳида таъкидлаганларидай: "Наманганнинг қадимий қиёфаси, асрий обидаларини оладиган бўлсак, буларнинг барчаси бу юртнинг бой ва кўҳна ўтмишга эга эканини яққол тасдиқлайди. Бу заминдаги Муғқалъаси ва Ахсикент каби археологик ёдгорликлар, Наманган, Чортоқ, Чуст ва Учқўрғон шаҳарларидаги тарихий обидалар, бундан икки минг йиллар аввал пишиқ ғиштдан бунёд этилган Косон - Ахсикент ерости сув тармоғи аждодларимизнинг улкан ақл-заковати, юксак маданиятидан далолат беради.
Эндиликда вилоят ҳокимлиги ва вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси Ахсикент тимсолида тарихимиз тарғиботига алоҳида эътибор билан қарамоқда. Шу йил 2 июль - шанба куни вилоятдаги матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари - муҳаррир ва мухбирларининг қадимий Ахсикентга саёҳати уюштирилди. Журналист-тарғиботчилар эрталаб шу жойда ҳозир бўлдилар. Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи, шоир Зиёвиддин Мансуров тадбирдан кўзда тутилган эзгу мақсад ҳақида гапирар экан, даставвал "Наманган афросиёби"га қисқача таъриф берди. Вилоят ҳокимлигининг масъул ходими Ўғилой Болтабоева эса қалам аҳлининг бурчи мазкур кўҳна шаҳар тарихини оммабоп тарзда газеталарда изчил ёритиб боришдан ҳам иборат эканини алоҳида уқтирди. Қаламкаш-зиёратчилар тупроқтепага кўтарилишиб, у ердаги ҳайратомуз ҳолатларни томошалашди. "Ахсикент ва Ахси" китобининг муаллифи, шоир ва публицист Содиқ Сайҳун ер остида ётган тарихий ёдгорлик қолдиқлари ҳақида муҳтасар ҳикоя қилиб берар экан, ҳамкасблар кўз ўнгида қисматига вайроналик битилган Ахсикентнинг ўрта асрлардаги гуллаб-яшнаган қиёфаси яққол намоён бўлди. Қадимий ўзбек давлатчилиги ўчоқларидан бири ҳисобланган табаррук жойни туризм маршурутлари доирасига киритиш тўғрисида айни вақтда тараддуд тадбирлари долзарб масалага айланаётганини барча бирдай чуқур ҳис этди.
(Ўз мухбиримиз).