Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон, унинг манфаатларига хизмат қилишга йўналтирилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Боиси, унинг замирида ҳар жиҳатдан баркамол авлодни вояга етказиш, миллатимизнинг янада соғлом бўлишидек эзгу мақсад мужассам. Айтиш лозимки, истиқлол йилларида юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини тубдан юксалтириш борасида салмоқли натижаларга эришилди.
Айниқса, Давлатимиз раҳбарининг "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида"ги Фармони билан "Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг 1999-2005 йилларга мўлжалланган Давлат дастури" қабул қилиниши соҳада ўтказилаётган ислоҳотларнинг янада чуқурлашувига, шифокор меҳнатининг қадр топишига олиб келди.
Дастурнинг изчил ижроси натижасида бирламчи тиббий хизмат тизимини тубдан яхшилаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ихтисослаштирилган марказлар ҳамда соҳада янги - шошилинч тиббий хизмат тизимини ташкил қилиш, кадрлар тайёрлаш масаласини такомиллаштириш, фармацевтикани ривожлантириш каби йўналишларда туб ўзгаришларга эришилди. Бундай ўзгаришлар, табиийки, вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимига ҳам давр руҳини олиб кириб, уни аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг мустаҳкам қўрғонига айлантирди.
Аввало тиббиётнинг муҳим бўғини-бирламчи тизим фаолиятини тубдан такомиллаштириш чоралари кўрилди. Қишлоқ жойларида 217 тадан зиёд врачлик пунктлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Наманган шаҳрида эса 13 та оилавий поликлиника ташкил этилиб, уларнинг моддий-техник имкониятлари ривожлантирилди. "Саломатлик-2", "Саломатлик-3" лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида бирламчи тизим энг замонавий жиҳозлар, тиббий анжомлар билан таъминланганлиги аҳолига катта қулайлик яратиш билан бирга хизмат сифати ва малакасини кескин кўтаришга йўл очди.
Ислоҳотлар жараёнида ихтисослаштирилган тиббий марказлар ташкил этиш орқали даволаш-профилактика ишларини халқаро андозалар даражасига кўтариш борасида бир қатор ютуқларга эришилганини таъкидлаш ўринлидир.
Бунда илгари самарасиз фаолият юритиб келган шифохоналар бирлаштирилиб, улар негизида моддий-техник имкониятлари ривожланган ва юқори малакали хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган замонавий муассасалар шакллантирилди.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳам ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир. Мазкур марказ ташкил этилиши муносабати билан давр талабидан келиб чиққан ҳолда янги ихтисослашган бўлимлар очилиб, умумий ўринлар сони 365 тага етказилди. 100 қатновли консультатив-диагностика бўлимининг ташкил этилиши ҳам ўз самарасини берди.
Инвестиция Дастурига мувофиқ марказ моддий-техник базасини янада такомиллаштириш мақсадида кенг қамровли таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилди. Бинолар мукаммал таъмирланди.
Дарҳақиқат тиббиёт муассасаларини қайта таъмирлаш ва реконструкция қилиш, уларни энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш кўлами ортганлиги эътиборга лойиқдир. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиали ҳамда унинг шаҳар ва туманлардаги бўлимлари равнақида бу яққол кўзга ташланади.
Эндиликда РШТЁИМ Наманган филиали вилоятдаги тиббий муассасалар учун ташкилий-услубий марказ вазифасини ўтамоқда. 350 ўринга мўлжалланган даволаш масканида 19 та клиник-диагностика бўлими мавжуд.
Бугунги тиббиёт замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган, энг мураккаб касалликларни ҳам даволай олади. Бундай имконият нафақат пойтахт, балки, вилоят ва туман шифохоналарида ҳам яратилгани соҳанинг жадал равнақидан нишона.
Масалан, илгари юрак жарроҳлиги амалиётлари вилоятларда меҳнат қилаётган тиббиётчилар учун ушалмас орзудай туюларди. Эндиликда унинг энг мураккаб турлари ҳам ўтказиляпти.
Наманганда бундан олти йил аввал сунъий қон айлантириш ва кардиоплогия шароитида хаста юрак устида дастлабки амалиётга қўл урилгани кўпчиликнинг ёдида. Ўшанда пойтахтдан ташриф буюрган тажрибали ҳамкасбларимиз билан биргаликда юрак ишемик касаллигининг зўриқувдаги стенокардия туридан азоб чекаётган беморда аорта шунтлаш ўтказилгандан сўнг унинг аҳволи бутунлай яхшиланган эди.
Ҳозирга келиб, марказ республикада шу йўналишда муваффақиятли фаолият юритаётган тўртинчи даргоҳдир. Бу ерда туғма ва орттирилган юрак нуқсонлари, юракнинг ишемик ҳамда қон-томир тизими касалликларини эрта аниқлаш ва жарроҳлик йўли билан даволаш ишлари кенг йўлга қўйилган. Беморларга фан доктори ва фан номзоди илмий даражасидаги кардиохирурглар, Россия Федерацияси, республикамизнинг етакчи тиббиёт муассасаларида малака оширган врач ва ҳамширалар хизмат кўрсатишмоқда.
Бугун марказда кардиохирургиянинг энг сўнгги ютуқлари асосида юракнинг ҳамма турдаги туғма нуқсонлари устида жарроҳлик иши олиб бориляпти. Хусусан, юрак клапанларини алмаштириш, электр кардиостимулятор имплантацияси амалга ошириляпти, коронарография усули кенг йўлга қўйилган.
Моддий-техник базани ривожлантириш мақсадида Корея Республикасидан 970 минг АҚШ доллари қийматида 33 турдаги 108 та замонавий тиббий ускуналар келтирилиб, ўрнатилди.
Яқинда кардиохирургиянинг янги йўналишлари-интервенцион кардиология, қон-томир хирургияси, микрохирургия ва коронар хирургия ривожига хизмат қиладиган кардиоангиограф аппарати ишга туширилди. Мамлакатимиз вилоятлари орасида биринчи бўлиб юрак томирларини коронарография текшируви ҳамда юрак тож томирларини стентлаш амалиёти бошланди. Бу вилоят тиббиёти тарихидаги ғоят муҳим ютуқлардан биридир.
Аёллар ва ўсиб келаётган авлодга ғамхўрлик кўрсатиш-жамиятнинг эртанги куни, келажак ҳақида қайғуриш демакдир. Айнан шу боис оналик ва болалик муҳофазаси соғлиқни сақлаш тизимининг устувор йўналишига айланган.
Бинобарин, "Она ва бола скрининги" маркази, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиали, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази каби муассасалар фаолиятининг намунали йўлга қўйилиши ушбу йўналишдаги даволаш-профилактика ишларини янги поғонага кўтариш имконини берди.
Вилоятимизда келажагимиз ворисларининг саломатлигини муҳофаза қилишга йўналтирилган муассасалар ишини яхшилашга алоҳида урғу берилди. Капитал таъмирлаш ва қайта реконструкциялашдан чиқарилган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази фарзандларимизга хизмат қила бошлади.
Диёримизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида ўз ифодасини топган. Ушбу ҳужжатда қайд этилган улуғвор вазифалар ижроси фаол таъминланмоқда.
Вилоят аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўлами йилдан йилга ошириш чоралари кўрилмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 28 ноябрдаги "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгилаб берилган устувор йўналишлар барча саъй-ҳаракатлар асосини ташкил қилмоқда.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ мавжуд қувватлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида вилоятимиздаги барча туманлар тиббиёт бирлашмаларининг ташхис, стационар ва кўмакчи бўлинмаларини мақбуллаштириш чоралари кўриляпти. Улар моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш учун "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида замонавий лаборатория, ташхис ва даволаш ускуналари билан жиҳозланмоқда.
Инвестиция дастурига кўра, шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларининг моддий-техник имкониятлари бугунги кун талаблари даражасида юксалтирилмоқда. Мингбулоқ ва Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаларида бу жараён якунланган бўлса, айни пайтда Норин, Чуст, Чортоқ туманларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилда Наманган шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларига қарашли 11 та даволаш-профилактика муассасасида Инвестиция дастури доирасида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Белгиланган муассасаларнинг кўпчилигида қурилиш-таъмирлаш билан боғлиқ тадбирлар ниҳоясига етказилиб, уларда даволаш-профилактика ишларини юксак даражага кўтариш имкониятлари янада кенгайди. Улар "Саломатлик-3" лойиҳаси асосида энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар, аппаратуралар билан жиҳозланади.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз тиббиётида кечаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг беқиёс самаралари Наманганда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Муҳтарам Юртбошимизнинг халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги маърузаларида вилоятимиз тиббиёти тараққиётига берган юксак баҳолари бунинг ёрқин эътирофидир.