Залда олқиш қарсаклар янгради. Саҳнада даврадошлари қаторида беҳад ҳаяжонланиб турган қизнинг кўзларида севинч ёшлари қалқиди. "Наманганлик ҳамкасбларимнинг ишончларини оқладим-а. Омад берган Аллоҳимга минг бора шукур!" деган ўй кечди хаёлидан. Саҳна ўртасидаги икки пешқадам дугоналари ёнига яқинлашди. Унга ғолиблик лентаси тақиб қўйилди. Диплом ва телевизор мукофоти тантанали топширилди.
Муаззамнинг унутилмас айёмга етиб келгунича қанчадан-қанча тайёргарлик кўрганларию, ўқиб-ўрганиб, амалиётда қўллаб малакасини тобора мукаммаллаштиргани, аввало, ўзининг қадрдон жамоасига аён. Қолаверса, Наманган шаҳар болалар шифохонаси ва театрида ўтказилган кўрик-танловнинг мутлоқ ғолибасига айланиш ҳам осон кечмаганди. Ҳақиқий баҳо тадбирнинг республика босқичида яққол ўз тасдиғини топди. Бунгача яна ўқиб-ўрганиш, яна изланиш, яна устозлар малакасини ўзлаштириш ҳамширанинг билимига билим, малакасига малака, кучига куч қўшгани аниқ. Бўлмаса, республикадаги ҳамкасб дугоналарининг пешқадами сафи насиб этармиди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида уч кун беллашув давом этди. Дастлаб шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази филиалида малака-маҳорати синови устозларнинг синчков нигоҳлари остида кечди. Беморга ҳар бир муомаласи, ҳар бир хатти-ҳаракати, ҳар бир муолажаси ва "самараси" табиий, ҳаққоний чиқиши ҳисобга олиб борилди. Сўнгра баҳс Бердақ номли номли театр биносига кўчди.
Наманганликлар вакиласи таништирувдаёқ Наманган гўзаллигини, унинг бунёдкор халқини мадҳ этиб, шу қутлуғ гўшада яшовчи аёллар ва чақалоқлар саломатлигининг посбони эканлигидан чексиз фахр туюшини баралла ифодалади. 10 та близ саволларга тезкор жавобларидаям деярли хатога йўл қўймади. Маънавий-маърифий билимлар билағони эканиниям ҳеч қийналмай намоён эта олди. Эркин шартга кўра "Тантана" куй-қўшиғига хиром этганида эса томошабинларнинг давомли олқиш қарсаклари зални тутиб кетди.
Муаззам Йўлдошева Намангандаги 2-тиббиёт коллежини тамомлаганига эндигина уч йил бўлди, холос. Шу қисқа фурсатда бундай камолот касб этиш ўз-ўзидан рўй бермайди. Тўрақўрғоннинг Бураматут қишлоғида яшаб, вилоят марказидаги энг нуфузли тиббиёт муассасаси жамоасида муносиб ўринга эга бўлишида меҳрибон ва бағри кенг устозларининг хизматлари беқиёс.
- Мен бундай муваффақиятга бўлим мудирамиз Раъно опа Раҳмонованинг, катта ҳамширамиз Нигора опа Латифбоеванинг, врачимиз Абдулходи Қўлдошевнинг беминнат кўмаклари туфайли эришдим, - дейди зўр мамнуният билан Муаззам Йўлдошева. - Керагича шароит яратиб беришди, керагича қўллаб-қувватлашди, керагича ёрдам кўрсатишди. Бунинг учун уларга ҳамиша қуллуқ қиламан.
Дарвоқе, Нукусда яна бир ҳушхабарни алоҳида эълон қилишди. Муаззам Йўлдошева тиббиёт институтининг олий ҳамширалик факультетига кириб ўқиш имтиёзини ҳам қўлга киритибди. Ана омаднинг каттаси, ана камолот сари чинакам рағбат. У истиқлолли юртнинг чин иқболли қизи. "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!" деган шиор билан мустақилликнинг 25 йиллигини нишонлаш тараддудидаги халқимиз хизматидаги ҳамширанинг қутлуғ айёмни муносиб кутиб олаётгани бошқа ҳамкасбларида ҳам ҳавас уйғотаётгани шубҳасиз.
Содиқ САЙҲУН.