"Ишонч телефонлари"га қуйидаги ҳолатларда мурожаат этилиши мумкин:
- Соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимларидаги мансабдор шахсларнинг ва соғлиқни сақлаш ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан;
- мумкин қадар аниқ пайтда ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатишда аҳоли ёки бемор билан ўзаро келишмовчиликлар юзага келганда;
- жисмоний шахслар, юридик шахслар вакиллари, жамоат ташкилотлари билан ўзаро муносабатлар ҳақида;
- давлат соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича;
- тадбиркорлик субъектларига соғлиқни сақлаш соҳасида рухсат берувчи ҳужжатлар беришнинг белгиланган муддатлари ва тартибига риоя қилинмаслиги, вазирлик тизими ходимлари томонидан берилиши лозим бўлган лицензиялар, турли рухсатномалар ва мурожаатларига жавоб беришни ноқонуний рад этилиши ёки бериш тартиб-қоидаларининг асоссиз чўзиб юборилиши юзасидан;
соғлиқни сақлаш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳолига ёки беморларга салбий таъсири, соҳага оид бошқа масалалар билан.
Юқоридаги мурожаатларни олиш, яъни эшитиш ва рўйхатга олиш дафтарига қайд этиш, кўриб чиқиш "Ишонч телефонлари"нинг асосий мақсадлари ҳисобланади. Мурожаатлар аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин.
Кўп каналли "Ишонч телефони" Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида, Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармасида ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаларида, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида ўрнатилган. Тушаётган мурожаатлар ҳафтанинг душанбасидан жумасигача беш кун (байрам кунларидан ташқари) соат 9.00 дан 13.00 гача ва 14.00дан 18.00 гача соғлиқни сақлаш органларининг масъул ходимлари томонидан қабул қилинади.
Ишончлиликнинг кафолати шундаки, мурожаатларни кўриб чиқишда соғлиқни сақлаш органларининг масъул ходимлари томонидан олинган маълумотлар, мурожаат этувчининг тегишли розилигисиз, шунингдек давлат сири бўлган маълумотларни, тижорат сирини ва қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирларнинг ошкор этилишига ҳамда мурожаат қилган шахснинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларининг камситилишига асло йўл қўйилмайди.
"Ишонч телефони" орқали тушаётган мурожаатлар соғлиқни сақлаш органлари томонидан улар тушган кундан бошлаб бир ойгача муддатда кўриб чиқилади. Қўшимча ўрганиш ва текширишни талаб қилмайдиган ҳолатлардагиси эса ўн беш кундан кечикмай ҳал этилади.
Мурожаатларни кўриб чиқиш учун қўшимча текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни талаб қилиш ёхуд бошқа чоралар кўриш зарур бўлган ҳолларда кўриб чиқиш муддатлари соғлиқни сақлаш органлари раҳбари томонидан истисно тариқасида, бироқ бу ҳақда ариза ёки шикоят қилган шахсга хабар қилинган ҳолда бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мақсадга мувофиқ келади.
Умумий қоидалар юқоридагилардан иборатдир. Буларга қатъий амал қилиш шарт.
Ҳурматли тиббиёт ходимлари! "Ишонч телефонлари" ишончли. Бемалол улардан фойдаланишингиз мумкин. Бу билан соҳадаги камчиликларни тугатишга, муаммоларни кечикмасдан ҳал этишга ҳисса қўшган бўласиз.
Эндиликда 1003 рақамли «Ишонч телефони» сизларнинг хизматингизда.