Шу йил 20 июнь куни оромгоҳнинг иккинчи мавсумига яна ўқувчилар қабул қилинди. Асосан Наманган шаҳри, Норин, Учқўр­ғон, Уйчи туманларидан келган болажонлар учун барча шароитлар муҳайё этилган. Спорт-соғломлаштириш, маданий-маърифий тадбирлар ўтказишга 17 нафар малакали педагоглар, мутахассислар жалб қилинган. Оромгоҳнинг кириш дарвозасиданоқ болажонлар хавф­сизлигига масъул посбонлар, соғликларини муҳофазалашга шифокорлар бириктирилганидан хурсанд бўласиз.

- Бу йил Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма беш йиллиги нишонланади, - деди оромгоҳ директори Дилмурод Ходиев. - Иккинчи мавсумга ҳам қабул қилинган 200 нафарга яқин болажонлар онгига "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!" шиорининг мазмун-моҳиятини сингдириб, тушунтиряпмиз. Тадбирларимиз бош етакчи Наргиза Акбарова раҳбарлигида ташкилланиб, болажонлар қалбида бой таассурот қолдирмоқда.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.