Акция олдидан тантанали маросим ўтказилди. Уни тиббиёт маркази бош шифокори Абдумалик Раҳмонов кириш сўзи билан очди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов, пойтахтлик шифокорлар гуруҳи раҳбари, клиника бош врачи ўринбосари Наина Усмоновалар истиқлол йилларида мамлакатимизда эл бахту саодати йўлида рўёбга чиқарилаётган лойиҳалар, тиббиётда рўй бераётган ўзгаришлар, айниқса, "Соғлом она ва бола йили"да келажагимиз ворислари саломатлигини мустаҳкамлаш борасида қилинаётган эзгу ишлар ҳақида тўхталдилар.
Биринчи куни турли хасталиклар ва нуқсонлар билан дунёга келган болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб этилди. Улар саломатлигининг ҳолати лор, офтальмология, ортопедия ва бошқа йўналишлар бўйича текшириб кўрилди. Зудлик билан даволаниши ва жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши зарур бўлганлар саралаб олинди.
Иккинчи куни барча мутахассислар ишга киришишди. Барча йўналишлар бўйича жарроҳлик амалиётлари бошланди. Офтальмолог Мурод Мавлонов, отолоринголог Шерзод Ғуломов, ортопед-травматологлар, тиббиёт фанлари номзоди Орифхон Усмонов ва Нигмат Муслимовлар, пластик жарроҳлик маркази раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Мурод Жаъфаров, лор бўлими мудири Ҳабибулло Абдуллаев ва бошқа мутахассислар болалардаги туғма нуқсон ва касалликларни бартараф этиш учун астойдил ҳаракат қилишди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.