Норин тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги "Саломатлик куни" бағоят уюшқоқлик билан ўтди. Яқиндагина реконструкциядан чиқарилиб, замонавий қиёфага кирган муассаса эрталабданоқ одамлар билан гавжум бўлди. Малакали шифокорлар қабулига ошиққанлар орасида ҳомиладор аёллар, оналар ва болалар кўпчиликни ташкил этди.

- Истиқлол йилларида миллат генафондини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини, узоқ умр кўриш даражасини ошириш мақсадида қатор хайрли ишлар қилинди. "Соғлом она-соғлом бола" миллий концепцияси доирасида амалга оширилган эзгу саъй-ҳаракатлар халқаро миқёсда ҳам этироф этилмоқда. Мазкур акциядан мақсад аҳоли репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш ва ирсий касалликларнинг олдини олишдан иборатдир,-дейди Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази акушер-гинекологи, тиббиёт фанлари доктори Гулчеҳра Умарова.

Республика ихтиослаштирилган кардиология маркази, Республика ихтиослаштирлган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва бошқа илмий марказларнинг вакиллари ҳафта давомида фаол иш олиб бордилар.

Қишлоқлар аҳолиси, диспансер ҳисобида турувчи беморлар, ногиронлар, ёшлар ва хотин-қизларга зарур ёрдам ҳамда тавсиялар берилди. Бу эса ўз навбатида одамларнинг узоққа қатнаб овора бўлмаслиги, мушкули осонлашиши, дарди енгиллашувида муҳим аҳамият касб этди.

- Мамлакатимиз пойтахтидан малакали шифокорларнинг туманимизга келиб, беморларни тиббий кўрикдан ўтказишаётгани давлатимизнинг халқимиз бахту саодати йўлидаги ғамхўрликларидан биридир, - дейди Наргиза Расулова. - Имкониятдан фойдаланиб қизимнинг саломатлигини текширувдан ўтказишга муваффақ бўлдим. Энди унинг соғлиги тикланишига ишончимиз ортди. Шифокорларга чин дилдан раҳматлар айтамиз.

Бу галги ижтимоий акция қамрови янада кенгайганлигини таъкидлаш жоиз. Унда жарроҳ, акушер-гинеколог, терапевт, педиатр, невропотолог, кардиолог, эндокринолог, офтальмолог, уролог, ортопед-травматолог, каби ўнлаб мутахассислар турли ёшдаги аҳолини малакали тиббий текширувдан ўтказишди.

- Тажрибали ҳамкасбларимиз билан мулоқотлар пайтида, уларнинг беморларга кўрсатаётган малакали тиббий хизматларини кузатиш баробарида касбий маҳоратимизни янада оширишга эришяпмиз. Соҳамиз янгиликларидан, замонавий тиббий технологиялардан бохабар бўляпмиз, - дейди Норин тумани тиббиёт бирлашмаси врачи Раъно Асиева.

Саломатлик ҳафталиги давомида вилоятимиз бўйича 5200 нафардан зиёд киши чуқурлаштирилган тиббий кўрикларга жалб этилди. Турли хасталиклар аниқланган 3 минг нафар беморларни амбулотор ва стационар шароитда зудлик билан даволаш чоралари кўрилмоқда. Қисқаси, ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.