Чуқур билимли, юксак салоҳиятли, маънавий жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялашда адабиётнинг ўрни беқиёсдир. Зеро, миллат адабиёти миллий мафкурамизнинг асосларидан бири сифатида Ватан равнақи, юрт ободлиги, комил инсон тарбияси учун хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг 2016 йил 13 майда қабул қилган "Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармони шу жиҳатдан беқиёс аҳамиятга эга. Чунки, унда ғоят долзарб вазифалар қўйилган ҳамда уларни бажариш муддатлари белгилаб берилган.
Фармонга кўра, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педогогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетлари ҳамда Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти негизида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилади. Бундан кўзланган мақсад ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш, таълим - тарбия тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан оширишдан иборатдир.
Энди республикамизнинг тилшунос ва адабиётшунос олимлари учун, ёш тадқиқотчилар учун, филолог-педагогликни танлаган йигит-қизлар учун мазкур олий таълим даргоҳида барча зарур шарт-шароитлар, кенг имкониятлар яратиб қўйилади. Соҳанинг юқори салоҳиятли академик ва профессорлари, фан докторларию фан номзодлари ўзларининг бор куч ва иқтидорларини илм-фан ривожи учун янада астойдил сарфлайдилар.
Аввало, ўзбек тили ва адабиёти, унинг ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий, фалсафий-эстетик асосларини, замонавий таълим технологияларини чуқур ўзлаштирган, давр талабларига жавоб берадиган юксак малакали илмий ва педагог кадрларни тайёрлайди. Илмий, бадиий ва бошқа соҳалардаги адабиётларни ўзбек тилидан инглиз ва бошқа хорижий тилларга, айни маҳалда жаҳон тилларидан она тилимизга юқори сифат ва юқори маҳорат билан ўгирадиган таржимонлар етказиб бериши шубҳасиз.
Миллат маънавиятининг тоғдек икки таянчи тил ва адабиёт ривожи учун кўрсатилаётган бу ғамхўрлик ўзининг оламшумул самараларини беришига ишонамиз. Юртбошимизнинг бу - тарихий Фармони ўзбек тили ва адабиёти ривожини тобора юқори поғонага кўтаришга хизмат қилаверади. Пировардида эса она тилимиз ва миллий адабиётимиз жаҳон миқёсида том маънода ўз ўрнини мустаҳкам эгаллашига умид қиламиз.
Солижон МЎМИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.