Акция доирасидаги чуқурлаштирилган тиббий кўрикларга дастлаб Мингбулоқ ва Наманган туманлари аҳолиси жалб этилди. Шу муносабат билан Мингбулоқ тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳовлисида маросим бўлиб ўтди. Уни туман ҳокими Абдулбоқи Иззатуллаев кириш сўзи билан очди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов ва Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Равшан Файзуллаевлар истиқлолнинг қутлуғ айёми арафасида ташкил этилаётган тиббий тадбирнинг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашдаги аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидладилар.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрик кун бўйи давом этди. Мамлакатимизнинг таниқли шифокорлари вилоятимиздаги ҳамкасблари билан биргаликда ўндан зиёд ихтисосликлар бўйича фуқароларнинг саломатлигини текширувдан ўтказдилар. Шу билан бирга меҳнат фахрийларининг уйларига бориб, кексаларга малакали тиббий хизмат кўрсатилди.
Саломатлик кунлари, шунингдек, Наманган шаҳрида, Янгиқўрғон, Чортоқ, Норин, Чуст туманларида ҳам ташкил этилиб, унда аҳолининг барча қатламлари тиббий текширувларга чорланади. Акциянинг тўла тафсилотлари билан газетамизнинг келгуси сонида бохабар қиламиз.