Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази мажлислар залига шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларининг амбулатор - поликлиника хизмати бўйича бош врачлари ўринбосарлари, ташкилий-услубий бўлимлар, кўп тармоқли марказий поликлиникалар мудирлари, оилавий поликлиникаларнинг бош врачлари, ҚВПлар координаторлари, бош ҳамширалар, Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали вакиллари, Саломатлик марказлари раҳбарлари йиғилдилар. Анжуманда "Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкиллаштириш, профилактик йўналишдаги тадбирларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар" юзасидан фикр юритилди.
Семинарни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов очди ва олиб борди.
Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Ханифа Бозорованинг профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни ташкиллаштириш, маълумотларни умумлаштириш ва таҳлил натижаларига оид, Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Манзура Азизованинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҚВПларнинг патронаж ҳамшираларини моддий рағбатлантиришни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги 350-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар, Учқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Муҳаббат Эсонбоеванинг аҳоли орасида ноинфекцион касалликлар профилактикаси юзасидан амалга оширилаётган тадбирлар натижадорлиги ҳақидаги ахборотлари тингланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаш бош бошқармаси бош мутахассиси Барно Одилова "Аҳолига кўрсатилаётган профилактик йўналишдаги тадбирлар сифат ва самарадорлигини ошириш тадбирлари тўғрисида" маъруза қилди.
Аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш тадбирларини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларга бағишланган семинар эса Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали мажлислар залида кечди. Уни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Матлуба Жамилова олиб борди.
Норин ТТБ бош акушер гинекологи Умида Низомованинг "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури доирасида перинатал даври муҳофазаси", Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Муҳаррам Қобулованинг "Аҳоли репродуктив саломатлиги муҳофазаси бўйича туманда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида", вилоят ДСЭНМи бош врачи ўринбосари Абдулҳамид Қодировнинг "Гемотранмиссив инфекциялар профилактикаси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг олдини олиш тўғрисида"ги ва бошқа маърузалар ҳам эшитилди.
Вилоят стоматология поликлиникаси мажлислар залида бўлиб ўтган анжуман эса тиббий кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва шахсий таркибга оид ҳужжатларни расмийлаштириш чора-тадбирларига бағишланди.Уни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мухторжон Жўрабоев олиб борди.
Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Файзулло Дадабоев "ШТБ ва ТТБларда кадрларга оид хизматни такомиллаштириш юзасидан ўтказилган мониторинг натижалари тўғрисида", Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Анасхон Камолиддинов "Ижтимоий ҳимоя ва тиббий ижтимоий ёрдам билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2499-сонли қарор ижроси", бошқарма бош мутахассиси Дилфуза Болтибоева "Вилоятда жорий этилган кураторлик тизими ҳақида" маърузалар билан чиқдилар.
Вилоят тиббий-диагностика маркази мажлислар залида ташкилланган семинарга "Аҳолига кўрсатилаётган стационар ёрдамни янада такомиллаштириш, даволаш-профилактика муассасаларини дори-дармон, реактив ва бир марталик тиббий буюм, сарфлов материаллари таъминотини яхшилаш чоралари" мавзу қилиб олинди. Уни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Наманган вилоятидаги Назорат инспекцияси бошлиғи Неъматулла Қирғизбоев олиб борди. У дастлаб ССВнинг 2012 йил 20 ноябрдаги "Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида иқтисодий қонун бузилишлар ва коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги буйруғи ижросини таъминлаш борасидаги фаолиятни таҳлил этди.
РШТЁИМ Наманган филиали директори ўринбосари Адҳам Рўзиматов "Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонунига мувофиқ вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиблари ҳақида" маъруза ўқиди. Норин, Янгиқўрғон, Мингбулоқ, Косонсой туманлари тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари Абдували Мавлонов, Лайло Аҳмедова, Йўлчибой Йўлдошев, Муродилла Тошматовлар ҳам кун тартибидаги масалалар юзасидан сўзга чиқишди.
Вилоят ДСЭНМида якунланган анжуманда давлат санитария-эпидемиология назорати маркази фаолиятига доир долзарб мавзулар бўйича маърузалар тингланди.
Бўлиб ўтган анжуманларда қатнашчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар олдилар.
Семинарларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов иштирок этди.
А. ҒОЗИЕВ,
М. ЭРГАШЕВА,
Р. МАМАДАЛИЕВ.