"Кеча Чуст туманидан келган қизни соғлигини текшириб, керакли дори-дармонлар берган эдим. Бугун ўзгариш бўлиши керак" дея у "Навбатчи ҳамшира Г. Маллабоева" деб ёзилган эшикни очди. Шкафдан оппоқ халат ва қалпоғини олиб кийди. Дори-дармонлар солинган махсус сумкани олиб ўзи масъул бўлган 2-гуруҳ жойлашган бино томон йўл олди.

Бир ҳафта илгари аллергик хасталик туфайли Чуст туманидан келган 7-синф ўқувчиси Сайёрага об-ҳаво ўзгариши таъсир этганми юз-кўзлари қизарган, иссиғи юқори эди. Ҳамшира унга укол қилиб, керакли дори-дармонлар берганди. Бугун эса Сайёра Гулбаҳорни хурсанд ҳолда табассум билан қучиб олди. Унга қайта-қайта миннатдорчилик билдирди.

Гулбаҳор тиббиётчилар оиласида дунёга келган. Болалигиданоқ қалбида шифокорликка ҳавас уйғонди. Орзуси ушалиб Чортоқ тиббиёт коллежини муваффақиятли тамомлади. 1988 йилда эса болалар сиҳатгоҳига ишга қабул қилингач назарий билимларини амалда кўрсата бошлади.

- Гулбаҳор бўлимимизда иш бошлагандаёқ ўзининг тиришқоқлиги, жонсарак, та­шаббускорлиги билан жамоа­да тезда ҳурмат топди. 110 ўринли бўлимимизга болалар йўлланма орқали қабул қилинади. Бу ерда бир ой, ёзги таътилда эса 15 кун даволаниб, таълим-тарбия оладилар. Шифокор беморлар, айниқса, болалар билан мулоқотда руҳшунос ҳам бўлиши керак. Гулбаҳор қизимизда ана шундай қобилият бор. Шунинг учун болажонлар тез кундаёқ у билан тил топишиб оладилар. Сиҳатгоҳда ўтказилаётган барча маънавий-маданий тадбирларимизга доимо бош-қош, - дейди сиҳатгоҳнинг ревматология бўлими мудири, олий тоифали дерматолог Қулмирза Бекимбеков.

Ҳа, лавҳамиз қаҳрамони устозлари - фельдшер Зокиржон Ҳошимов ва ўша пайтда катта ҳамшира вазифасида меҳнат қилган Зарема опадан касб маҳорати сирларини ўрганди. Бугун шунга ҳам салкам ўттиз йил бўл­япти.

- Сиҳатгоҳимизда болаларда учрайдиган ревматологик касалликлар, бод, жароҳатдан кейинги ҳолат, яъни остехондроз, эндобуқоқ, экзема, аллергик, тунги энрез ва бошқа хасталикларга даво чоралари кўрилади, дейди Г. Маллабоева. - Биз нафақат даволаш, балки уларни мус­тақил ҳаётда яшашларида, комил инсонликка эришиш сабоқларни ҳам беришга харакат қиляпмиз. Қиз болалар ўртасида турли суҳбатлар ўтказиш, қизиқарли танловлар ташкил этиб ғолибларни рағбатлантириш ишларидан даволанувчи беморларгина эмас, ота-оналари ҳам хурсанд. Соғлом турмуш тарзи талабларига болаликдан амалга қилишга одатлантириш, айниқса, бугунги ўсмир эртага ота-она бўлишини тушунтиряпмиз.

Бўлим ҳамширалари Юлдузхон Тиллабоева билан Нафисахон Тожибоева ўзларига устозлик қилаётган Г. Маллабоева каби эл соғлиги, юрт фаровонлиги йўлида фидоий бўлишга интилаётганликларини фахрланиб сўзлашишди.

Биз ҳам болажонлар меҳрини, жамоа аъзолари ҳурматини қозанаётган саломатлик посбони Гулбаҳор Маллабоеванинг келгуси фаолиятида омадлар ёр бўлишини тилаймиз.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.