- Она ва бола саломатлигига эришиш учун аввало уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини тобора юқори кўтариш лозим. Чунончи, биринчи нав­батда, аҳолининг мазкур қатлами ўртасида профилактика, тиббий маданиятни юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Бунда, айниқса, чуқурлаштирилган тиббий кўрикларнинг аҳамияти беқиёс. Жорий йилнинг ўтган даврида туғиш ёшидаги аёллар ва болалар шундай муҳим тадбирга кенг жалб этилди. Шуниси диққатга сазоворки, "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остида ташкилланган ижтимоий акцияда нафақат вилоят шифокорлари, балки, мамлакатимиз етакчи тиббиёт марказлари ва тиббиёт олийгоҳлари шифокор олимлари иштирок этиб, чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли вакилларига малакали тиббий хизмат кўрсатишди.

Бундан ташқари март ойида якунланган "Патронаж ойлиги" ҳам ижобий самаралар берди. Вилоят даволаш-профилактика муассасалари тажрибали шифокорлари туманлардаги ҳамкасблари билан хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг барча қатламларини, биринчи навбатда оналар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказдилар. Текширув пайтида аниқланган касалликларни зудлик билан даволаш чоралари кўрилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида ўн минг нафардан зиёд ҳомиладор аёл скрининг кўригидан ўтказилиб, уларда ҳомиладорлик жараёнининг қандай ўтаётгани, ҳомиланинг ўсиши ва бошқа кўрсаткичлар аниқланди. Шу ўринда мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтиш лозим. Хусусан, жорий йил охирига қадар скрининг марказини юқори даражали рақамли, кўп мақсадда фойдаланиладиган диагностик ультратовуш тизими билан жиҳозлаш кўзда тутилган.

Ҳомиладор аёлларнинг соғлиғини сақлаш ва психофизиологик аҳволини яхшилаш, ёш оналар ва болаларни тегишли тарзда парвариш қилиш соҳасидаги ишлар кучайтириляпти. Уларнинг овқатланиш рациони сифати ва калорияси яхшиланишини таъминлаш мақсадида фортифицирланган ун ва йодланган тузнинг инсон саломатлигига таъсири юзасидан таълим муассасалари ва маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ташкил этганмиз. Оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилиняпти. Шунингдек, ҳомила нуқсонларининг олдини олиш мақсадида бўлажак оналар "Витрум Пренатал" поливитамин комплекси билан таъминланмоқда.

Дастурий чора-тадбирларни амалга оширишда давлат бошқарув органлари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда. Масалан, вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, вилоят прокуратураси ва бошқа мутасадди идораларнинг "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурига асосан туғиш ёшидаги аёллар ва болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар дастури" қабул қилинди. Айни чоғда унинг изчил ижросини таъминлаш учун барча имкониятлар ишга солинаётир.

Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали ва "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими билан ҳамкорлигида жонли деворлар ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жумладан, лойиҳа доирасида маҳаллаларда буклетлар йиғиндисидан иборат "Саломатлик бурчаклари" ташкил этиляпти. Гузарларда "Оталар мактаби", фаол аёллар ва намунали оилалар аъзоларидан иборат "Қайнона ва келин мактаби" фаолияти йўлга қўйилиб, ҳомиладорлик ва туғруқ даврининг ижобий кечишида оила аъзоларининг масъулияти, соғлом фарзанднинг дунёга келишида чуқурлаштирилган тиббий кўрикнинг аҳамияти тар­ғиб қилинмоқда. Эрта турмуш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, тиббиётнинг доимий мавзуларига оид видеороликлар намойиш этилмоқда.

Болалар бизнинг келажагимиз. Нуридийдаларимизнинг соғлом, бақувват, маънавий жиҳатдан баркамол ўсиши эртанги кунимиз янада саодатли бўлишига замин яратади. Шу мақсадда болалар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар сифатини юқори даражага кўтариш кун тартибидаги энг долзарб вазифалардан бирига айланган. Жумладан, жойларда мунтазам ўтказилаётган "Болалар саломатлиги ҳафталиклари" фикримиз тасдиғидир. Эмлаш амалдаги тақвимга мувофиқ ўтказиб бориляпти. Витамин "А" саплементацияси ва мактабгача, мактаб ёшидаги болаларни дегельминтизиация дастури билан қамраб олиш таъминланмоқда. Тақдир тақозоси билан носоғлом дунёга келган болаларни соғ­ломлаштириш масаласи ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. "Соғ­лом авлод учун" халқаро хайрия жам­ғармаси мададида Германия ва Жанубий Корея халқаро ташкилотлари кўмагида туғма нуқсони бор болаларни чет эл клиникаларида даволаш устида ҳам иш олиб борилмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, жисмонан соғлом ва маънан етук авлодни вояга етказишга қаратилган ишларимиз бардавомдир. Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг тўла-тўкис бажарилишини таъминлаш билан юртдошларимиз соғлигини мустаҳкамлашдек олижаноб ишга муносиб ҳиссамизни қўшаверамиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ ёзиб олди.