- Менга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатган шифокорлардан беҳад миннатдорман, - дейди Райҳона Ваҳобова. - Худога шукр, фарзандларимнинг ҳам, ўзимнинг ҳам соғлигимиз жойида. Гинеколог ва неонатолог врачларнинг доимий назоратидамиз. Доя ва ҳамширалар яқиндан кўмаклашишяпти. Акушер-гинекологлар Дилфуза Атамирзаева ҳамда Муаззам Жўрабоевага, бўлим мудири Асила Шамсибоева, неонатолог-врач Обидахон Боймирзаевага, доя ва ҳамширалар Раъно Қаҳҳорова, Мушарраф Алимирзаева, Дилором Нўъмонова, Гулчеҳра Ахматоваларга миннатдорлигим чексиз...

Филиалда бундай ҳаяжонли ва унутилмас воқеалар ҳар куни кўп бор такрорланади. Аёлга фарзанд кўриш онларида мадад бўлаётган, эртамиз эгаларини соғлом туғилиши учун кечаю-кундуз жон куйдираётган аҳил жамоа ўз зиммасидаги масъулиятни тобора чуққурроҳ ҳис қилмоқда.

- Даволаш ва профилактика ишларида замонавий тиббий технологиялар қўлланилиши туғруқ жараёнининг бехатар кечишига муҳим омил бўлмоқда, - дейди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Муқаддас Абдуллаева. - Оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳомиладор аёлларга ғамхўрлик "Соғлом онадан - соғлом болага" шиори остида ўтмоқда. Самарали перинатал парвариш, кечиктириб бўлмайдиган акушерлик ёрдами, болалар касалликларини интеграциялаш, кўкракда эмизиш ва чақалоқларнинг бирламчи реанимацияси усуллари муваффақиятли бажарилмоқда.

Айни маҳалда кам вазнли чақалоқларга неонатологик хизматни замонавий технологиялар асосида ташкиллаш янада кучайтирилган. Чақалоқларни кўкрак сути билан овқатлантириш, "Касалхоналарнинг болага олийжаноб муносабатда бўлиши ташаббуси"ни қўллаб-қувватловчи ҳафталиклар ўтказиш йилнинг энг муҳим тадбирларига айлантирилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган диагностика ва даволашнинг халқаро стан­дарт­ларини ўрганиш ва амалда қўллаш бўйича реаниматологлар, акушеркалар ва тиббиёт ҳамшираларини қайта ўқитиш йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда акушер гинекологлар Юлдуз Азизова билан Роҳатой Эшоновалар лапараскоп аппаратидан фойдаланишни пойтахтда юқори малакали ҳам­касб­лари ҳузурида ўқиб-ўрганишмоқда. Чунки яқинда бу ерга шундай зарур замонавий анжом келтирилиб, беморларга янада қулайлик яратилади.

Филиалнинг ўзи ҳам вилоятдаги туғруқхоналар шифокорлари учун ўқув амалиёт муассасаси вазифасини ўтайди. Шаҳар ва туманлардаги тиббиёт бирлашмалари акушер-гинеколог, умумий амалиёт шифокорлари ва доя­лари малакасини ошириш мунтазам йўлга қўйилган. Мутахассис-врачлар "Регионализация ва маҳорат мактаби бўйича" ўзларига бириктирилган ҳудудларда вақти-вақти билан машғулотлар ўтказишмоқда. Мутахассисларнинг билим ва малакасини оширишда бу тадбирлар муҳим роль ўйнамоқда.

Шунингдек, муассаса жамоаси қизларни, яъни бўлажак оналарни соғлом вояга етказиш мақсадида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида тар­ғибот анжуманларини тез-тез уюштирмоқда. Соғлом ва бахтли оила қуришга тайёрлаш борасида педагогик жамоаларга фаол кўмак бериляпти.

Мўътабар ва мунис аёл учун энг юксак шараф оналик бахтидир. Шу бахт­ни оилаларга бахш этувчи, қувонч ва шодлик улашувчи чақалоқларнинг "инга"лари эса ҳар бир ёш оилада мудом эшитилиб турсин. Уларнинг соғ­лиги истиқлолли юртнинг эртанги куни эгалари сифатида ҳамиша қадрланаверади.

Манзура ЭРГАШЕВА.