Мамлакатимизда онкология хизматини такомиллаштиришнинг зарур чоралари кўриляпти. Ихтисослашган шифохоналарнинг моддий-техник имкониятлари ривожлантирилмоқда. Тиббиёт муассасаларда янги технологияларни татбиқ этиш жадал боряпти. Шифокорлар билим ва малакаси ошириляпти, аҳолининг тиббий маданияти юксалтириляпти. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар ойлик давомида янада авж олганлигини алоҳида эътироф этмоқ жоиз.
Вилоят онкология диспансери шифокорлари шаҳар ва туманлардаги саломатлик посбонлари билан ҳамкорликда ҳудудларда фаол иш олиб боришди. Аввало, туғиш ёшидаги аёллар саломатлиги онкологик жиҳатдан текшириб кўрилди. Кейинчалик хасталикка гумон қилинганлар ҳолати диспансернинг ўзида чуқур ўрганиб чиқилди.
- Дастлабки тиббий текширувларда касаллик аломатлари сезилган кишиларни саралаб олгандик. Уларни диспансерга чақириб, хасталик даражасини яна бир бор ўрганиб чиқяпмиз,- дейди онкогинеколог Феруза Турсунова.
Навбатдаги босқичда эса Республика онкология илмий маркази малакали мутахассислари иштирокида хавф гуруҳига кирувчи беморлар такрорий равишда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббиёт маскани поликлиникасида пойтахтлик врач ва мутахассислар астойдил иш олиб боришди. Онкогинеколог Музаффар Отажонов ҳар куни ўнлаб беморларни қабул қилди.
- Саломатлигимиз учун шу қадар ғамхўрлик кўрсатилаётганидан беҳад миннатдормиз, -дейди Ирода Маҳсудова. - Хатто, Тошкентдан махсус шифокорлар гуруҳи юборилганлиги таҳсинга лойиқ. Улар зарур маслаҳат ва тавсиялар беришяпти.
РОИМ ультра товуш текшируви мутахассиси Алишер Обиджонов, цитолог Сирожиддин Ҳамидовлар ҳам самарали фаолият юритишди. Улар дастлабки тахминларни аниқ ташхислар ва замонавий тиббий жиҳозлар воситасида мукаммал ўрганиб, ҳар бир беморни соғломлаштириш бўйича қатъий таклифларини айтишди.
Саломатлик ойлиги дастурига мувофиқ диспансер мажлислар залида тиббиёт бирлашмалари онколог врачлари, гинекологлари, умумий амалиёт шифокорлари иштирокида ўқув анжумани ҳам ўтказилди. Уни вилоят онкология диспансери бош шифокори Муяссар Эргашева очар экан, мазкур семинарнинг аҳамияти беқиёс эканлини таъкидлади.
Республика бош онкогинекологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Наргиза Йўлдошева "Бачадон бўйни саратони скрининг текширувлари натижалари ҳақида" маъруза қилди. Республика онкология илмий маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Лола Алихўжаеванинг маърузаси эса кўкрак бези касалликларининг олдини олиш борасидаги халқаро тажрибалар тўғрисида бўлди. Нотиқлар аёлларда учрайдиган хавфли ўсма касалликлари қанчалик эрта аниқланса шунчалик юқори самара беришини илмий жиҳатдан асослашди.
Анжуманда мамлакатимизда онкология хизмати даражаси ўсиб бораётганлиги эътироф этилди. Шу билан бирга аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини янада кенг тарғиб қилиш, ташкилланаётган тиббий кўриклар сифатини яхшилаш, онколог шифокорлар билими ва малакасини ошириш муҳимдир.
- "Соғлом она ва бола йили"да аёллар саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли иш олиб бориляпти. Айниқса, саратонолди касалликлари профилактикаси ва соғломлаштириш тадбирларига алоҳида урғу берилмоқда,- дейди профессор Наргиза Йўлдошева. - Бир неча кундирки илмий марказимизнинг бир гуруҳ малакали мутахассислари водий вилоятларида хизмат сафарида юришибди. Аҳолига тиббий кўрикларимиз моҳиятини етказиш, туғиш ёшидаги аёлларда кузатилаётган турли яллиғланишларни ўрганиш ва ишончли даволаш билан онкологик касалликларни камайтиришга эришиш бош мақсадимиз.
Онкологик касалликларни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш мақсадида ташкил этилган ойлик давомида қуйи тизим тиббиёт муассасаларидан тортиб то республика илмий марказигача бўлган даражадаги даволаш-профилактика масканлари ходимлари фаолияти уйғунлаштирилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.