Сафда соғлом турмуш тарафдорлари
Мингбулоқ тумани "Дўстлик" маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги ҳамда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг 15 йиллик тантаналарига уйғун "Биз - буюк юрт фарзандларимиз" шиори остида ёшлар фестивали ўтказилди.
Тантанани туман ҳокими А. Иззатуллаев очиб, фестивал ишига муваффақият тилади.
Анжуман "Биз - соғлом турмуш тарафдоримиз" лойиҳаси доирасида ёшлар марафони билан бошланди. Унда 1200 нафардан ортиқ ўғил-қизлар пойтахтдан ташриф буюрган санъаткор ва хонандалар, театр артистлари Абдулазиз Мўминов, Даврон Каримов, Элдор Абдураҳмонов, Муқаддас Сайдуллаева, Муслимбек Абдуллаев ҳамда "Манго" гуруҳининг ижрочилари билан минг метрга югуриш мусобақаларида фаол қатнашдилар. Марафонда энг юқори марраларни забт этган Жомашўй мелиорация ва қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг талабалари Динара Эргашалиева, Илёсбек Қодиров, Нодира Абдуллаевалар тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
- Бу галги марафон биз ёшлар қалбига ажиб бир сурурли ва ғурурли ватанпарварлик туйғуларини жо айлади, - дейди 13-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ҳилола Мадаминжонова. - Айниқса "Биз - соғлом турмуш тарафдоримиз" марафонининг туманимизда илк марта ташкиланаётгани ва таниқли меҳмонлар билан бир сафда майдонга тушганимиздан ғоят мамнунмиз.
Мусиқа ва санъат мактабида "Ёшлар диний экстремизм ва оммавий маданиятга қарши" шиори остида ўтказилган давра суҳбати долзарблиги билан муҳим аҳамият касб этди.
Шу куни меҳмонлар фестиваль доирасида Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийлари, ўзгалар мададига муҳтож фуқаролар хонадонларида ҳам бўлишиб, уларни Хотира ва қадрлаш куни байрами билан қутлашди ва қимматбаҳо совғалар топширишди.
Туман маданият саройида ташкилланган махсус адабий-бадиий-мусиқий дастур барчага манзур бўлди.
Манзура Эргашева.
Ғоят кўтаринки кайфиятда
Акция доирасидаги тадбирлар Поп туманида ҳам ғоят эсда қоларли ташкилланди. Поп шаҳридаги очиқ театр кечки пайт ёшлар билан гавжум бўлди. Чунки, республика ва вилоятдан ташриф буюрган санъаткорлар, олиму шоирлар ҳудудлардаги учрашувлардан сўнг шу ерда жамулжам бўлишганди. "Биз - соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз" шиори остида гала концерт ўтказилди.
Саҳнага таниқли театр артистлари, эстрада хонандалари Сайёра Юнусова, Муяссар Бердиқулова, Юлдуз Турдиева, Самандар Ҳамроқулов, Отабек Ҳақбердиевлар чиқишганида йигит-қизларнинг кўтаринки кайфияти янада авжланди. Шўх куй-қўшиқлар дилларга ҳузур бағишлади.
- Биз мазкур концертга қадар ҳарбий қисмда йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар, Хўжаобод қишлоғидаги 7-мактабда таълим-тарбия олаётган ўқувчилар, ҳатто бир неча хонадонларга кириб, намунали оила соҳиблари билан учрашдик, мароқли суҳбатлар қурдик. Озод ва обод юртнинг бахти баркамол инсонларининг Ватанга чексиз садоқатларини кўриб, беҳад қувондик, - дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Самандар Ҳамроқулов.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.