Байрам тадбири аввалида бошқарма бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов барчани яқинлашиб келаётган қутлуғ айём билан муборакбод этди. Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида нишонланиши анъанага айланган Хотира ва қадрлаш кунининг аҳамияти ҳақида фикр юритар экан, эл-юрт равнақи, соҳа тараққиёти учун умрини бағишлаган табаррук инсонлар фидойилиги доимо ёдда эканлигини, тиббиёт фахрийларини эъзозлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилишини таъкидлади.
Тадбирда Ўзбекистон Врачлар ассоциацияси вилоят бўлими раҳбари Тоҳиржон Абдуллаев, фахрий шифокор Аҳмадхон Аҳмадхўжаев ва бошқалар марҳум устозлари, эл саломатлигини мустаҳкамлашда ўрнак кўрсатган ҳамкасблари хотирасини эсга олдилар, истиқлол боис миллий қадриятларимиз қайта тиклангани, мамлакатимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида гапириб, мустақилликни янада мустаҳкамлашга баҳоли қудрат ҳисса қўшишга доимо шай эканликларини айтдилар.
- 19 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари саломатлиги тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг хонадонларига шифокорлар ташрифи уюштирилди, - дейди Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Орифжон Пошшаев.
Кейинги кун эса вилоят марказида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Собиржон ота Мўминов ва Любовь Михайловалар хонадонига борилиб эсдалик совғалари топширилди.