"Ҳамшира-2016" кўрик-танловининг вилоят босқичи 12 май - Хал­қаро ҳамширалар куни арафасида ташкил этилганлиги эътиборга молик. Зеро, жорий йилдаги мазкур сана "Ҳамширалар - соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришлар сифатини янада оширишда муҳим таянч ва ҳаракатлантирувчи куч" шиори остида нишонланади.

Тадбирнинг очилишида вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳилола Юсупова, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминовлар сўз олиб, истиқлол йилларида муҳтарам Президентимиз раҳномолигида тиббиётда кечаётган изчил ислоҳотлар бераётган беқиёс самаралар ҳақида фикр юритишиб, соғлиқни сақлаш ходимлари малакаси ва касбий маҳоратини ошириш бугунги кунда муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлашиб, кўрик-танлов иштирокчиларига омадлар тилашди.

- Саралаш босқичларда икки юз нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходими саҳнага чиқди. Шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасалари вакилларидан энг билимли, малакали ва иқтидорлилари кўрик-танловнинг ушбу босқичида ғолиблик учун кураш олиб боришяпти, - дейди бошқарма бош ҳамшираси Райҳона Мансурова.

Ҳамшираларнинг билимдонлик ва зукколик, эпчиллик ва маҳоратлилик баҳси Низомга кўра бешта шарт бўйича кечди. Биринчи шартга мувофиқ ҳар бир қатнашчи шеърий тарзда таништирув чиқишини ифодалади. Унда тиббиёт муассасаларидаги янгиланиш ва изланиш жараёнлари турли воситаларда акс эттирилди. Иккинчи шарт талабига кўра тиббиётга оид назарий билимлар қай даражада эгалланганлиги имтиҳондан ўтказилди. Сиёсий билимлар синови ва ҳамшираларнинг истеъдоди намойиши ҳам бағоят қизғин ўтди. Амалиёт бўйича кўникмалар Наманган шаҳар болалар шифохонасида уюштирилганди.

РШТЁИМ Наманган филиали гинекология бўлими ҳамшираси Муаззам Йўлдашаева, Уйчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Ахси қишлоқ врачлик пункти ҳамшираси Муҳаббат Қирғизова, Наманган шаҳар 3-оила поликлиникаси ҳамшираси Матлуба Боқижонова, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими ҳамшираси Гулҳаё Насриддинова ва Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси вакили Назира Набиевалар биринчи шартни аъло даражада бажаришди. Кейинги шарт талабларини ҳам улар юқори баҳоларга уддалашди. Наманган, Чортоқ ва Янги­қўрғон туманлари тиббиёт бирлашмалари ҳамширалари Омина Маҳмуджонова, Мафтуна Исроилова ҳамда Дилшода Ҳамидовалар амалий машғулотларда «рақиб»ларидан устун эканликларини кўрсатишди. Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали ҳамшираси Нодира Мадраҳимова сиёсий билимларни мукаммал эгаллаганлигини амалда тасдиқлади. Вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонаси ҳамшираси Зоҳида Ҳабибуллаева билан вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси Мафтуна Саматова ва Учқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Мафтуна Нишонбоевалар ўз истеъдодларини юксак маҳорат билан намойиш қилдилар.

Якуний натижага мувофиқ ҳаммадан кўп балл тўплаган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали гинекология бўлими ҳамшираси Муаззам Йўлдашаева ғолиб, деб топилди. Наманган шаҳар 3-оила поликлиникаси ҳамшираси Матлуба Боқижонова иккинчи, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими ҳамшираси Гулҳаё Насриддинова учинчи ўринни эгаллади.

- Ютуқ осонликча қўлга киритилмади. Бунинг учун кўп изландим. Устозларим Асила Расулова ва Нигора Латифбоеваларнинг мададини ҳар жабҳада ҳис этиб турдим. Энди Қорақалпоғистон Республикаси пойтахтида 27 май куни бўлиб ўтадиган республика финал босқичида ҳам юқори натижага эришиб, наманганлик ўрта тиббиёт ходимлари нималарга қодир эканликларини исботлаш учун астойдил ҳаракат қиламан,-дейди Муаззам Йўлдашаева.

Тақдирлаш маросими ҳам ҳаяжонли ўтди. Бошқарма бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов кўрик-танлов совриндорларига эсдалик совғалари ва дипломларни тантанали равишда топширди.

А. Ғозиев.