Германиядаги GFA consulting group томонидан яратилган лойиҳанинг раҳбари Питер Кэмпбел миллий тренер Нигора Қорабаева билан биргаликда мониторинг ўтказишаётган экан. Улар билан суҳбат асносида янгилик ҳақида мухтасар маълумотга эга булдик.
Наманган вилояти лойиҳани амалда синаб кўриш учун танланибди. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида 2015 йилнинг декабрида семинар ўтказилибди. Унга оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритаётган 73 нафар тиббиёт ходими жалб этилибди. Улар "Ҳомиладорлар уй варақаси"ни юритиш бўйича ўқитилибди.
2016 йилнинг 2 январидан шаҳардаги оилавий поликлиникаларга, туманлардаги қишлоқ врачлик пунктларига тарқатилган мазкур дафтар ҳомиладорларга етказилиб, талабларга мувофиқ тўлдириб борилиши йўлга қўйилган. "Ҳомиладорлар уй варақаси" аслида жуда фойдали, қачонки уни тўлдириш тўғри ташкилланиб, қайдлар ўз вақтида, аниқ ва лўнда ёзиб берилса.
- Лойиҳага кўра, наманганлик аёлларга 60.000 нусхада шундай рисола - дафтар чоп қилиниб, тўла етказилди, - дейди Питер Кэмпбел. -Банк бунга 121 миллион 278 минг сўм маблағ сарфлади. Бу аслида катта пул эмасдиру, лекин фойдаси албатта катта бўлишига умидвормиз. Дастлабки тўрт ойдаёқ натижа кўзга ташланмоқда. Акушер-гинеколог врачларнинг эътирофларича, авваллари қабулларига келганларда саволлар беҳад кўп экан. Оддий тиббий талабларниям яхши билишмасди. Қайта-қайта сўрашаверарди. Ахир оғзаки жавобнинг ҳаммаси ҳам ёдда қолавермайди-ку. Мана бу рисола-дафтар қўлларига теккач, ҳам ўқишяпти, ҳам мутахассислар тўлдириб беришяпти. Энди сўровлар камайгани, аёлларнинг ўз аҳволидан ўзи хабардорлиги, бугун нима қилиши-ю, эртага соғлиги қандай кечишини яхши англаб олишига эришилмоқда.
- Кўрикка, врач ҳузурига фақат ҳомиладор аёлнинг ўзи эмас, турмуш ўртоқлари ҳам келишяпти, - дейди мамнуният билан миллий тренер Нигора Қорабаева. "Боламнинг, аёлимнинг аҳволи қанақайкан?" дея қизиқишяпти. Оғир ҳолатда келишлар тобора озайяпти. Булар ҳали бошланиши, холос. Йил охиригача белгиланган вазифалар тўла-тўкис уддаланса, лойиҳанинг тажрибадан муваффақиятли ўтгани тасдиқланади. Кейин Наманганда бошланган тажриба бутун республикага ёйилади. Мақсади "Соғлом она ва бола" йили Давлат дастури ижросига кўмаклашиш, бехатар оналикка қулай имкониятлар яратишдан иборатдир.
Мана, қўлимизда "Ҳомиладорлар уй варақаси". Тўғрисини айтганда бу оддий варақа эмас, қимматли қўлланма. Унинг саҳифаларида бир-биридан зарур маълумотлар ўқишингиз, қайд эттириб боришингиз, ўзингизни ўзингиз назоратга олишингиз мумкин.
Илк саҳифада онанинг ҳам, отанинг ҳам манзили, телефон рақами, туғилган санаси, бўйи, вазни қон гуруҳи, туғилган резус-омили ёзиб қўйилади. Кузатувчи муассаса номи, манзили, телефон рақами, иш тартиби бириктирилган тиббиёт ходимларининг, яъни ҳамширасининг кимлиги аниқ кўрсатиб берилади. Кечаю-кундуз алоқада бўлиш мумкин.
Иккичи саҳифада аёлларга қуйидагилар уқтирилган:
Мазкур ҳужжатни доимо ёнингизда олиб юринг.
Аниқланган тиббий текширув натижаларини ўз вақтида қайд этиш учун ҳужжатни Сизни кузатаётган шифокор ёки дояга беришни унутманг. Бу соғлигингиз тўғрисида аниқ маълумотларга эга бўлишингизга ёрдам беради.
Иш юзасидан, саёҳат ёки меҳмонга отланган вақтда ҳам хужжатни ёнингизда олиб юришни эсдан чиқарманг. Тиббий ёрдам зарурати туғилганда асқотиб қолади.
Ўз вақтида шифокор ҳузурига бориш ва тиббий текширувлардан ўтиш Сиз ва фарзандингиз саломатлиги гаровидир.
Лойиҳа ижрочилари билан аҳоли репродуктив саломатлик маркази жамоаси мунтазам алоқа ўрнатишган. Оналар фақат туғруққача эмас, ундан кейин ҳам қатъий назоратда турадилар. Ҳатто болаларининг эмланишигача қайдлар тўлдирилади. Ушбу брошюра Ўзбекистон ва Германия Федератив Республикаси ўртасида молиявий ҳамкорлик доирасида беғараз ёрдами "меваси" сифатида ҳомиладорларнинг беминнат дўсти бўлиб қолишига ишончимиз комил.
Содиқ САЙҲУН.