Анжуманда "Саломатлик сектори" фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ ишларнинг ҳолатига эътибор қаратилди. 3-оила поликлиникаси бош врачи Шокиржон Ҳайдаров аҳоли яшаш жойларида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олиб борилаётган тадбирлар ҳақида тушунча берди. Қатнашчиларга мазкур сектор ишига оид меъёрий ҳужжатлар тўплами кўрсатилди, маҳаллалардаги аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар тўғрисида ҳикоя қилувчи видеоролик намойиш этилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Райҳона Мансурова ва ҚВПлар бўйича бош координатори Зулфия Мамажоновалар маҳаллалар фуқаролар йиғинларида ташкил этилган "Саломатлик секторлари" аъзоларининг маҳалла фаоллари билан ҳамкорликдаги фаолияти юзасидан маъруза билан чиқдилар.

Вилоятда ўтказилаётган "Онкологик касалликлар профилактикаси, эрта аниқлаш ва скрининги ойлиги"нинг мақсад ва вазифалари тўғрисида вилоят онкология диспансери бош шифокори Муяссар Эргашева слайдлар воситасида чиқиш қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур ойликда кўзда тутилган чора-тадбирлар ижросига изчил киришилган. Тиббий жараён уч босқичда кечади. Дастлаб онкология диспансери шифокорлари шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари ҳамда оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пункт­ларидаги ҳамкасблари билан аҳолининг барча қатламларини, айниқса туғиш ёшидаги аёлларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказадилар. Сўнгра касалликка гумон қилинган фуқаролар онкология диспансерида тиббий текширувдан ўтадилар. Якуний босқичда эса пойтахтдан ташриф буюрадиган малакали шифокор мутахассисларнинг маслаҳатлари асосида беморлар соғломлаштириш учун вилоят ва республика даволаш муассасаларига юборилади.

Семинарда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Оналик ва болалик муҳофазаси бўлими бошлиғи Нилуфар Рўзиева ва вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳилола Юсуповалар иштирок этиб, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар беришди.