Юртимизда кечаётган тиббий ислоҳотлар ҳам халқ саломатлигини сақлашга қаратилган. Фаолиятимизда ҳамиша инсон манфаатлари устувор. Ҳузуримизга келган беморларга барча қулайликларни яратиб қўйганмиз. Ногиронлар қабул навбатлари келгунича алоҳида хонада бир пиёла чой ичишиб ўтиришлари мумкин. Ҳатто телевизор томошалаб, кўнгилли дам олишлари, янгиликлардан бохабар бўлишлари учун зарур имкониятлар муҳайё этилган.
Жорий йилнинг биринчи чорагида Наманган ва Тўрақўрғон туманларида яшовчи ҳужжат тақдим этган беморларнинг 397 нафарига ногиронлик гуруҳи белгиладик. Қайта мурожаат қилганларнинг 5 нафари тўлиқ ва 21 нафари қисман соғломлашганини аниқладик. Бу реаблитация жараёнининг самараси, албатта.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, яқинда Республика Бош прокуратураси томонидан вояга етмаган ногирон болаларга тиббий эксперт ва ижтимоий хизмат кўрсатишнинг ҳолати назоратдан ўтказилди. 16-18 ёшдаги ногиронларга қандай ғамҳўрлик қилинаётгани ўрганилди. Болалар реаблитацияси, уларнинг техник, ортопедик протез маҳсулотлари билан таъминланиши кўздан кечирилди. Бу борада жиддий камчиликларга йўл қўймаганимиз, анчагина ишларни амалга оширганимиз билан олдимиздаги вазифаларимиз масъулияти катта эканлигини ҳис этдик. Айрим камчиликларни ўз ўрнида ва ўз вақтида бартараф қиляпмиз.
Ҳар икки тумандагиларни қўшиб ҳисоблаганда 81 нафар болани яна бир карра кўрикдан ўтказиб, соғлиги яхшиланишини таъминлаш учун хоҳлаган жойига йўлланмалар бердик. Жумладан, Тошкентдаги республика миллий реаблитация марказига, вилоятдаги ногирон болаларни соғломлаштириш минтақавий марказига юборяпмиз. Ногиронлар имтиёз асосида навбатсиз тиббий хизматлардан фойдаланишяпти. Уларнинг ҳеч бири беэътибор қолмаяпти.
Зарурат сезганларга техник воситалар, ҳасса, қўлтиқтаёқ, ногиронлик аравачаси олишга туманлардаги бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларига тавсияномалар ёзиб бермоқдамиз. Улар махсус ортопедик пойафзаллару, қўл-оёқ протезларигача таъминланишяпти.
Вояга етмаган ногирон болалар ўқиш ва касб-ҳунар эгаллашга ҳам жалб этилганлар. Имконияти чекланганларни Шаҳанд қишлоғидаги 48-махсус мактаб-интернатда, Фарғона шаҳридаги ногирон болаларнинг касб-ҳунар коллежига йўлланмалар билан жўнатяпмиз.
Болалар - бизнинг эртамиз. Шундай экан, уларнинг ногиронларини фаол ҳаётга тайёрлаш масаласи доимий диққат-марказида тураверади.
Маҳмуджон Юлдашев,
50-сонли Тўрақўрғон туманлараро ТМЭК раиси.