Фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг ваколат муддати 2016 йил май-июнда тугаши муносабати билан жорий йилнинг 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди ва "Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида" қарор қабул қилинди. Қарорда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва улар маслаҳатчиларининг навбатдаги сайловини ўтказиш муддати 2016 йилнинг май-июнь ойлари этиб белгиланди.
Бу муҳим жараёнда вилоятимиздаги 882 та фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 9600 дан зиёд маслаҳатчиси сайланиши режалаштирилган. Олий Мажлис Сенати Кенгаши қарорига асосан 14 март куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессияси ўтказилиб, унда вилоятда фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссия таркиби, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир тадбирлар режаси тасдиқланди. Шу билан бирга ҳудудларда сайловни уюшқоқлик билан юқори савияда ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашиш мақсадида шаҳар ва туманларга масъуллар бириктирилди.
Шунингдек, халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашлари сессияларида 176 нафар фаоллардан иборат 12 та фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи туман (шаҳар) комиссиялари таркиби ва бу комиссияларнинг сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Вилоят бўйича мавжуд барча фуқаролар йиғини Кенгашлари қарорлари билан вакиллар йиғилиши чақирилиб, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилди.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар таркиби тасдиқлангандан кейин, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси режасига асосан Наманган шаҳрида ва Тўрақўрғон туманида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий-хуқуқий асослари масалаларига бағишланган ҳудудий семинар-тренинглар ташкил этилди.
Бундай семинарлар халқ депутатлари вилоят Кенгашининг фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси томонидан белгиланган режага мувофиқ, вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида ташкил этилди.
Айни пайтда вилоят, шаҳар ва туманлар фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялари тадбирлар режаси, ишчи гуруҳлари эса ўзлари белгилаб олган иш режалари асосида фаолият олиб бормоқдалар. Жумладан, ҳудудлардаги ишчи гуруҳлари томонидан кўп қаватли уйлар ва кўчалардан фуқароларнинг вакилларини сайлаш масалалари, шунингдек, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар бўйича ҳудудда доимий истиқомат қилувчи фуқароларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда таклифлар тайёрлаш ва фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларнинг ҳужжатларини шаҳар ёки туманлар ҳокимлари билан келишиш учун тегишли кўмаклашувчи комиссияларга тақдим этиш жараёни давом этмоқда.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари олдида турган вазифаларнинг тобора ортиб бораётган кўлами, уларнинг демократик ислоҳотларини ўтказишдаги роли энг муносиб, масъулиятли ҳамда катта ҳаётий тажрибага, одамлар билан ишлаш ва мулоқот қилишнинг амалий кўникмаларига эга бўлган ҳурматли фуқароларнинг раислар (оқсоқоллар) ва уларнинг маслаҳатчилари қилиб сайланишини таъминлайдиган ташкилий ҳуқуқий чоралар мажмуини амалга оширишни талаб қилмоқда. Бу мамлакатни модернизация қилиш ва жамиятни янгилаш борасидаги ғоят муҳим вазифаларни рўёбга чиқаришда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг обрў-эътибори ва аҳамиятининг ошишига ёрдам беради.
Солижон МЎМИНОВ,
халқ депутатлари вилоят Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раиси.