Таклиф этилганлар мажлислар залидан ўз ўринларини эгаллагач, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов илмий-амалий конференцияни очиқ деб эълон қилди. Сўнгра сўзни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўктам Эргашевга берди. Нотиқ айтганидек: мамлакатимизда мустақилликка эришилган илк йиллардан бошлаб тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Шунга мувофиқ Наманган вилояти ҳокимининг 1993 йил 8 апрелда "Вилоятда юрак хасталикларини даволаш марказини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинган эди. Бу билан Наманган шаҳрида маҳаллий кенгашлар маблағи ҳисобига қурилаётган кўп тармоқли касалхона ўрнида 120 ўринли юрак хасталикларини даволаш маркази ташкил этилганди.

Ана шу йиллардан кейин айниқса юрак ва қон-томир касалликларини аниқлаш ҳамда даволашнинг кўлами кенгайди. Президентимизнинг 2003 йил 26 февралдаги Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 240-сонли қарорига мувофиқ Фарғона водийсида юрак ва қон-томир касалликларини аниқлаш ва даволаш ишларини замон талаблари даражасига кўтариш мақсадида минтақавий кардиология маркази Наманганда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 6 августдаги 1170-сонли қарори ва шу асосда республика инвестиция дастури қабул қилинди. Бу ҳужжат "Наманган шаҳрини 2009-2012 йилларда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисида" эди. Қарор асосида вилоят кардиология марказида капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари йўлга қўйилди. Шу мақсадда 1- ва 2-босқичда 5 миллиард 600 миллион сўм маблағ сарф этилди. Марказ ҳудудида уч қаватли кардиология блоки (жарроҳлик ва лаборатория хоналари, реанимация, стерилизация ва рентгенэндо­вас­куляр бўлимлари) ва текшириш-даволаш хоналари қуриб битказилди.

Муҳтарам Президентимиз халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида шундай деган эди: "Биз учун бебаҳо бойлик бўлган одамларимизнинг саломатлигини асраш ҳақида гапирадиган бўлсак, охирги йилларда вилоят шошилинч тиббий ёрдам маркази ва унинг туман бўлимлари, бир қатор янги шифохона ва поликлиникалар бунёд қилинганини таъкидлаш ўринлидир.

Шулар қаторида 15 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобидан кўп тармоқли тиббиёт маркази ва онкология диспансери биноси, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ре­кон­с­трукция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Яна бир муҳим лойиҳа, яъни Наманган шаҳрида барча қулайликларга эга, Фарғона водийсида ягона бўлган кардиохирургия маркази ташкил этилиб, қиймати 1 миллион АҚШ долларилик замонавий асбоб-ускуналар билан жихозланганини алоҳида қайд этиш зарур. Бу эса авваллари Тошкент шаҳрида ёки хорижда амалга оширилган мураккаб тиббий операцияларни шу ернинг ўзида бажариш имконини бермоқда".

Дарвоқе, кардиологиянинг бутун тизими, айниқса кардиохирургия энг долзарб, энг қимматбаҳо тиббий хизматдир. Юрак операцияларини амалга оширишгина эмас, бу хақда ўйлаш мустақилликдан аввал хом хаёл эди.

Энди эса замон талаблари даражасидаги кардиология марказлари энг замонавий аппаратуралар билан босқичма-босқич жиҳозланиши амалга оширилмоқда. Бу даргоҳда ўз ишининг хақиқий усталари, маҳорат эгалари ишлашаётир. Бугунги анжуман "Кардиология ва кардиохирургиянинг долзарб масалалари"деб аталиши ҳам шундан. Тадбир доирасидаги амалий мулоқотлар, маҳорат дарсларининг ўрни беқиёс. Негаки, бу анжуман Республикамиз етакчи кардиологларининг иштироки туфайли юқори халқаро аҳа­мият касб этади.

Анжуманнинг илмий-назарий қисмида Республика ихтисослашган кардиология маркази директори, профессор Равшанбек Қурбоновнинг "Ўзбекистонда соғ­лиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида кардиология соҳасида қўлга киритилган ютуқлар", академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослашган хирургия маркази директори ўринбосари,тиббиёт фанлари доктори Миржалол Зуфаровнинг "Ўзбекистонда эндоваскуляр хирургия ҳолати", республика ихтисослашган кардиология маркази юрак етишмовчилиги лабораторияси раҳбари, т.ф.д., профессор Темур Абдуллаевнинг "Артериал гипертониядан-юрак етишмовчилигигача", шу муассасанинг шошилинч кардиология лабораторияси раҳбари, т.ф.д. Алексей Никишиннинг "Ўткир коронар син­дром-тиббий хизмат кўрсатишнинг турли бўғимларида", артериал гипертония лабораторияси раҳбари, т.ф.д., профессор Гулноза Ҳамидуллаеванинг "Артериал гипертонияда юрак қон томир хавфини камайтиришда комбинирланган терапиянинг самарадорлиги", электрофизиологик текширувлар ва юрак аритмияларини жарроҳлик усулида даволаш бўлими раҳбари, т.ф.д. Бахтиёр Амирқуловнинг "Юрак ритми ва ўтказувчанлигининг бузилиши ва сурункали юрак етишмовчилигида интервенцион диагностика ва даволаш усуллари", Тошкент вилоят врачлар малакасини ошириш институти кардиология ва геронтология кафедраси мудири, т.ф.д. Гавҳар Тулебаеванинг "Дислипидемияни даволашда УДХК ва статинлар комбина­ция­сининг самарадорлиги" ва Фарғона вилоят тез тиббий ёрдам маркази врачи, т.ф.д. Абдулазиз Раимжоновнинг "Стенокардияни даволашдаги янгиликлар" мавзуидаги маърузалари тингланди.

Куннинг иккинчи ярмида эса секцион йиғилишлари олиб борилди. Уларда кардиология ва кардиохирургиянинг долзарб масалаларига доир янгиликлар, тажрибалар устида янада батафсилроқ кенгашилди. Наманган вилоятида бу борада қандай ютуқларга эришилаётгани ҳақида атрофлича фикрлашилди. Олимлар ва шифокорлар ҳамкорлиги, "Маҳорат дарслари" самарадорлиги туфайли қўлга киритилаётган муваффақиятлар алоҳида эътироф этилди.

- Бугунги илмий-амалий анжумандан бой таассуротлар оляпмиз, - деди Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош кардиологи Зокиржон Ғаниев. - Энг замонавий аппаратлар ёрдамида бемор юрагида жарроҳлик операцияларини жарохатсиз ўтказиш борасидаги наманганлик ҳамкасбларимизнинг муваффақиятлари билан танишиш, устозларнинг "Маҳорат дарслари"ни тинглаш келгусидаги фаолиятимизни янада такомиллаштиришимиз учун беҳад асқотади.

Конференцияда кардиохирургиядаги долзарб масалалар устида кенгашиб олиш учун республикамизда бу соҳадаги ижобий ютуқларимизни тобора кучайтириш имконини беради деб ўйлайман.

* * *

Иккинчи куни илмий-амалий анжуман иштирокчилари вилоят кардиология марказига ташриф буюришди. Ушбу тиббиёт масканида амалга оширилаётган ибратли ишлар, тўпланган тажрибалар, олиб борилаётган изланишлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Вилоят со­­ғ­лиқ­ни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов марказ фаолияти билан таништирар экан, барчани яқиндагина ташкил этилган музейга бошлади. Мазкур даргоҳда вилоятда кардиология соҳасининг вужудга келиши ва ривожланиши, унинг равнақига муносиб ҳисса қўшган фидойи шифокорлар ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазма ва расм­лар жой олган.

- Наманганда тиббиётнинг бу йўналишида жуда катта ишлар қилинибди. Мамлакатимизнинг етакчи тиббиёт муассасаларидагидек шароит яратилибди. Айниқса кардиожарроҳлик соҳаси илдам ривожланяпти экан. Тасаввур этиш қийин бўлган энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминланганлик даражасининг ўзи ҳайратланарли, - дейди Жиззах вилояти кардиология диспансери шифокори Шавкат Салоҳиддинов.

Дарҳақиқат, марказда беморлар учун ҳам, тиббиёт ходимлари учун ҳам бағоят қулай шароитлар яратилган. Ҳозирги замон кардиожарроҳлиги ютуқлари изчил жорий қилинмоқда. Энг мураккаб амалиётларни амалга оширишга қодир кадрлар заҳираси яратилган. Замонавий тиббиёт анжомларини дадил бошқариб, юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш учун камарбасталик қилаётган шифокорларнинг кўпчилиги хорижда малака оширган. Улар янги технологияларни татбиқ этмоқдалар. Юқори технологияли асбоб-ускуналар билан жиҳозланган интервенцион ва кардиожарроҳлик бўлимларидаги амалиётлар эътиборга моликдир.

- Кеча илмий маърузалар тинглаб, назарий билимларимизни мустаҳкамлаган эдик. Бугун мазкур тиббиёт масканидаги ижобий ишларни кўриб жуда ҳам бой таассурот оляпмиз. Вилоят миқёсида ҳам кардиология соҳасида шу кадар катта ишларни қилиш мумкинлигига амин бўляпмиз, - деди Сирдарё вилояти кардиология маркази шифокори Жўрабой Ашурхўжаев.

Меҳмонлар кардиожарроҳлик йўналишидаги янгиликлар билан таништирилди. Пойтахтимиздаги йирик тиббиёт марказларининг таниқли олим шифокорлари билан ҳамкорлик самаралари сўзлаб берилди. Ҳорижлик ва ўзбекистонлик олим шифокорлар томонидан Наманганда ўтказилган "Маҳорат дарслари" чоғида қўлланила бошланган жарроҳлик амалиётлари натижасида беморларни дарддан ҳалос этиш борасида катта ютуқларга муваффақ бўлинганлигига оид видеотасвирлар намо­йиш қилинди.

- Наманганга биринчи келишим. Гўзал ва обод гўша экан. Чиндан ҳам гуллар шаҳри. Вилоят кардиология маркази биноси ҳам шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш маданияти юксак даражада эканлигини эътироф этиш жоиз, - дейди Самарқанд вилояти кардиология маркази реанимация бўлими шифокори Акрам Нурмуродов.

Марказ мажлислар залида илмий-амалий анжуман якунларига бағишланган тадбир ташкилланди. Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази шошилинч кардиология лабораторияси раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Алексей Никишин анжуман самарали кечганлигини, олинган назарий билимлар, ўрганилган тажрибаларни мамлакатимиз миқёсида қўлланилиши кардиология хизмати даражасини янги пағонага кўтариш имконини беражагини таъкидлади. Хоразм вилояти кардиология маркази раҳбари Анвар Сабиров соҳа муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан фикр билдирди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида ўтказилган анжуман диё­римиз соғлиқни сақлаш тизими чорак аср давомида нақадар юксалганлигини яна бир карра тасдиқлади. Маърузалар, баҳсу мунозаралар чоғида олға сурилган ғояларнинг амалиётга тадбиқ этилиши тизим фаолияти тараққиётига йўл очиши шубҳасиз.