Дастлаб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуннинг ижроси бўйича 2014 - 2015 йиллар ва жорий йилнинг биринчи чорагида олиб борилган ишлар таҳлили ҳамда тиббиёт ходимлари ўртасида иқтисодий жиноятчилик ва коррупциянинг олдини олиш ҳақида" Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Наманган вилояти бўйича Назорат инспекцияси бошлиғи Неъматилла Қирғизбоевнинг маърузаси тингланди. Нотиқнинг таъкидлашича, мазкур қонун ижросини таъминлаш борасидаги ишларни тубдан яхшилаш керак. Айниқса, Наманган шаҳри, Поп ва Чортоқ туманлари тиббиёт бирлашмалари тизимида фуқароларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқараётган ўзибўларчиликлар кўп учрайди. "Ишонч телефонлари"дан самарали фойдаланиш зарур.

Тиббиёт ҳайъати йиғилишида вилоят аҳоли репродуктив маркази директори Юсуфжон Адашевнинг "Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Ўзбекистон Республикаси бирламчи тиббиёт муассасаларида контрацептив воситалари таъминот-логистика тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғининг бажарилиши ҳақида", бошқарманинг аҳолига пуллик тиббий ва сервис хизмати кўрсатиш бўлими бошлиғи Ҳошимжон Асқаров ва даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаш бўлими бош мутахассиси Дилшод Ҳошимовларнинг "Бош­қарма тизимида аҳолига пуллик тиббий ва сервис хизмати кўрсатиш ҳолати таҳлили" ҳамда "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш борасида 2015 - 2016 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси"га мувофиқ Наманган ва Мингбулоқ туманларида амалга оширилган ишлар ҳолати ҳақида"ги маърузалари ҳам эшитилди.