21 март куни шундай бўлди. Оилавий даврамиз янада кенгайди. Уйимизнинг тўрида қўр тўкиб ўтиришган ота-онамизнинг атрофларини фарзанду набиралар қуршадик. Тўкин дастурхондаги баҳорий неъматлардан бирга-бирга татидик. Айни маҳалда Ватанимиз пойтахти - Тошкентда бошланаётган Наврўз тантанасини оилавий кўриш учун нигоҳимизни телевизорга қаратдик. Рангоранг гулларга бурканган Миллий боғимиздаги томошагоҳни тўлдиришган ҳам­юртларимиз қандай ҳаяжону хурсандчиликда туришган бўлса, биз ҳам шундай кўтаринки кайфиятда эдик. Тантанавор мусиқа садолари янграгач, марказий минбарга муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов чиқдилар. Дилларимизни тўлқинлантирувчи байрам табригини йўллай бошладилар. Айниқса, буюк бобомиз Алишер Навоийнинг "Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг бўлсин Наврўз" деган эзгу тилакли сатрларини тилга олганларида юракларимиз ҳапқириб кетди. Ҳаммамиз томошагоҳдаги кишиларга қўшилиб, қарсақ чалиб юбордик. Отамиз дориломон кунларда яшаш насиб этаётгани, Юртбошимиз билан теппа-тенг ёшдаликлари учун ғоят севинганларидан беихтиёр кўзларига ёш олдилар. Президентимизнинг наврўзона тилакларига ҳамоҳанг ҳолда қўлларини дуога очдилар. "Аллоҳ бизларни ҳамиша меҳр-мурувватидан бенасиб қўймасин! Ўзбекистонимизга тинчликни, ақлу заковатда беназир, халқпарвар раҳнамомизга соғу омонликни бундан-да зиёда қилаверсин!" дедилар беҳад мамнуният билан.

Мен бир шифокор сифатида Ватанимизнинг равнақи йўлида ҳормай-толмай хизмат қилиб, халқимиз саломатлигини сақлаш учун кўп йиллардан бери фаолият кўрсатиб келаётган эканман, "Соғ­лом она ва бола йили" Давлат дастурини бажаришга бор билим ва куч-ғайратимни аямай сарфлаш билан муносиб ҳиссамни қўшавераман. Йил бошидаги байрам кайфияти янада астойдил ишлаш иштиёқимни кучайтириб юборди. Албатта, Наврўздаги эзгу мақсадлар тўла - тўкис рўёбга чиқажак.

Акмалжон ЖАЛИЛОВ,

вилоят кардиология марказибўлим мудири,

соғлиқни сақлаш аълочиси.