Яшариш ва янгиланиш фаслидаги байрам келажаги порлоқ юртимизга олам-олам қувончу шодлик олиб келди. Жонажон диёримиз узра кезиб юрган Наврўз шукуҳи боғдаги тантана-ю шодиёналарга ажиб файзу тароват бағишлади. Ҳамюртларимиз қатори тиббиёт ходимлари ҳам байрамни ғоят кўтаринки кайфиятда ўтказиш учун баҳоли қудрат ҳаракат қилдилар. Соҳа муассасалари учун ажратилган ҳудуд Наврўз анъаналарига уйғун равишда безатилди. Кўргазмаларга баҳорий пишириқлару таомлар қўйилди. Ҳар бир жамоа кўклам нафасини, баҳор жозибасини ўзича ифодалашга, талқин этишга интилди.
Ҳар доимгидек, байрам кўргазмаларини Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали вакиллари ўзига хос композиция билан бошлаб беришди. РШТЁИМ Наманган филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва бошқа даволаш-профилактика муассасаларига ажратилган жойларда ўйин-кулги, ашула-ю рақслар авж олди. Вилоят тери таносил касалликлари диспансери фольклор дастаси, қўғирчоқ театри чиқишлари, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази жамоаси томонидан саҳналаштирилган, миллий урф-одат ва анъаналарни тараннум этувчи кўринишлар ҳам эсда қоларли бўлди.
Эзгулик айёми қадимдан меҳру-саховатга йўғрилган амалларни қамраб олган. Шу боис, вилоят асаб руҳий касалликлар шифохонаси томонидан ош дамланди, ВБКТТМ сумалакка, вилоят стоматология поликлиникаси ҳалимга ҳомийлик қилди. Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси жамоаси кам таъминланган оилалар фарзандларидан етти нафарининг хатна тўйини ўтказиб берди.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.