Педиатр Маҳмуджон Дарвишев ва ҳудуд патронаж ҳамшираси Ойгул Қодировалар 87 ёшли Тоштилло Ҳайдарованинг хонадонига кириб боришди. Онахоннинг қон босими ўлчанди. Шифокор керакли дори-дармонлар қабул қилиш ҳақида тавсия берди. Уй бекаси алоҳида эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорчилик изҳорлади.
Фаолият шу тариқа давом этди. Табаррук момо Саодат Фармонованинг саломатлиги текширувдан ўтказилди. Шифокор ўз навбатида тўққиз ойлик Муслимахон соғлиғига эътибор қаратган бўлса, ҳамшира чақалоқнинг вазнини ўлчади. Керакли муолажалар, дори-дармонлар журналга қайд этилди, зарур маслаҳатлар айтилди.
Қишлоқ врачлик пунктининг 30 кишилик жамоаси "Патронаж ойлиги"ни уюшқоқлик билан ўтказишга эришди. Бунга ҳар бир ходим ўз ҳиссасини қўшди.
- Умумий амалиёт шифокори Муяссар Умарова, патронаж ҳамшираларимиз Саида Исоқова, Одина Қўчқорова, Азиза Ғаниева, Холисхон Эргашева, эмлаш ҳамшираси Наргиза Ҳасановалар, айниқса фаоллик кўрсатишди,-дейди катта ҳамшира Саида Ғаффорова.
Туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам изчил иш олиб борилди. Ойлик давомида мавжуд ҚВПлар ва туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокору ҳамширалари мазкур ижтимоий-тиббий тадбирга сафарбар этилди. Салкам 40 мингдан зиёд хонадонларда яшовчи аҳоли вакиллари патронаж хизмати билан қамраб олинди. Соғлом турмуш тарзи тарғиботи кучайтирилди. Айни пайтда касаллиги аниқланган беморларни соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда.
РустамалиМАМАДАЛИЕВ.