Ақида Мамажонова поликлиникамизда қарийб йигирма йилдан бери ишлайди. Етарли тажрибага эга, ўзининг тиббиёт соҳасидаги билимларини мунтазам ошириб боради. Шунинг учун уни патронаж ҳамшираларимизга раҳбар этиб тайинлаганмиз. У ҳар куни ҳудудларга чиқиш олдидан ҳамкасблари билан қисқа муддатли кенгаш ўтказиб, энг муҳим вазифаларни белгилаб беради. Кечга яқин эса улардан ҳисоботларни қабул қилади, амалга оширилган ҳар бир ишни назоратдан ўтказади.

Албатта, патронаж ҳамширасининг вазифаси белгиланган миқдордаги хонадонларни айланиб қўйишгина эмас. Мабодо ҳудудда бемор аниқланадиган бўлса, биринчи ёрдам кўрсатиш талаб қилинади. Зарур ҳолатда поликлиникадан умумий амалиёт шифокорини чақириш мумкин. Улар орасида Мусаннат Мавлонова, Дилфуза Тўхтаназарова, Қаҳрамон Қодиров каби тажрибали мутахассислар бор. Беморнинг ҳолати тегишли ихтисосдаги врачнинг кўрикдан ўтказишини талаб қилса, кўп тармоқли поликлиникага ёки касалхонага йўлланма берилади.

Патронаж хизмати кўрсатиш билан бирга ҳамшираларимиз хонадонларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ҳам ўргандилар. Бунда турли касалликларни юзага келтириши мумкин бўлган омилларга алоҳида эътибор қаратилади. Фақат бугина эмас. Поликлиникамизда ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинлари билан баҳамжиҳат иш олиб борилди. Врач ва ҳамшираларимиз белгиланган жадвал асосида аҳоли ўртасида турли хасталикларнинг олдини олиш, тиббий маданият даражасини оширишга қаратилган маърузалар билан чиқиб турдилар. Баъзан фуқароларимизнинг ўзлари у ёки бу мавзуда суҳбат уюштириб беришни сўраб қоладилар. Бундай мурожаатлар ҳам ҳеч қачон оқибатсиз қолдирилмайди.

Муассасамизда халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигини кўтаринки руҳда кутиб олиш ва нишонлаш юзасидан қатор тадбирлар ишлаб чиқилган. Мустақиллик йилларида жамиятимизнинг барча соҳаларида, хусусан соғлиқни сақлаш тизимида ибратли натижаларга эришилганини кенг тарғиб қиламиз. Эл саломатлигини асраш, ҳар бир инсонни замонавий тиббий ёрдамдан баҳраманд этишга эришиш асосий мақсадимиз ҳисобланади. Тиббий патронаж ойлигини муваффақиятли ўтказганимиз бу борада    навбатдаги босқич вазифасини ўтади.

Мастура АБДУСОЛИЕВА,

Наманган шаҳридаги 7-оилавий поликлиника бош врачи.