Ҳамюртларимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкилланган "Патронаж ойлиги"да диспансеримиз шифокорлари ҳам сидқидил иштирок этдилар. Туманлар кўп тармоқли марказий поликлиникаларда фаолият кўрсатаётган онколог-врачлар билан ҳамкорликда қишлоқ ва маҳаллаларга бориб, аҳолининг мазкур хасталикка чалинган қатламлари орасида тиббий кўриклар ташкил этилди. Беморларни соғломлаштириш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Бинобарин, Учқўрғон туманидаги соғ­ломлаштириш тадбирларимиз, айниқса, муваффақиятли кечди. Онкологик касалликларни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш мақсадида кенг қамровли иш олиб борилди. Салкам уч юз нафарга яқин фуқаронинг дардини енгиллатиш чоралари кўрилди. Бугина эмас, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарғиботи, тиббий маданиятни юксалтириш масаларига оид тарғибот-ташвиқот тадбирлари ҳам амалга оширилди. Туғиш ёшидаги аёллар, ёшлар вакиллари ва кексалар билан қилган мулоқотларимиз кўпчиликда қизиқиш уйғотганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

"Патронаж ойлиги" доирасидаги вазифалар ижросини таъминлаш учун диспансеримиз жамоаси астойдил ҳаракат қилди. Айниқса, онколог-врач Бахтиёр Мамарасулов, ҳамширалардан Саодат Асранбоева, Муқаддас Буматова, Гавҳар Умаровалар фаоллик кўрсатишди.

Ҳудудларда иш олиб бораётган ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлигимиз кучайгани эса эл саломатлиги муҳофазаси борасидаги ишларимизни янги пағонага кўтариш учун асос вазифасини ўташи шубҳасиз.

Акмалжон МЎЙДИНОВ,

вилоят онкология диспансери шифокори.