Маънавият инсон учун ҳамиша керак. Барча касб эгаларига ҳаётий эҳтиёжга айланиб бормоқда. Жумладан тиббиёт ходимлари ўртасида ҳам "Маънавият соат"ларининг изчил ўтказиш долзарб вазифа бўлиб тураверади. Наманган туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Бешкапа қишлоқ врачлик пунктида бу борада муайян тажриба тўпланган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Маънавият ва маърифат Кенгаши томонидан мазкур муассасада кўргазмали семинар ташкиллашдан мақсад ана шу яхши ишларни оммалаштириш эди.

Анжуманга ҚВП мудирлари ва бошқа даволаш-профилактика муассасаларининг бош врачлари, шунингдек туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг маънавият ишларига мутасаддилари таклиф этилдилар. Тадбирни ТТБ бош врачи Ботирали Дарвишев очиб, тумандаги, шу жумладан семинар ўтказилаётган қишлоқ врачлик пунктидаги маънавий-маърифий ишлар ҳақида қисқача маълумот берди. ВССБ Маънавият ва маърифат Кенгаши масъул котиби Абдулла Ғозиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги "Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги қарори доирасидаги тарғиботнинг муҳим йўл-йўриқлари ҳамда йўналишлари хусусида фикр юритди. ҚВПдаги диққатга лойиқ ишларга тўхталди. Ҳужжатлар юритиш, хона ва бурчакларни безатиш масалаларига батафсил тўхталди.

Сўнгра "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири ўринбосари Содиқ Сайҳун "Наврўз - янги кун" мавзусида намунали маънавият соати машғулотини олиб борди.

Тадбир иштирокчилари ҚВПдаги тажрибаларни зўр қизиқиш билан ўргандилар.

Шу куни бу ерда "Соғлом она ва бола йили" давлат Дастурида белгиланган вазифаларнинг қандай бажарилаётгани муҳокама этилиб, галдаги вазифалар ҳам белгилаб олинди. Бошқарманинг бош педиатри Дилфуза Болтабоеванинг маърузаси тинг­ланди. "Патронаж ойлиги"да амалга оширилаётган ишлар ҳам сарҳисоб қилинди.

Ўз мухбиримиз.