Байрамлар башарият маданиятининг бошланғич шаклидир. Шу боисдан ҳам айёмлар инсониятнинг ўзи босиб ўтган минглаб йиллик сўқмоқларини, йўлларини, шоҳкўчаларини чуқур англаши, ўта катта машаққатлар билан қўлга киритилган ғалабалардан мағрурланиши, эртанги кунларга катта умид билан қарашига ёрдам беради. Уларда халқнинг кўтаринки руҳи, бир вақтнинг ўзида унинг шон-шарафли ўтмиши, сермазмун бугуни ҳамда порлоқ келажаги акс этади.
Улуғ аждодимиз Маҳмуд Кошғарий минг йиллар муқаддам унга шундай таърифни берганди: "Базрам - одамлар орасида шодлик ва кулгу. Гуллар очилган жойларга базрам йэр дейилади. Яъни ёқимли ер демакдир. Ўғузлар ҳайит кунини базрам дейдилар, яъни шодлик ва ёқимли кун".
Шарқ халқларининг муштарак ижоди - Наврўз узоқ мозийдан бугунга қадар етиб келган азиз ва муқаддас маънавий қадриятлардан бири, асл байналмилал байрамдир. Унинг мазмун-моҳиятига қадимги аждодларимизнинг ибтидоий ва мифологик тасаввурларидан тортиб, бугунги замондошларимизнинг илғор қарашларигача бўлган улкан маънавият олами сингиб кетган ва у инсоният цивилизациясининг узоқ асрлар мобайнидаги ҳар бир ютуғидан доимо ўзига хос тарзда каттагина куч-қувватни олиб турган.
Башариятнинг узоқ тарихида Наврўздан қадимийроқ байрамни топишимиз жудаям қийин, унинг ғоят теран илдизлари неолит (мил. авв. VI - IV минг йилликлар. - муаллифлар) даврига бориб тақалади.
Наврўз байрамини нишонлаш одамларнинг Ер ҳақида, унинг коинотдаги ўрни хусусида мулоҳаза юрита бошлаган даврига тўғри келади. Бошқача қилиб ифодалаганимизда, Наврўз айёми одамзодда Ер ҳақидаги дастлабки илмий-географик тасаввурлар пайдо бўлган замонлардан бошлаб шакллана борган. Дастлаб Наврўз байрамини ўтказиш ўтроқ деҳқонлар орасида расм бўлган, кейинчалик эса улар орқали ярим ўтроқ ҳамда кўчманчи туркий халқларнинг ҳам доимий амалда бўлган урф-одатлари, анъаналари ва қадриятлари таркибига ҳам кириб борган. Демак, бундай байрамлар турли гуруҳлар ҳаётида ўта муҳим аҳамият касб этган ишлаб чиқариш хўжалиги фаолияти - деҳқончилик билан бир вақтда шаклланган. Шундай қилиб, ҳозирги дунё ва давр, макон ва замонда башариятнинг бебаҳо боқий байрами - Наврўз айёми бундан 4 - 4,5 минг йиллар бурун бизнинг ўлкамизда пайдо бўлганлиги илмий жиҳатдан аллақачон исботлаб берилган.
Наврўз ҳақидаги улуғ аждодларимиздан бизга мерос сифатида қолдирилган ривоятлар энг муҳим бир ҳақиқатдан, яъни унинг Шарқ кишиларининг ғоят эзгу хоҳиш ва истаклари, ўйлари ҳамда ҳаётий, амалий тажрибаларидан туғилганлигидан далолат беради.
Наврўз байрами қадим-қадим замондан эл суйган қаҳрамонлар хотирасини эъзозлаш билан ҳам боғлиқ айём бўлиб келган. Биз ҳар йили Наврўз кунларида азиз марҳумларнинг руҳини ёд этарканмиз, бевосита ривоятлар мағзига васиятдек сингдириб қолдирилган ўша кўҳна асл инсоний анъаналарни ҳам давом эттирган бўламиз.
Ўзбекистонда давлатчиликнинг шаклланиши ва ривожланиши жараёнида туб аҳолининг урф-одат, анъаналари ва юксак маънавияти азалий бирлаштирувчи омиллардан бири бўлган, миллати, тили ва динидан қатъи назар улуғ Наврўз байрамини баҳор ва хурсандчилик айёми сифатида нишонлаш бугунги ҳаётимизнинг ёрқин тимсолига айланиб бораётганлигини ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз.
Бундан ташқари, айнан 21 март 1966 йилдан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси қарорига биноан "Халқаро ирқий камситишларни тугатиш учун кураш куни" сифатида ҳам кенг нишонланмоқда. Айнан Наврўз мазмунан шундай вайронкор ғоялар ҳисобланмиш - ирқчилик, фашизм, шовинизм, коммунистик ва диний ақидапарастликнинг барча кўринишлари, шаклларига мутлақо қарши бўлган башариятнинг боқий бағрикенглик байрами ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти таъбири билан айтганда: "Наврўз - биз учун баҳор ва уйғониш, яшариш, янгиланиш, меҳнат ва бунёдкорлик фаслидир.
Наврўз - бизлар учун асрлар давомида халқимизнинг онги ва тафаккурига, руҳиятига ҳамда бутун ҳаётига беқиёс таъсир ўтказиб келаётган бетакрор, ўзига хос бир оламдир.
Наврўз - бизлар учун ўзаро меҳр-оқибат, қадр-қиммат, хайру саховат рамзидир".
Наврўз ҳар қандай мафкура ва сиёсатдан холи бўлиб, эл-юрт руҳини баланд кўтаришда ва мустаҳкамлашда, халқни истиқболдаги буюк мақсадлар томон сафарбар этишда, мамлакатимизда кечаётган иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маърифий ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишга йўналтиришда муҳим омиллардан бири сифатида барчага беминнат хизмат қилиб келмоқда.
2009 йил 30 сентябрда эса Наврўз ЮНЕСКОнинг инсониятнинг номоддий буюк мероси сифатида рўйхатга олинган ҳамда дунё аҳли томонидан асраб-авайлаб катта тантана қилинмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2010 йилда бўлиб ўтган 64-сессиясининг кун тартибига 49-рақам билан киритилган "Жаҳон маданияти" масаласи ҳам муҳокама этилган ва "Наврўз халқаро куни" номли махсус резолюция қабул қилинганди. Шундай қилиб, БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясига биноан 21 март БМТ қароргоҳида ҳам, жаҳон миқёсида ҳам башариятнинг боқий айёми - Халқаро Наврўз куни сифатида ниҳоятда кенг нишонланмоқда.
Бугунги Наврўз айёми моҳиятан Мустақиллик мазмуни билан уйғунлашиб кетди. Биз бугун Наврўзни янгидан-янги орзу-умидлар, гўзал баҳор ва яшариш маъноси билан бирга, миллий равнақ, миллий тараққиёт, буюк келажак учун интилишнинг бунёдкор ғоялари ила муштарак ҳолда англамоқдамиз. Зотан, Наврўз ва Мустақиллик биз учун тенгдош бўлиб янгидан дунёга келди ва дунёга ўзлигини роса кўз-кўз этмоқда. Айни пайтда бўлса, қайтадан тикланган Наврўз қайта тикланган Миллий Истиқлол тантанаси, тараққиёти туфайли ўзининг ардоқли, ҳақиқий, чинакамга ўзига хос ва мос мавқеига эга бўлганлигини ўзингиз кўриб турибсиз.
Демак, эндиликда бизлар миллий Истиқлол тушунчалари билан Наврўз нашидасини бир-биридан сира ҳам ажрата олмаймиз.
Умуман, Наврўз асрлар мобайнида биз учун эзгулик, ҳурлик, озодликнинг тимсоли, инсон қалби ва онгида бунёдкор, ёруғ орзу-умидлар астагина куртак очадиган фасл бўлиб келган ва келажакда ҳам, албатта, шундай бўлиб қолажак.
Бахтиёр ИСҲОҚОВ,
НамДУ доценти, тарих фанлари номзоди.
Беҳзод ИСҲОҚОВ,
НамМПИ Ўзбекистон тарихи кафедраси ассистенти.
Наргиза ИСОҚОВА,
НамДУ Тарих фанлари кафедраси ўқитувчиси.