Наманган шаҳридаги 3-оила поликлиникасидамиз. Тиббиёт муассасаси аҳли муҳим ижтимоий тадбир аҳамиятини қалбан ҳис этган ҳолда ойликда юқори самарадорликка эришишга интилмоқда. Бугун ҳам 30 нафар патронаж ҳамшираси махсус сумкаларни кўтариб олган ҳолда поликлиника ҳовлисига тўпланди. Бош ҳамшира Донохон Низомбоева ўтган кунги иш натижаларини таҳлил этар экан, фаоллик кўрсатаётган ўрта тиббиёт ходимларидан бир нечасига миннатдорчилик билдирди, барчани янада астойдил ҳаракат қилишга ундади, айниқса ижтимоий турдаги хасталиклардан қийналаётган кишиларга эътиборни кучайтириш зарурлигини қайта-қайта уқтирди.

Тез орада оқ халатли нажоткорлар ўзларига бириктирилган ҳудудлар сари йўл олишди. Улардан бирини суҳбатга чорладик.

- Аҳоли ўртасида иш олиб бориш фаолиятимизнинг асосини ташкил этади, - дейди 2-ҳудуд патронаж ҳамшираси Комила Расулова. -Тўққиз йилдан бери хонадонма-хонадон юраман. Патронаж хизматига шу қадар катта эътибор қаратилганли боис масъулиятимиз ҳар қачонгидан ошган. Юртдошларимиз саломатлигини сақлашда касалликларни барвақт аниқлаш даволаш ишлари самарадорлигини оширишнинг муҳим омилидир.

Поликлиника бош шифокори Шокиржон Ҳайдаровнинг таъкидлашича, 60 нафар патронаж ҳамшираси ва 28 нафар умумий амалиёт шифокорлари ойликка сафарбар этилган. Улар ўн иккита маҳаллада яшовчи 56 минг нафардан зиёд аҳолини тиббий кўрикдан ўтказибгина қолмай, беморларга уйда малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Ғирвонсой кўчасидаги 9-уйда 91 ёшли Роҳила ая Абдуллаева истиқомат қиладилар. Нуроний хонадонига шифокорларнинг ташрифи қарияни мамнун этди. Умумий амалиёт шифокори Наимахон Сиддиқова онахоннинг қон босимини ўлчаб кўргач, ўз тавсияларини берди. Ҳамшира Муҳаббат Ашуровага муолажаларни қай тартибда бажариш бўйича врач кўрсатмасини олди.

- Давлатимизга минг раҳмат, биз кекса ёшдаги инсонлар саломатлигини мустаҳкамлаш учун ғамхўрлик кўрсатиляпти. Шундай элпарвар юртда яшаётганимдан ғоят миннатдорман. Одамларнинг ўртача умр кўриш даражаси бежизга ортаётгани йўқ, - дейди Р. Абдуллаева.

"Патронаж ойлиги" вилоятимизнинг олис гўшаларида ҳам изчил давом этяпти. Бунга Уйчи туманидаги Ғайрат қишлоғига борганимизда амин бўлдик. Қишлоқ врачлик пункти мудираси Барнохон Сайфиддинова жараённинг кечишини шундай изоҳлади:

- Қишлоқда 13 минг 600 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. 30 нафар ҳамшира ва 5 нафар шифокор аниқ режа асосида иш олиб бор­япмиз. Маҳаллама-маҳалла юрилиб, аҳоли хонадонларига бирма-бир кириляпти. Тор доирадаги мутахассислар туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидан жўнатилмоқда. Аниқланган касалликларни зудлик билан даволаш чоралари кўриляпти. 1 апрелга қадар барча хонадонлар патронаж хизмати билан қамраб олинади.

Мазкур тадбир кенг қамровли бўлиб, фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш билангина кифояланиб қолинмаяпти. Аҳоли вакиллари, айниқса ёшларнинг саломатликка оид тушунчаларини бойитишга урғу бериляпти.

- "Соғлом она ва бола йили"да тиббиёт ходимлари билан ҳамкорлигимиз янада авж олган, - дейди Ғайрат маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Моҳира Орипова. - Ойлик доирасида тадбирларимизда аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болалик муҳофазаси, қизлар тарбияси, соғлом турмуш тарзи тарғиботига оид мавзуларда суҳбатлар ўтказилмоқда.

Ойлик давом этмоқда. Сид­қидилдан қилинаётган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ юрт бойлиги ҳисобланмиш эл соғлиғини мустақкамлашда юқори натижаларга эришилишига ишончимиз комил.

Суратда: Ғайрат ҚВП мудири Б. Сайфиддинова патронаж ҳамшираси Моҳигул Қирғизбоева билан она ва бола саломатлигини текширувдан ўтказмоқда.

Абдулла ҒОЗИЕВ.