- Ойликнинг тўла муваффақиятини таъминлаш учун мингбулоқлик шифокорларгина эмас, вилоятдаги тор доира мутахассисларигача сафарбар этилишгани айни муддао бўлди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Йўлчибой Юлдошев. -Ҳамкорлигимиз фақат ҳамкасблар билан чегараланмаган. Айни вақтда хотин-қизлар қўмитаси, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, туман ички ишлар бўлими, ўқув муассасалари билан алоқаларимиз мустаҳкам. Шунданми, натижаларимиз чакки эмас.
Бу эътирофда жон бор. Биз ҳам ойлик тадбирлари ҳисоботлари (ёзма ва суратли)ни кўздан кечирганимизда шуни англаб етдик. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Саминжон Қодировнинг таъкидлашича, ойлик тўрт босқичда ташкилланмоқда. Биринчи босқичда 7 нафар тегара врачлари кунига 8 тадан хонадонга, 14 нафар участка ҳамширалари 6 тадан уйга кирганида ойлик давомида 3500 та оила тиббий кузатувдан ўтади. Иккинчи босқичда туғиш ёшидаги аёллар, учинчи босқичда кексалар ва ногиронлар, тўртинчи босқичда сил, ОИВ, онкологик, тери-таносил, кардиологик, наркалогик, асаб-руҳий хасталикларга чалинганлар соғлиқлари назорати кучайтирилади.
Жомашуй шаҳарчасидан тортиб, туманнинг барча қишлоқларидаги маҳаллаларда яшовчи аҳоли ойлик давомида тиббий муҳофазадан четда қолмайди. Қишлоқ врачлик пунктлари координатори Абдумутал Деҳқонов марказий штабда ўтириб, 16 та ҚВП мудирлари билан ҳар куни ҳар соату ҳар онда телефон орқали боғланиш билан банд. Қаерда муаммо бўлса, ечилади, янгиликлар етказилади. Вилоят мутахассисларидан иборат меҳмонлар навбатма-навбат қишлоқлар томон йўналтириб турилади. Телеграмм орқали юборилаётган тасвирларга нигоҳ ташлаймиз.: "Қирқчек", "Дамкўл" ҚВПларнинг мудирлари Анорхон Бегматова ҳамда Абдусаттор Болтабоевлар вилоят даволаш профилактика муассасаларидан ёрдамга юборилган ҳамкасблари билан биргаликда хонадонма-хонадон юришибди.
"Гигант", "Чордона" ҳудудларидан экологик ҳолатгача чиройли тасвирга тушириб, "узатилибди".
Хуллас, Мингбулоқнинг меҳрибулоқлари юксак уюшқоқлик - ютуқлар негизи эканлигини чуқур англаган ҳолда ўз фаолиятларини тобора фаоллаштиришяпти.
"Патронаж" - французча "қарамоғимга оламан" деган маънони ифодалайди. Шундай экан, минг-минглаб одамларнинг саломатлиги ўзларининг қарамоқларида бўлган юзлаб врачу ҳамширалар ойлик давомида кенг қамровли тиббий тадбирнинг чинакам фидоийларига айланиб улгуришади.
Содиқ САЙҲУН.