Дастлаб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош ҳамшираси Райҳона Мансурова йиғилганларга тадбир ҳақида тушунчалар берди. У айтдики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат Дастури тўғрисида"ги ПҚ-2221 қарори ижросини таъминлаш тиббиёт ходимлари билан маҳалла фаоллари изчил ҳамкорлигини йўлга қўйишни қатъий талаб этмоқда. Шунинг учун ҳам 2015 йилнинг 23 октябрида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Республикада патронаж тизимини такомиллаштириш" мавзуида конференция уюштирди. Анжуманда тўққиз босқичли тадбирлар режаси ҳам тузиб берилди. Бугунги танлов саккизинчи босқич, танлов етти босқич режалари қандай натижалар касб этаётганининг ўзига хос кўригига айланиши керак. Чунки, маҳалла фуқаролар йиғинларида иш олиб бораётган "Саломатлик сектор"ларининг уч ойлик фаолияти таҳлилига кўра, туманлар ва шаҳарлар ишчи гуруҳлари томонидан намунали топилганлар вилоятга тавсия қилинганлар.
- Энг намунали ҳамшира, энг намунали фаол сифатида сараланганлар даврага марҳамат! Чорлов билан жонли баҳс бошланди. Туманлар ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг, маҳаллаларнинг вакиллари бирин-кетин аҳоли ўртасида белгиланган юмушларни қандай амалга ошираётганини ҳикоя қилиб беришди. Айни вақтда уларнинг фаолияти юзасидан ахбороту ҳисоботлари ҳам тақдим этилган эди.
Диққатга сазовори, ҳозирда ҳафтанинг олти кунига аниқ йўналишлар берилганлиги бўлди. Чунончи, душанба-нуронийлар, сешанба - ҳомиладорлар, чоршанба - болалар ва ўсмирлар, пайшанба - хонадон экологияси, жума-қизлар ва аёллар, шанба-ўқув муассасалари куни деб қатъий белгилаб қўйилган. Шунинг учун барча маҳаллаларда ҳар ҳафтада такрор-такрор турли тоифага мансуб аҳоли қатлами тиббий назоратда бўлаётир. Улар саломатлигини доимий сақлашдаги муаммолар аниқланиб, ҳал этишнинг зарур чоралари кўриб борилмоқда.
Даврадаги 12 нафар ҳамшира ва 12 нафар фаолнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларининг оғзаки ҳисоботи ҳам, ёзмасида ҳам "Саломатлик сектор"лари ишининг сифати ва самарадорлиги яққол кўрсатилди, десак айни ҳақиқатдир.
Баҳс жуда қизғин кечди. Оқ халатлилар ва уларнинг ёнидаги шериклари соғлом турмуш тарзининг ҳар бир оилада барқарор бўлишига эришаётгани ўз ифодасини топди. Турли касалликларнинг олдини олиш, беморлик аломатларини ўз вақтида пайқаб, уларни ҳасталиклари зўраймасидан врачлар кўригига йўллаш анча тизимли йўлга қўйилаётганига ишончимиз мустаҳкамланди. Аслида барча туманларда ва Наманган шаҳрида шу соҳадаги саъй-ҳаракатлар анча фаоллашган. Лекин танлов-танлов-да. Яхшилардан яхшилари сайлаб олинади, сараланади. Ушбу тадбирда, айниқса Учқўрғон, Поп, Уйчи туман тиббиёт бирлашмаларининг патронаж ҳамшираларининг ва айнан уларнинг ёнларидаги маҳалла фаол аёлларининг вакиллари Дилфуза Норматова билан Азиза Файзиева, Одинахон Ғаниева билан Садоқат Суюмова, Муқаддам Мадумарова билан Комила Давлатовалар устун даражада эканликларини намойиш этишди. Ишчи гуруҳи ҳозирда ёзма мониторинг-ахборотларни таҳлил қилмоқда. Уч ғолибдан энг муносиби-тўққизинчи босқич доирасидаги Республика танловига юборилади, албатта.
Анжуманда Республика "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими етакчи мутахассиси Дилором Зоҳидова танлов қатнашчилари фаолиятига баҳо берар экан, галдаги долзарб вазифалар юзасидан ҳам алоҳида тавсиялар берди.
Тақдирлаш маросими ўзгача кечди. Танлов иштирокчиларининг барчаси вилоят хотин-қизлар қўмитасининг Фахрий ёрлиқлари ҳамда ҳомийларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
- Танлов яхши ўтди, менимча, кутилган натижага эришилди, - деди биз билан суҳбатда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Матлуба Жамилова. - Аён кўрдикки, қаерда патронаж ҳамшираси билан маҳалла фаоли ҳамкорлиги мустаҳкам бўлса, ўша жойда юқори кўрсаткичларга эришиш осон кечаверади. Бу ҳамкорликдан, энг аввало, халқимиз катта наф кўради.
Содиқ САЙҲУН.