- Болаларим, қўлларингиз, бармоқларингиз трахеяни тополмай, қаттиқ суякка, яъни бўйин умуртқа поғонасига қадалса, билингки, трахеяни ассис­тент, ёрдамчи жарроҳ кенгайтиргич билан қисиб ёнга олиб кетган...

Ғайрат Улановичнинг бу хулосаси қулоғи остида жаранглаб, тугар-тугамас, Маъруфали кескин хулоса ясади. Ҳатто "Жароҳат кенгайтиргични ол!" дейишгаям вақт йўқлигини ҳис этиб, ёрдамчининг ушлаб турган қўлларига тиззалаб қаттиқ нуқиди. Шунда ассистент тутиб турган жароҳат кенгайтиргич-фаробеф тепага отилганча шифтга бориб урилди. Зумда жарроҳнинг бошидаги қалпоққа тушиб, қонли доғлар билан "безади".

У бунга парво ҳам қилмади. Қўзлари бўйиннинг очилган қисмида эди. Кўрдики, трахея ўрнига қайтиб, қал­қиб-қалқиб турибди. Зудликда илгичга илди. Жароҳат юзасига тортди, ўртасига тиғ урди. Махсус асбоб билан кенгайтириб, металл найчани тешикчага шиддат билан жойлаштирди. Бироқ нафас сезилмасди, ўпка ҳаво тортмасди. Сунъий нафас берай деса "оғиз йўқ".

- Кўкрак қафасига массаж! - деди у ёнидагиларга қатъий ва кескин оҳанг­да.

Ассистент ва ҳамшира ҳам шунга мунтазир тургандай, боланинг кўкрак қафасига кафтларини босишди. Уч-тўрт ҳаракатдан сўнг нафас йўлларидаги шилимшиқ ва қон вириқ-вириқлаб найча учидан чиқиб кетди. Ўрнини ҳаво эгаллади. Беморга нафас олиш имконияти яратилди.

- Аллоҳга шукур, ҳайрият!..

Жарроҳ ўзини енгил ҳис қилди. Бироздан кейин бола кўзини очди.

Омон қолганини пайқаб чеҳраси ёришди. Нимадир демоққа оғиз жуфт­лади-ю, тили гунг эди. Чунки, товуш ҳосил қилувчи ҳаво оқими бўғзидан оғизга ўтмас, найча орқали ташқарига пуфланаётганини ҳозирча билолмасди ҳам. Буни яхши тушунган врач

- Аҳволинг қалай, Рустам? - деди жилмайганча.

У ҳам зийрак экан. Ўша заҳотиёқ бош бармоғини қўрсатиб, "михдек" ишорасини берди.

- Энди Чустга жарроҳлик бўлимига етказамиз, - деди Маъруфали бемордан хотиржам тортгач. "Тез ёрдам" машинасига ўтиргач, бемор болани тиззасига олиб олди.

Рустамдаги операциядан мамнунлик туйган туманнинг бош жарроҳи Пўлат Хўжаев фав­қулодда ҳолатда, ёруғлик етарли бўлмаган носоз шароитда журъату жасорат кўрсатган ҳамкасбидан ҳайратини асло яширолмади. Ҳатто эртаси куни Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош мутахассиси Чустга ташриф буюрганида Маъруфали моҳир жарроҳ сифатида яна бир бор эътироф этилди.

Орадан анча йиллар кечди. Рустам улғайди, уйланди. Отаси Эргашали Охунов набира кўрганида ўғлининг ҳаётини сақлаб қолган умрбахш врачга ихлос - эътиқодини яққол намоёнлади.

- Маъруфали ака, мана шу чақалоқ сиз халоскори бўлган Рустамнинг ўғли. Оғзига яхши ният билан тупуриб қўйинг. Исмини ўзингиз қўйиб беринг.

Яхшиликнинг ерда қолмаслиги янаям яхши. Одамлар эзгуликни ҳеч қачон унутмасликлари шифокорни ўз касбидан беҳад фахрлантирди.

- Отаси Рустам бўлгандан кейин боласи Достон-да!

Улар биргалашиб дуога қўл очишди: Илоҳо шу боламиз ҳам истиқлолли - юртимизнинг тинчлигини қадрлайдиган, Ватанимиз равнақига равнақ қўшадиган, халқимиз ҳаётини фаровонлаштиришнинг чинакам жонкуяри бўладиган фарзандларимизнинг ҳамиша олдинги сафларида юраверсин!

* * *

Маъруфали Мамадалиев умр йўлдошлари Вазирахон Қурбонова билан тўрт ўғилу бир қизни вояга етказишган. Барча фарзандлари ота-оналари сингари элу юрт хизматида камол топишаётир. Улуғбек журналист, Авазбек ҳуқуқшунос, Жасурбек ички ишлар ходими, Сардорбек «Ўзбекнаво»нинг яккахон хонандаси, Моҳидил ҳамшира. Набиралари қатор-қатор. Фақат шу сўз тилга олинганида Маъруфали аканинг юраклари ич-ичидан зирқираб кетади. Боиси, тўнғич набираси Шоҳруҳмирзонинг 16 ёшида ёруғ оламдан бевақт кўз юмгани бўлди. Ҳамма боболар ҳам боласининг болаларини беҳад суюшади-ю, Маъруфали ака эса биринчисига беқиёс меҳр боғлаган, беҳад боғланиб қолган эканлар. Бир кам дунёнинг бир ками у киши учун Шоҳруҳмирзодан айрилиш бўлганига юраклари дош беришга дош берди-ю, асаблари... 2008 йилнинг августида қаттиқ депрессия ҳолатига тушдилар. Бундай кутилмаган ҳаётий зарба кутилмаган уқубатга олиб келди. Маъруфали акани ўзига ишонмаслик руҳидаги ғамгинлик, тушкунлик кайфияти чулғади. Хоҳиш-истакнинг йўқолишидан ҳаракатлари чегараланди. Уйдан ташқарига чиқмай қўйди. Уйқу кўзларини тарк этди. На тиббий муолажалардан, на руҳий таскинлардан нажот топди. Бу ҳолат бир кун эмас, бир ҳафта эмас, бир ой эмас, бир йил эмас, роса 1000 кеча-кундузга чўзилди. Ўзида умид йўқолгани билан оила аъзоларида, ҳамкасбларида, қадрдон жамоасида, уни билган, яхшиликларидан баҳраманд бўлганларда умид сўнмаганди.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми келгуси сонда).