Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган диагностика ва даволашнинг халқаро стандартларини ўрганиб, амалда тадбиқ қилиб, болалар соғлиғини муҳофазалаш соҳасига энг самарали перинатал технологиялар жорий этилади. Замонавий тиббий ускуналардан фойдаланишни назарда тутувчи қайта тайёрлаш тизими такомиллаштирилиб, перинатал ёрдам кўрсатишнинг турли даражаларида аёлларга ва чақалоқларга тиббий ёрдам бериш сифати янада яхшиланади.

Болаларга юқори технологик ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш бўйича педиатрларни, аввало, республикамизда қолаверса Германиядаги етакчи клиникаларда ўқитиш йўли билан вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг ходимлари салоҳиятини ошириш назарда тутилган.

Эмлашларнинг миллий календарига мувофиқ камида 98 фоиз болалар профилактик эмлаш билан қамраб олинади. 1 ёшгача болалар орасида ротавирус ва пневмококкли инфекцияга қарши иммунизациялаш мониторинги олиб борилади. Болалар туғилган пайтидан бошлаб улар ҳаёти сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, чақалоқларнинг геморрагик касаллиги профилактикаси амалга оширилади. Чала туғилган чақалоқлар   реанимациясининг юқори самарали ва юқори технологик усуллари қўлланиб, болаларни 6 ойгача кўкракдан эмизишга эътибор кучайтирилади.

"Касалхоналарнинг болага олийжаноб муносабатда бўлиши ташаббуси" бўйича тиббиёт муассасаларига сертификат берган ҳолда вилоятда кўкракдан эмизишни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш ҳафталиклари ўтказилади.

Болаларнинг гижжа касаллигига чалиниши профилактикаси сифатини ошириш мақсадида мактабгача ва мактаб ёшидаги қарийб 456 минг нафар бола дегельминтизация дастури билан қамраб олинади.

Айни пайтда болаларни республика ва чет эл клиникаларида соғломлаштириш, жумладан, кам таъминланган оилаларнинг ривожланишида туғма нуқсонлар бўлган ногирон фарзандларини Германия клиникаларида тезкор даволаш мақсадли вазифаларимиздандир. Бундан ташқари кам таъминланган оилалардаги оёқларида маймоқлик ва бўйни қийшиқлик билан туғма ортопедик касалланган, туғма юрак етишмовчилиги билан оғриган болаларни Республика клиникаларига юборилиб, соғломлаштириш ишлари олиб борилади.

Аҳоли орасида репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш, соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик, соғлом оналик ва ривожланишнинг туғма аномалиялари каби нуқсонларни олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари изчил ташкилланади. Вилоятимиз ҳудудларидаги 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида А витамини саплементацияси белгиланган вақтларда тўла-тўкис бажарилади.

Дилфуза БОЛТАБОЕВА,

ВССБ бош мутахассиси.