Бизнинг мамлакатимизда она аталмиш улуғ зотлар ғамхўрликлар оғушида яшашади. Соғлиқлари алоҳида ҳимояда. Она ва бола саломатлигини муҳофазалаш эса давлат сиёсати даражасига кўтарилган. 2016 йил "Соғлом она ва бола йили" деб аталиши, муҳим ва миқёси кенг вазифалар жамулжам бўлган Давлат дастурининг изчил амалга оширилаётгани ва бу ишда ўзимиз ҳам фаол иштирокчиларга айланаётганимиз ғоят фахрли.
Дастурда кенг кўламли вазифалар аниқ ва равшан белгиланган. Жорий йилда тиббиёт муассасалари, хусусан, перинатал ва скрининг марказларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббий ҳамшираларини кўпайтириш, акушер-гинекологлар ва педиатрлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Хотин-қизларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, уларга тиббий ёрдам кўрсатишни кенгайтириш мақсадида Тошкентда Аёллар саломатлик маркази ташкил этилади.
Ҳомиладор аёллар ва чақалоқларни перинатал ва неонатал скринингдан ўтказиш орқали уларда туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш, ҳомиладор аёлларни бирламчи соғлиқни сақлаш бўғимида оммавий перинатал ультратовушли скринингдан ўтказиш кўзда тутилган. Бу билан ҳеч бир аёл назоратдан четда қолишига йўл қўйилмайди.
Юртбошимиз таъкидлаганларидай: "Биз хонадонларимиз кўрки, юртимиз бекаси бўлмиш аёл зотидан-авлодлар силсиласини давом эттираётган, ҳаётимизнинг гўзаллиги ва осойишталигини кўз қорачиғидай сақлаб келаётган оналаримиз, опа-сингилларимиздан умрбод қарздормиз. Улар туфайли бу дунёда муҳаббат ва мурувват, инсоф ва диёнат доимо барқарордир".
Ҳаётимиз чироғи ва умримиз гули бўлган аёлларимиз, опа-сингилларимизни байрамлари билан қутлар эканмиз, уларга мустаҳкам соғлигу бахту саодатлар тилаймиз!