Йиғилишни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов очди ва олиб борди. Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Наманган вилоятидаги Назорат инспекциясининг 2015 йилги ҳисоботи тингланди. Бу ҳақда Инспекция бошлиғи Неъматилла Қирғизбоев маъруза қилди.

Бошқарма бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Матлуба Жамилованинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014 - 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги Қарори ижросига бағишланган маърузаси ҳам эшитилди.

"Бошқарма тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларининг 2015 йилдаги молия-хўжалик фаолияти якуни ва 2016 йилга мўлжалланган истиқболли йўналишлари тўғрисида" бошқарма бош ҳисобчиси Шодмонжон Қўчқоров сўзга чиқди. Вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи ўринбосари Абдулҳамид Қодировнинг маърузасида эса Наманган шаҳар, Тўрақўрғон ва Косонсой туманлари тиббиёт бирлашмалари тизимида шифохона ичи инфекцияси профилактикаси талаблари қандай бажарилаётганлиги танқидий нуқтаи назардан таҳлил этилди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.