Анъанага кўра, "Саломатлик ҳафталиги" Наманган шаҳридаги 5-оила поликлиникасида бошланди. Байрамона безатилган тиббиёт муассасаси ҳовлиси эрталабданоқ аҳоли вакиллари билан гажум бўлди. Шаҳарнинг барча даҳаларидан қариялар, болали аёллар, кам таъминланган оилалар аъзолари пойтахтдан ташриф буюрган шифокорлар ҳузурига келишганди.

Ҳафталик муносабати билан бўлиб ўтган маросимда сўзга чиққан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов, Республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Равшан Файзуллаев, Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Жалилова ва бошқалар истиқлол йилларида келажаги буюк мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ тиббиёт соҳасида ҳам мисли кўрилмаган ўзгаришлар юзага келганлиги, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати тобора яхшиланиб бораётганлиги, юртдошларимизга ғамхўрлик асносида ташкилланаётган "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остидаги саъй-ҳаракатлар фуқароларни беҳад мамнун этаётганлиги, "Соғлом она ва бола йили"да илк бор ўтказилаётган акция беқиёс аҳамият касб этиши хусусида фикр юритдилар.

Тез орада чуқурлаштирилган тиббий кўрикка киришилди. Муҳташам поликлиниканинг барча қаватларида Тошкентдан келган шифокор олимлар, малакали мутахассислар вилоятимиздаги ихтисослашган даволаш-профилактика муассасаларида фаолият юритаётган ҳамкасблари билан беморларни қабулга чорлашди. Жарроҳлар, кар­диологлар, педиатр­лар, травматологлар, акушер-гинекологлар, кўз касалликлари ва бошқа йўналишлар бўйича мутахассислар ҳар бир бемор ҳолатини синчковлик билан ўрганиб чиқиб, зарур тавсияларни беришмоқда.

Биз педиатрлар фаолият олиб бораётган хонадамиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги амбулатор-поликлиника хизмати бўйича бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Эльмира Шомансурова чақалоқ Данилнинг онаси Алёна Лунина билан мулоқот чоғида бола соғлиғига оид маълумотларни аниқлагач, беморнинг аҳволини обдон текширувдан ўтказди. Онага фарзандининг саломатлигини тиклаш юзасидан зарур тавсияларни берди. А. Лунина кўрсатилган малакали тиббий хизмат учун докторга ўз миннатдорчилигини айтди. Бундай дил изҳорлари кун давомида кўп бор такрорланди.

Тошкент тиббиёт акаде­мия­си вакили, тиббиёт фанлари доктори Саодат Асилова қабул ўтказаётган хона олди ҳам гавжум. Ичкарида олима умуртқа пағонасидан шикаст­ланган Ҳасанбой Абдумаликовнинг шикояти бўйича синчиклаб текширув олиб боряпти. Тажрибали шифокор тез орада йигитга озор бераётган дардни даволаш бўйича маслаҳатларини баён этди. Беморнинг юзида табассум жилваланди.

Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази вакиласи Шоҳида Абдумаликова, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти доценти Толиҳа Маматова, Тошкент тиббиёт академияси 3-клиникаси кардиологи Адҳамжон Омонов, Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази жарроҳи, тиббиёт фанлари номзоди Олимжон Ғуломовлар ҳам беминнат хизматлари билан эл олқишига сазовор бўлдилар.

Тиббий тадбир давомида якка ёлғиз яшовчилар ва тўшакка михланиб қолган беморлар ҳолидан ҳам хабар олиняпти. Уларни соғ­ломлаштириш чоралари кўриляпти.

"Давлатобод" маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп қаватли уйда яшовчи Камолиддин ота Жамолов хонадонига Республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Равшан Файзуллаев ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси штатсиз бош эндокринологи Тоҳиржон Шокировларнинг кириб келганлигини кўриб беҳад шодланди. Оқ халатли меҳмонлар ҳудудий шифокор, 8-оила поликлиникаси УАШи Муаттар Салиева билан отахонни безовта қилаётган хасталик бўйича текширув ўтказишди. Қарияни оёққа турғазиш юзасидан фикрлашиб олишди.

- Нуронийлари шу қадар эъзозланадиган юртда яшаётганимдан фахрланаман, - дейди отахон. - Кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликлар учун минг бор ташаккур.

Эл дардига дармон излаётган саломатлик посбонларининг эзгу фаолияти Мингбулок, Янгиқўрғон, Чортоқ ва Норин туманларида ҳам самарали кечди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.