Юртимизда мазкур ойликни ўтказишдан кўзланган мақсад инсон манфаатларини таъминлаш ва саломатлигини муҳофазалашга йўналтирилган ана шундай ишлар кўламини янада кенгайтириш, тиббий-профилактика тадбирларини янада кучайтириш, фертил ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар, болалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали касаллиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган беморлар ҳолидан хабар олиш ва тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни такомиллаштиришдир.

Вилоятимизда ҳам "Патронаж ойлиги" юксак уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг малакали мутахассислари шаҳар ва туманлар марказий шифохоналари, кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари шифокору ҳамширалари билан ҳамжиҳатликда иш олиб боришяпти. Ҳар куни минглаб хонадонларга кирилиб, саломатликни мус­таҳкамлаш чоралари кўрилаётир.

Хайрли тиббий тадбир олдидан Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасида кўргазмали анжуман ташкилланди. Тадбирни туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Лайло Аҳмедова кириш сўзи билан очди. Вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов патронаж ойлигининг аҳамияти тўғрисида тушунча берди.

Нотиқнинг таъкидлашича, мамлакатимизда мустақиллик йилларида аҳолини тиббий патронаж ёрдами билан қамраб олиш бўйича замонавий тизим яратилди. Қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникалар ташкил этилиб, уларнинг моддий-техника базаси замонавийлаштирилди. Ушбу бирламчи тиббий-санитария бўғинида тиббий кўрикларни ташкил этишда жаҳон тиббиётининг энг сўнгги технологияларини жорий этиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётир.

Анжуманда туман кўп тармоқли марказий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида "Патронаж ойлиги"ни ташкиллашга оид масалаларга эътибор қаратилди. Туман тиббиёт бирлашмаси ҚВПлар бўйича координатори Насиба Раҳмонова бу жараённи амалга ошириш билан боғлиқ вазифалар ҳақида фикр юритди.

- Тумандаги 24 та қишлоқ врачлик пункти ва кўп тармоқли марказий поликлиника учун Тармоқ жадвали ишлаб чиқилди. Тор доирадаги мутахассислар ҳам ойлик давомида аҳоли ўртасида кенг қамровли тадбирларни ўтказдилар, - дейди Н. Раҳмонова.

Дарҳақиқат, тиббий патронаж ёрдамини амалга оширишда малакали врачларнинг ўрни беқиёс. Бу борадаги ишларни ташкил этишда жаҳоннинг тараққий этган мамлакатларидаги илғор тажрибалар чуқур ўрганилди ҳамда миллий менталитетимиздан келиб чиқиб мутахассислар тайёрлашнинг ва қайта тайёрлашнинг замонавий тизими шакллантирилди. Бугунги кунда бу соҳада умумий амалиёт врачлари халқимизга тиббий хизмат кўрсатишмоқда.

Аҳолини патронаж ёрдами билан қамраб олишда патронаж ҳамшира фаолияти муҳим ўрин тутади. Патронаж ҳашираларнинг фаолиятини ривожлантириш, билим ва малакасини ошириш, илғор тажрибаларни улар ўртасида кенг оммалаштириш доимий эътиборда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги томонидан узлуксиз ўқув-услубий машғулотлар, семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.

Семинар давомида туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси 1-ҳудуд патронаж ҳамшираси Дилдора Мўминова, онкология ҳамшираси Шаҳодат Султоновалар эса касбий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда патронаж тадбирларидаги иштироклари ҳақида гапириб бердилар.

Патронаж ҳамшира шундай мутахассиски, у нафақат ўзига бириктирилган хонадон аъзоларининг тиббий саломатлиги билан боғлиқ аҳвол, балки, оиланинг руҳий, ижтимоий ҳолатидан ҳам хабардор бўлиши керак. Негаки, инсон саломатлигини фақатгина тиббий ёрдам билан асрашнинг ўзи етарли эмас. Саломатликни асраш кўпдан кўп омилларга боғлиқ бўлиб, бу жараёнда оилада тиббий маданият даражаси, турмуш тарзи, оиладаги психологик, ижтимоий, иқтисодий вазият, тозалик, ҳудуддаги экологик муҳит, айниқса аҳолининг турмуш тарзи, бош­қа шунга ўхшаш кўплаб масалалар инсоннинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

"Патронаж ойлиги" мобайнида бу борадаги эзгу ишларни янада такомиллаштириш, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни таъминлашга оид тадбирлар кўламини кенгайтиришга эришилади.

- Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида халқ саломатлигини мус­таҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги учун юртдошларимизнинг умрига умр қўшилмоқда, - дейди Бахтиёр ота Холматов. - Бундай тиббий тадбирлар ҳам янада юксак самаралар беришига ишончимиз комил.

Тадбирнинг кўламини кенгайтириш ҳамда самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят, туман, шаҳар стационар муассасаларининг ходимлари ҳамда соматик касалликлар бў­йича марказ, диспансер ва шифохоналарнинг тиббий ходимлари ҳам ўз йўналишлари доирасида диспансер назоратида турган беморларнинг уйларида фаол патронажни амалга ошириш учун жалб қилинмоқда.

Патронаж даврида хонадонларга қатновларни амалга ошириш билан бир қаторда мазкур хонадонларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш, касалликларни юзага келтириши мумкин бўлган омиллар, мавжуд муаммоларни аниқлаш, улар ечимини топиш ва бартараф қилиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинларига ахборот киритиш ва тегишли чораларни белгилаш вазифалари амалга ошириляпти.

- Хонадонимизга "Шарқ юлдузи" қишлоқ врачлик пункти саломатлик посбонларининг ташрифи боис оиламиз аъзолари тўла тиббий кўрикдан ўтдилар, - дейди "Нурафшон" маҳалласида яшовчи Раънохон Розиқова. - Эл бахту саодати йўлидаги бундай эзгу ишлардан беҳад хурсандмиз.

Тиббиёт муассасалари ходимлари кенг омма, маҳаллаларда, ўқув муассасалари ва корхоналарда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, Хотин-қизлар қўмитаси, "Нуроний" жам­ғармаси, "Камолот" ЁИҲ, ИИБ ходимлари, таълим тизими ва бошқа нодавлат ташкилот вакиллари иштирокида касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи асослари юзасидан тадбирлар ташкиллаштирмоқдалар.

- Бир кунда юз нафардан ортиқ имконияти чекланган боланинг саломатлиги чуқур текшириб кўрилди, - дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Абдумалик Раҳмонов. - "Патронаж ойлиги" давомида тиббий кўрикдан ўтказилмаган бирор нафар бола қолмайди.