Биз "Янги аср" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли 8-Марғилон кўчасидаги 4-уйдамиз. Мазкур маҳаллага шифокор Нилуфар Нуронова билан патронаж ҳамшираси Дилфуза Шамсиддиновалар бириктирилган.
- Хонадонда 78 ёшли нуроний Раҳимахон Муҳиддинова яшайдилар. Қария хасталик туфайли ётиб қолган. Онахоннинг саломатлиги доимо назоратимизда. Шунингдек, ўғил-қиз, келинлари, набираларининг соғлиғи муҳофазаси патронаж ҳамшираларимиз зиммасида, - деди худуд катта ҳамшираси Дилдора Муҳаммадалиева.
Тиббиёт ходимлари дарҳол ишга киришишди. Дастлаб Раҳимахон аянинг, сўнгра ёш онанинг соғлиги текширилди. Врач Нилуфар Нуронова бемор онанинг юрак уриши, қон босимини ўлчаб кўрди. Хонадон аъзоларига қандай дори-дармонлар шифо, малҳам бўлишини тушунтирди.
- "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури асосида поликлиникамизда ҳам тадбирлар режаси тузиб, шу асосда иш олиб боряпмиз. "Патронаж ойлиги"дан кўзланган мақсад, вазифаларни ҳам яхши биламиз. Она ва бола соғлиги, умуман маҳалламизнинг кекса-ю-ёши саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида маҳорат, тажрибаларимизни ишга солаверамиз, - деди патронаж ҳамшираси Дилфуза Шамсиддинова.
Дарҳақиқат, 1-оила поликлиникаси жамоаси ойликка пухта ҳозирлик кўрган. Шифокорлар, ҳамширалар ўз касбининг моҳири. Айниқса турли доривор гиёҳлардан дамламалар тайёрлаш учун фитобар ташкил этилган. Унга ҳамшира Дилором Иномбоева масъул.
Поликлиника жамоаси жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида турли юқумли касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи тарғиботи бўйича учрашувлар, давра суҳбатлари, кечалар тарзида тадбирлар ташкил этмоқда.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.