Тадбирда вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Тоҳиржон Дадахонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги ПҚ-451-сонли қарори ижроси доирасида олиб борилаётган кенг қамровли ишларни янада такомиллаштириш вазифаларига йиғилиш қатнашчилари диққат-эътиборини тортди. Шунингдек, барча жамоаларда Наврўзолди тадбирларнинг тарбиявий таъсирчанлигини таъминлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Саҳнага таниқли шоир Зиёвиддин Мансур чиқиб, "Баҳор бадиҳа"сини ўқиганида барчанинг кўнгли шеър шууридан беҳад завқу-шавққа тўлди. Аёллар ва шифокорлар мадҳига бағишланган назмий наволари эса мухлисларни ғоят тўлқинлантириб юборди.
Анжуманда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов эса соҳа ривожи жонкуярларини аввало баҳор байрамлари билан муборакбод этди. Сўнгра Юртбошимиз Ислом Каримовнинг "Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш-энг олий саодатдир" китобларида олға сурилган ҳар бир фикр шу юрт тинчлиги, шу Ватан равнақи, шу халқ фаровонлиги учун барчани бирдай астойдил ишлашга чорлашини айтиб, тиббиётчиларни янада фаол бўлишга даъват қилди. "Патронаж ойлиги" халқ саломатлигини мустаҳкамлашдаги муҳим тадбир эканлигини, ҳар бир кун натижали якунланиши кераклигини, бу борада ҳамширалар масъулияти нечоғли юқори бўлиши лозимлигини яна бир бор тушунтирди.
Анжуман аҳлига театр жамоаси концерт дастури ҳамда "Супер қайнона" пьесасини намойиш қилди.
- Қўшалоқ баҳор байрамлари олдидан ташкилланган маънавий-маърифий тадбиримиз жуда мароқли кечди, - дейди ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш республика маркази вилоят филиали раҳбари Исломжон Яқубжанов. - Чунки, илмий-услубий маърузаларга бугунги таъсирчан анжуманларнинг уйғунлашиб кетиши курс тингловчиларининг ҳам билимларини бойитди, ҳам касбий фаоллигини оширишга бўлган иштиёқини кучайтирди.
Ўз мухбиримиз.