Мўлжалланаётган тиббий ихтисосликлар доирасида фаолиятни юритиладиган бино ва хоналарни 0292-11-сонли Санитария қоидалари ва меъёрлари (СанМваҚ) талаблари асосида тайёрлаш керак.
Ихтисослик бўйича хоналарни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 3 октябрдаги 281-сонли буйруғи билан тасдиқланган Тиббий фаолиятнинг тегишли тури, ҳажми ва типини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник базага, тиббиёт асбоб-ускуналарига ва бошқа техника воситаларига, шу жумладан, тиббиёт анжомларига бўлган минимал талаблари асосида жиҳозлаш керак.
Тиббий ускуна ва жиҳозларни метрология кўригидан ҳамда электр ускуналарини профилактик синовдан ўтказиш, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, уларни ишчи ҳолатига келтириш талаб этилади. Метрология сертификати стандарт органлари томонидан, электр ускуналари тўғри уланганлигини тасдиқловчи далолатнома эса туман электр тармоғи корхонаси томонидан берилади.
Мўлжалланаётган тиббий ихтисосликлар бўйича ишга қабул қилиниши режалаштирилаётган врач ва ўрта тиббиёт ходими (автоклав бўйича мутахасиснинг) ҳужжатларининг асли ёки нусхаси олинади.
Тиббий муассасага бош врач лавозимига тайинланаётган ходимни ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ билан расмийлаштирилади. Лицензия олингач, барча ходимлар буйруқ асосида ишга қабул қилинади.
Бинога эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатни экспертиза давомида кўрсатиш учун тайёрлаб қўйиш зарур.
Бинога эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларга бинонинг кадастри, ижара ёки бинодан текинга фойдаланиш шартномалари киради.
Ушбу ишларни бажариб бўлгач юридик шахс лицензия олишга тайёр ҳисобланади.
Шундан сўнг лицензияловчи органга, яъни Соғлиқни сақлаш вазирлигига:
- интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали (интернет);
- почта орқали;
- бевосита вазирликка ташриф буюриш орқали тиббий фаолиятга лицензия олиш тўғрисидаги аризани тақдим этиши мумкин.
1. Мурожаат интернет орқали бўлганда:
Интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги https://my.gov.uz/ интернет сайтида "Litsenziyalash va ruhsat beruvchi hujjatlar" сўнгра "Tibbiy faoliyatni amalga oshirish bo'yicha lisenziya (lisenziya bitimi) olish (qayta rasmiylashtirish, uzaytirish) uchun elektron ariza taqdim etish" манзилларига кириб, тегишли рўйхатдан ўтилади ва у ерда берилган саволларга жавоб бериш (катакларни тўлдириш) орқали ариза ёзилади. Тўғри тўлдирилган ариза юборилганда у Соғлиқни сақлаш вазирлиги (сайти)га келиб тушади.
2. Мурожаат почта орқали юборилаётганда ёки бевосита вазирликка ташриф буюриш орқали қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
1). Ариза.
2). Танланган тиббий ихтисосликлар бўйича зарур бўлган тиббий асбоб-ускуналари, анжомлар, техника воситалари, мебеллар рўйхати.Ушбу рўйхат муассаса муҳри ва раҳбар имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.
3). Ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи тўлов топширқномасининг асли.
Назиржон ДАВЛАТОВ,
вилоят соғлиқни сақлашбошқармаси НТМТКТХСНҚБбош мутахассиси.