Элимизнинг суюкли айёми Наврўз олдидан "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ташкилланаётган муҳим ижтимоий жараёнларга вилоятимизда ҳам пухта тараддуд кўрилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси катта мажлислар залида шу муносабат билан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унга Наманган шаҳар ва барча туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, уларнинг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосарлари, кўп тармоқли марказий поликлиникаларнинг мудирлари, ҚВПлар бўйича координаторлари ҳамда вилоятдаги ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг раҳбарлари таклиф этилдилар.
Йиғилишни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдулходи Иминов олиб борди. У дастлаб "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остида кечадиган чуқурлаштирилган тиббий кўрикни амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий ишларга эътиборни қаратди. Акция боис пойтахтдан мамлакатимизнинг таниқли шифокорлари, юқори малакали тиббиёт мутахассислари вилоятимизга ташриф буюради. Улар наманганлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда чекка ҳудудларда истиқомат қиладиган кам таъминланган оилалар, имконияти чекланган ўқувчилар, ногиронлар, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фахрийларига кенг қамровли тиббий хизмат кўрсатишади.
Тиббиёт соҳасининг етук мутахассислари иштирокида уюштириладиган акция кунлари аҳолининг барча қатламлари, ижтимоий муҳофазага муҳтож беморлар саломатлигини янада яхшилашга эришиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, айниқса оммани тиббий тадбирдан воқиф этиш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралдаги "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури тўғрисида"ги Қарори ижросини таъминлаш юзасидан вазирлик қабул қилган буйруққа асосан уюштирилаётган "Патронаж ойлиги"нинг аҳамияти ҳам беқиёсдир. Унга вилоятдаги барча тиббиёт муассасаларининг шифокорлари сафарбар этилади.
"Соғлом она ва бола йили"да аҳолига кўрсатилаётган профилактик йўналишдаги тадбирларни янада такомиллаштириш, туғиш ёшидаги аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли, айниқса, кекса ёшдаги фуқаролар, ўзгалар парваришига эҳтиёжманд ногиронларга кўрсатилаётган тиббий-санитария ва реабилитация тадбирлари сифат ва самарадорлигини ошириш, диспансер назоратидаги, сурункали касаллиги бор беморларда динамик кузатувларни олиб бориш ҳамда аҳоли орасида касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, керакли ҳажмда тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни таъминлаш "Патронаж ойлиги"даги асосий вазифалардандир.
Бошқарма бош ҳамшираси Райҳона Мансурова "Патронаж ойлиги" давомида тиббиёт муассасаларининг ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан олиб борадиган ишларини ташкиллаштириш жараёнларини слайдлар воситасида изоҳлади. Нотиқ қишлоқ врачлик пунктлари, кўп тармоқли марказий поликлиникалар ходимларининг ойлик давомидаги фаолияти бўйича тавсияларини берди. Ихтисослашган даволаш-профилактика муассасалари шифокор ва мутахассислари кўрсатадиган патронаж хизматлар кўламини тушунтирди.
Ойлик давомида аҳоли орасида профилактик йўналишда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, хотин-қизлар қўмиталари, ички ишлар идоралари, таълим тизими, нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда турли мавзуларда суҳбатлар ўтказиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, ўқув муассасаларида, корхоналарда, маҳаллаларда, оилаларда, кенг омма ўртасида касалликларнинг олдини олиш чоралари, соғлом турмуш тарзи асослари бўйича тарғибот ишлари олиб борилади.
Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти Наманган филиали директори Улуғбек Ботиров, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мухторжон Жўрабоевлар кун тартибидаги масалалар юзасидан сўзга чиқдилар.
Қисқаси, соғлиқни сақлаш тизимида жорий этилаётган ушбу янгилик элимизда халқ саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни янги поғонага кўтаришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Абдулла ҒОЗИЕВ.