Бу гал Уйчи ва Наманган туманларидаги "Саломатлик ҳафталиги" айниқса, таъсирчан ва самарали ташкилланди. Уйчи туманининг Ёркатай, Соку, Ғайрат, Жийдакапа қишлоқларидаги касб-ҳунар коллежларида ҳамда 1, 2, 10, 31-умумтаълим мактабларида, Муборак, Деҳқон, Беруний номли маҳаллалардаги анжуманларда тиббиёт мутахассисларининг тарғиботлари ғоят мароқли кечди. РС ва ТСИ вилоят филиали бўлим мудирлари Ирода Мусаева, Анваржон Алихоновлар, вилоят "Она ва бола скрининги" маркази, ОИТСга қарши курашиш маркази ходимларидан Г Каримова, З. Мамажонова, туман Саломатлик маркази директори А. Юсупов ва бошқа шифокор, мутахассислар ҳамкорлигида ҳафталик тадбирларининг юксак савияда ўтказилиши таъминланди.
Наманган туманидаги иқтисодиёт, транспорт ва алоқа, саноат, қурилиш касб-хунар коллежлари, Шўрқўрғон, Оқ-ер, Бешкапа, Муллакудинг маҳалларида, 13, 16, 19, 20-умумтаълим мактабларида ҳам РС ва ТСИ Наманган филиали мутахассислари Муҳаббат Дадабоева, Лолахон Улуғбоеваларнинг тиббий тарғиботлари аҳолининг тиббий саводхонлигини оширишга хизмат қилди.
Ҳар икки туманда ҳам ОИТС, сил, ўткир респиратор касалликларининг олдини олиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, ўсмир қизлар гигиенаси, она сутининг моҳияти, соғлом турмуш тарзига амал қилиш қоидалари каби мавзуларда маърузалар ўқилди. Савол-жавоблар ташкилланиб, буклетлар тарқатилди. Видеороликлар орқали намойиш этилган фильмларни кўрган, тарқатилган буклетлар билан танишган ёшлар, уларнинг ота-оналари ҳаётга ҳушёр кўз билан боқиш кераклигини янада чуқурроқ англашди.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.