Маълумки, ўтган йилнинг бошларидан буён ҳар ойда нав­батма-навбат туман тиббиёт бирлашмаларига борилмоқда. Врач ва ҳамшираларнинг давр талаблари даражасидаги юқори малакали тиббий хизматни йўлга қў­йишлари учун "Маҳорат дарслари" изчил уюштирилди. Бугун якунланган йилга назар ташласак, олиб борган ишларимиздан анча қониқиш ҳосил қила оламиз. Айниқса "Регионализация ва маҳорат мактаби" семинар-тренинглари самарадорлигига эришилгани муҳим аҳамият касб этди.

Бизлар учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан йил давомида катта кўмак берилганини алоҳида таъкидлашим керак. Чунки, марказимизнинг ўзига йил давомида соҳалар бўйича республиканинг етакчи клиникаларидан таниқли олимлар 8 марта ташриф буюришди. Шифокорларимиз билан ўз малака- маҳоратларини ўртоқлашдилар. Ҳам назарий, ҳам амалий ёрдамларини аяшмади. Ҳозиргача пойтахтдагина амалга ошириб келинаётган янги турдаги мураккаб операцияларнинг шу ернинг ўзида биргаликда ўтказишиб, мутахассисларимизнинг кўзлари пишиши, қўллари уддалаши учун қулай имкониятлар яратишди.

Айни маҳалда "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди" шиори амалий тадбирларда тўла тасдиқланди, десак ҳам асло хато қилмаймиз. Йил давомида вилоятнинг чекка ҳудудларигача республикамиз ва марказимиз мутахассисларининг қадамлари етиб борди. Улар аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишди. Қабул чоғларида қимматли тавсиялар бериш билан бирга аниқ ташхислар қўйгач, даволаниш зарурати бор кишиларга тегишли йўлланмаларгача беришди. Энг муҳими, одамларнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлиши учун етарлича жон куйдирилди.

Тадбирларимизда 1500 дан зиёд врачлар қатнашишди. Тиббиётнинг долзарб масалаларига доир 80 дан зиёд маърузалар ўқилди. Савол-жавоблар, қизғин баҳслар жараёнида муаммоли ҳолатларга жўяли ечимлар изланди.

Регионализация борасида бу йилга ишларимиз янада аниқ. Иш режаси тузилиб, китобча шаклида туман тиббиёт бирлашмаларига тарқатилмоқда. Мақсад аҳолига ихтисослашган юқори малакали тиббий хизматни янада яқинлаштириш ва тобора такомиллаштиришдир. Бунинг учун, аввало "Соғлом она ва бола йили"да марказимиз моддий-техника базасини янада бойитиш, мустаҳкамлаш лозимлигини яхши биламиз. Чунончи, консультатив диагностика бўлимига энг замонавий УТТ, видеоэндоскоп, артроскоп, кольпоскоп, урофлометр, янги цистоскоп, факоэмульсификатор, рент­ген бўлимига МРТ, МСКТ аппаратлари, анестезиология-реанимация ва жарроҳлик профилидаги бўлимларга қўшимча тиббий асбоб-ускуналар, терапевтик бўлимларга қаттиқ ҳамда юмшоқ жиҳозлар келтириш режалаштирилган.

Бу йил Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатмаси ва вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси таклифига кўра Поп, Учқўрғон, Янгиқўрғон ва Тўрақўрғон туманлари тиббиёт бирлашмаларида жами 45 ўринга травматологик, Поп, Учқўрғон ва Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаларида жами 30 ўринга урология, Чуст ва Уйчи туман тиббиёт бирлашмасида 20 ўринга офтольмологик, Учқўрғон, Янгиқўрғон ва Чуст тиббиёт бирлашмаларида 15 ўринга Лор касалликлари даволаш ўринларини ташкил этиш мўлжалланган. Уларда энг замонавий жарроҳлик усулларини амалиётга тадбиқ қилиш, тор доирадаги мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш кўзда тутилган.

Анъанага мувофиқ республиканинг етакчи клиникаларидан олим ва шифокорларни ҳар бир соҳа бўйича марказимизга таклиф этамиз. Уларнинг "Маҳорат дарслари"ни уюштирамиз.

Яқинда марказимиз мутахассислари Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига чиқдилар. Бош врачимиз Ю. Абдупаттаев, даволаш ишлари бўйича ўринбосар О. Ўринбоевлар иштирокида ўтган йилги ишларни таҳлил этдик, янги йил вазифаларини янада ойдинлаштириб олдик. ТТБ бош врачи А. Камоллиддинов тўрақўрғонлик шифокорлар номидан яқиндан кўрсатаётган амалий ёрдамларимизнинг даволаш ишлари сифат ва самарадорлигини оширишимиздаги ролини алоҳида эътироф этди. Маърузалар, тавсиялар тиббиётчилар фаолиятини тобора фаоллаштиришга хизмат қилавериши шубҳасиз.

Содиқжон АБДУЛЛАЕВ,

вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази илмий ишлар бўлими мудири, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси.