Аввло, эпидемик вазият ривожланишининг кундалик мониторингги олиб бориляпти. Грипп ва ЎРИга гумон қилинган беморлар аниқланганда, малакали тиббий ёрдам кўрсатиляпти, тез ёрдам хизмати узлуксиз равишда ишлаши таъминланяпти, дори-дармонлар ва вирусга қарши препаратлар заҳираси яратиляпти, ҳудудий оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари, тез тиббий ёрдам марказлари ходимларининг ҳушёрлиги оширилди. Аҳоли ўртасида грипп ва ЎРИни эрта аниқлаш мақсадида тиббиёт ходимлари томонидан уйма-уй юрилиб, патронаж ишлари янада фаоллаштирилмоқда. Тана ҳарорати кўтарилган беморларга уйларида тиббий хизмат кўрсатиляпти.

Жойларда дезинфекция ишлари кучайтирилган. Щозирги пайтда мактаб, академик лицей, коллеж ва айниқса мактабгача таълим муассасалари алоҳида назоратга олинган. Эрталаб болалар қабул қилиш чоғида фильтрдан ўтказилиб, грипп ва ЎРИга қарши профилактика тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хасталик аломатлари аниқланган ҳолларда болалар ота-оналари ҳамроҳлигида уйларига қайтарилаётир.

Грипп ва ЎРИ хавфига қарши кураш умумхалқ ишига айланмоғи керак. Ижтимоий соҳа объектлари, маиший хизмат, умумий овқатланиш, савдо шахобчалари, бозорларда, автобус ҳамда бошқа йўловчи ташиш транспортларида иссиқлик режимига риоя қилиниши, аҳоли билан бевосита мулоқотда бўладиган ходимларнинг тиббий ниқоблар тақиши тўла йўлга қўйилиши зарур. Акс ҳолда касалликлар тарқалишига имконият туғилади.

Одамлар гавжум бўладиган ёпиқ иншоотларда меъёрдаги иссиқлик таъминланиши,улар шамоллатиб турилиши, дезинфекцияланиши лозим. Тозаликка, санитария-гигиена қоидаларига тўла риоя этилиши даркор.